Туркийзабон раҳбарлар учрашувида Каримов иштирок этмаяпти

Image caption Президент Абдулла Гул таклифини Ислом Каримов рад этган

Истанбулда туркийзабон мамлакатлар саммити очилмоқда. Унда одатий олти иштирокчидан фақат бештасининг раҳбари - Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари қатнашади.

Баъзи турк рўзномаларига кўра, Ўзбекистон томони таклифномага совуққонлик билан муносабат қилган, ўзбек президенти ўрнига бошқа расмий вакил этиб йўлланган.

Саммит иштирокчилари Туркийзабон давлатларнинг Ҳамкорлик Кенгашини тузиш йўлида силжишларга умид қилишмоқда.

Унда, шунингдек, давлат раҳбарлари кенгаши, ташқи ишлар вазирлари кенгаши, оқсоқоллар кенгаши ва котибият тузилиши режаланган.

Қозоқ ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, оқсоқоллар кенгаши таркибига ҳар бир аъзо мамлакатнинг энг ҳурматга сазовор вакиллари киради.

Кенгаш котибияти Истамбулда жойлашиши кутилади. Бунинг учун тарихий бино ажратилган.

Саммитда, шунингдек, шу йил май ойида Қозоғистон пойтахти Остонада Президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан очилган Турк академиясининг фаолияти борасида ҳам фикр алмашинади.

Туркийзабон мамлакатлар раҳбарларининг илк саммити 1992 йили Анқарада бўлиб ўтган. Оҳирги учрашув 2009 йилда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида ўтган.

Ўзаро ҳамкорлик кенгашидан мақсад савдо, маҳсулот ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, нақлиёт, мулоқот ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришдир.

Ўзбекистон туркийзабон мамлакатлар саммитининг илк ташаббускорларидан бўлсада, ҳозирда ўзини бу сиёсий доирадан йироқ тутади.

Президент Ислом Каримовнинг Туркияга муносабати 1990-йиллар ўрталарида ўзбек мухолифатчиларининг Туркияда бошпана топиши ортидан совуқлашган.

Мустақилликнинг илк йилларида кенг кўламда иш олиб борган турк корхоналаридан ҳозирда озчилиги Ўзбекистонда қолган.

Ўзбекистон пойтахти ва йирик шаҳарларида очилган "турк лицейлари"нинг туркиялик раҳбариятидан воз кечилган, лицей битирувчиларидан баъзилари эса "нурчилик" оқимига аъзолик айби билан маҳкамага тортилганлар.