'Америка овози' радиоси билан ҳамкорлиги учун журналистни маҳкамага тортишмоқчи

Тошкент шаҳар прокуратураси "Америка овози" радиосининг мухбири Малик Бобоевга нисбатан жиноий иш қўзғаган.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар қилишича, Малик Бобоевга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигидаги "Туҳмат", "Ҳақорат қилиш", "Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш", "Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш" бандлари бўйича айблов қўйилмоқда.

Тошкент прокуратураси Малик Бобоевга нисбатан "мамлакатдан чиқиб кетмаслик" чорасини қўллаган.

Малик Мансур тахаллуси билан материаллар тайёрлайдиган Малик Бобоев "Америка овози" Ўзбек таҳририяти билан 2000 йиллардан буён ҳамкорлик қилади.

"Америка овози" Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ўз мухбирларини аккредитациядан ўтказишни сўраб расман мурожаатлар қилган, бироқ бу сўровлар рад этилган.

Малик Бобоев аккредитация олмасдан фаолият юритган.

Шу йил январида Ўзбекистондаги бир неча мустақил журналистлар ўз фаолиятлари борасида савол-жавоб қилиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига чақирилган, улар орасида Малик Мансур ҳам бўлган.

Бу Ўзбекистонда эркин матбуотга нисбатан навбатдаги босим сифатида баҳоланмоқда.

Бунгача ҳуқуқ-тартибот органлари "Интерньюс" халқаро ташкилоти маҳаллий ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғаб, Тошкентдаги маҳкама уларни айбдор деб топган.

Андижон ҳодисалари ортидан Би-би-си Тошкентдаги идорасини ёпган.

"Озодлик/Озод Оврўпо" радиосининг Ўзбекистондаги ходимлари мамлакат қонунчилигига зид фаолият юритишган деган важ билан радионинг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпишга мажбур этилган эди.

Ўзбек расмийларига "Озодлик" радиоси мухбирларининг аккредитациясиз материал тайёрлашгани ёқмаган.

Шунингдек, Ўзбек ҳукумати назорати остида бўлмаган бошқа хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига турли босимлар кузатилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзовани мамлакатга хавфли материалларни олиб киришда айблашиб, маҳкамага тортишган.

Бошқа касбдаги ижодкорларга нисбатан ҳам таъсир ўтказиш йўллари қўлланган, хусусан, режиссёр ва фотосуратчи Умида Аҳмедова ижоди намуналари Ўзбекистондаги воқеликни нотўғри тасвирлаган деган айблов билан у маҳкамага тортилди.

Яқинда Россиянинг "Параламентская газета" рўзномаси мухбири Владимир Березовскийга нисбатан ҳам ҳақорат ва туҳмат айбловлари билан жиноий иш очилган.