Жиззах: пахта териш навбати энди азадорларга етди...

Талабалар

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг билдиришича, вилоятда тўй ва азага кетаётганларни мажбуран пахта даласига чиқариш ҳоллари учрамоқда.

Бу йил жаҳон бозорида пахта нархининг ўсиши ортидан Ўзекистон етиштирилган ҳосилни ёмғирли кунларгача териб олишга қаттиқ киришилгани айтилади.

Мактаб ўқувчиларидан тортиб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларигача пахта далаларига жалб қилинган.

Жиззах вилоятининг пахтага ихтисослашган туманларида пахта кампанияси авжига чиққани хабар қилинади.

Пахтакор туманидан олдин фермерлик билан шуғулланган айни дамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонованинг Би-би-сига айтишича, ҳокимиятдан берилган оғзаки қарор бўйича туманда эркин ҳаракатланишга чек қўйилган.

"Тўйга ёки таъзияга кетаётган одамларни йиғиштириб олиб, машинага тиқиб Арнасой ёки Гагаринга пахтага олиб кетаяпти. Шунақа ишларнинг ўзим кўп гувоҳи бўлдим," дейди Саида Қурбонова.

Унинг илова қилишича, ҳаттоки, тўй муносабати билан айланишга чиққан келин-куёвларни ҳам далага ҳайдаш ҳолатлари учрамоқда.

"Кеча куёв жўралар билан гаплашдим. Бизни Жиззах шаҳрига киритишмади. Соат кечки бешдан кейин келасизлар, йўллар ёпиқ, пахтага боринглар, дебди. Бу нарсалар бўлаяпти," дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Саида Қурбонова туманга элтувчи йўллар пахта муносабати билан кундуз кунлари ёпилгани учун машиналар айланма йўллар орқали боришга мажбур бўлаётгани ва натижада йўл киранинг икки баробар ошиб кетганини айтади.

Бироқ шу туманда яшовчи бир ҳайдовчининг айтишича, тўй ва бошқа сабаблар билан кўчага чиққан одамларни мажбуран пахтага ҳайдаш ҳолатлари ҳали бўлмаган.

"Ўзим бундан беш кун олдин ЗАГСга чиқдим. Бемалол бориб машиналар билан айлантириб келдик. Ҳеч ким пахтага мажбурлаб чиқаргани йўқ, йўллар ҳам ёпилгани йўқ. Ўзимиз бир неча маротаба туман марказига бориб келаяпмиз. Бироқ бозорлар ёпилгани рост, аммо касалхона ва бошқа жойлар ишлаб турибди," дейди ҳайдовчи.

Айни кунларда далаларда биринчи терим тугаган.

Бу йил жиззахлик пахтакорларга ёрдам бериш учун бир неча йиллардан бери пахтага чиқмай қўйган Тошкентдаги айрим ўқув юртлари жумладан тошкент тўқимачилик институти талабари олиб келингани айтилмоқда.

Кузатувчилар пахта кампаниясига кенг кўламда теримчилар чақирилгани билан далаларда пахта ҳосилининг кам эканлигини айтишмоқда.