Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари Ўзбекистонга қайтарилмасин!'

Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қозоғистон Бош прокурорининг 30 га яқин ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция этиш қарорига норозилик билдириб, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Варшавадаги идораси қаршисида намойиш бошлаган. Қўмитанинг норозилик чиқиши 7 октябрга қадар давом этиши айтилади.

Жорий пайтда Варшавада Қозоғистон раислик қилаётган халқаро ташкилотнинг йиғини бўлиб ўтмоқда. Йиғин кун тартибида инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам бор.

Намойишчилар ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга қайтариб юбормасликни талаб этишмоқда.

Бир неча йилдан буён Қозоғистон ҳудудида яшаб келган ушбу ўзбекистонликларнинг аксариятига аввал БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан "бошпана изловчи" мақоми берилган.

Аммо яқинда бу каби ваколат Қозоғистон Миграция хизматига ўтказилиши ортидан ўтган июн ойида Олма ота шаҳрида 45 нафар қочқин ҳибсга олинган.

Сентябр ойи ўрталарида худди шундай талаб билан Украина, Швейцария, Дания, Швеция ва Олмония каби кўплаб давлатларда ҳам намойишлар бўлиб ўтганди.

Ўзбекистонга экстрадиция этилиши маълум қилинган қочқинларнинг оилалари ҳам аввалроқ Қозоғистон Бош прокуратурасининг Олма отадаги идораси қаршисида қатор норозилик чиқишлари уюштиришганди.

Ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонликлардан баъзилари экстрадиция ҳаракатларига норозилик сифатида очлик эълон қилганликлари ҳам хабар берилганди.

Биз Варшавадаги пикет иштирокчиларининг бири билан боғланиб, намойиш тафсилотларини сўрадик.