'Журналист Бобоевнинг маҳкама иши бошдан-оёқ сиёсий важларга асосланган'

Абдумалик Бобоев
Image caption Бобоев иши муносабати билан баёнот эълон қилган ОХҲТ Ўзбекистонда журналистларга қарши давом этаётган таъқиблар ва тайзиқларни қоралаган

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг айтишича, "Америка овози" радиоси мухбири Абдумалик Бобоевнинг маҳкама иши бошдан-оёқ сиёсий важларга асосланган.

Халқаро ташкилот бу ҳақда журналистнинг кеча 7 октябр куни Тошкентда бошланган маҳкама жараёни ортиданоқ эълон қилган баёнотида билдирган.

"Чегара билмас мухбирлар"га кўра, Абдумалик Бобоевнинг маҳкама иши деярли шармандаликдан бошқа нарса бўлмайди.

Баёнотда айтилишича, журналист Бобоев ўтган беш йил давомида оммавий-ахборот воситалари устидан ўзининг назоратини ўрнатган ва доимий равишда инсон ҳуқуқларини топтаб келаётган Ўзбекистондаги диктаторлик тузумининг қурбонига айланган.

Халқаро ташкилотга кўра, халқаро ҳамжамият ўз манфаатларини ўйлаб, бу каби тузумни дастаклашга қарор қилган.

"Чегара билмас мухбирлар"нинг баён қилишича, агар Абдумалик Бобоев Ўзбекистонда қамоққа олинган 12-журналистга айланса, бу - халқаро ҳамжамият бугун тутаётган сиёсатнинг яна бир жиддий муваффақиятсизлигини англатади.

Халқаро ташкилотга кўра, агар Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ каби ҳамкорлари билан ҳақиқий мулоқотларга боришни исташса, буларнинг барчасини ўзгартириш учун ўзбек масъулларининг ихтиёрларида ҳали ҳам имконият бор.

Малик Мансур тахаллуси билан "Америка овози" радиосининг Ўзбек хизмати билан ҳамкорлик қилган Абдумалик Бобоевга Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, туҳмат, ҳақорат ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бандлари бўйича айб қўйишаяпти.

7 октябр куни Мирзо Улуғбек туманидаги маҳкамани кузатиш учун борган Тошкентдаги АҚШ, Буюк Британия элчиликлари вакилларининг ичкарига киришларига рухсат этилмаган, бу маҳкамани кузатиш учун Ўзбекистон Олий Судидан рухсат олиш зарурлиги важи билан изоҳланган.

Абдумалик Бобоев ўзига қарши илгари сурилганган айбловларни тан олмаган.

Журналистнинг ишини яқиндан кузатиб бораётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам унга қўйилаётган айбларнинг сохта эканини айтишади.

Куни-кеча Америка Қўшма Штатларининг расмий вакили ҳам баёнот билан чиқиб, Абдумалик Бобоевга қарши таъқибларни қоралаган.

Американинг ОХҲТи қошидаги элчиси Иэн Келли мамлакати Ўзбекистондаги оммавий-ахборот воситаларининг эркинлиги билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотирда экани, журналист Абдумалик Бобоевга қарши илгари сурилган ва аксарияти журналистик фаолияти билан боғлиқ айбловлар, айниқса, ташвишга лойиқ эканини айтган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти яқинда кескин баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматини журналист Абдумалик Бобоевнинг тақдирига ҳам эътибор қаратишга ундаганди.

Халқаро ташкилот Ўзбекистонда журналистларга қарши давом этаётган таъқиблар ва тайзиқларни қоралаб, ОХҲТининг матбуот эркинлиги бўйича мажбуриятлари ва тамойилларига биноан, улар ўз профессионал фаолиятларини тўсиқларсиз амалга оширишда эркин бўлишлари кераклигини эслатган.