Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Малик Бобоев иши бошқа журналистларга қўзғатилган жиноий ишдан ажратилган'

Тошкентда "Америка овози" мухбири Абдумалик Бобоев устидан маҳкама бошланган.

Журналист устидан қўзғатилган жиноий ишда унинг шу йил Тошкент прокуратурасига чақиртирилган журналистлар жиноий ишидан ажратилгани маълум қилинган.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман маҳкамасида бошланган жараёнда 11 октябргача танаффус эълон қилинган.

Бунга журналистнинг янги адвокати Сергей Майоровнинг жиноий иш билан танишиб чиқиши учун ҳужжатларнинг таржима қилиниши зарурлиги сабаб бўлган.

Маҳкаманинг дастлабки кунида журналист ҳимоячиси Абдумалик Бобоевнинг жиноят содир этгани ҳақидаги хулосаларни берган экспертларни чақириш каби илтимосномаларни расман судга тақдим этган.

Маҳкама ҳаками бу илтимосномаларни қондиришга ҳали эрта эканини айтиб, уларни рад этган.

Малик Мансур тахаллуси билан "Америка овози" радиосининг Ўзбек хизмати билан ҳамкорлик қилган Абдумалик Бобоевга Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳди қоладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, туҳмат, ҳақорат ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бандлари бўйича айб қўйишаяпти.

7 октябр куни Мирзо Улуғбек туманидаги маҳкамани кузатиш учун борган Тошкентдаги АҚШ, Буюк Британия элчиликлари вакилларининг ичкарига киришларига рухсат этилмаган, бу маҳкамани кузатиш учун Ўзбекистон Олий Судидан рухсат олиш зарурлиги важи билан изоҳланган.

Маҳкаманинг биринчи кунини Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамияти вакиллари кузатганлар.

Инсон ҳақлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръатбек Икромовнинг Би-би-сига айтишича, Абдумалик Бобоев жиноий ишида ушбу ишнинг бошқа жиноий ишдан ажратиб олингани ёзилган.

Бу эса шу йилнинг январ ойида Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилган журналистларга қарши қўзғатилган жиноий ишдир.

Суръатбек Икромов айтишича, бу ўша журналистларга нисбатан ҳам "жиноий иш тайёрлигини" англатади, бу жиноий ишларни "йўлга солиб юбориш учун" прокурорнинг рухсат бериши кифоя қилади.

Шу йил январида Тошкентда яшайдиган Алексей Волосевич, Ҳуснуддин Қутбиддинов, Сид Янишев, Василий Марков ва Марина Козловалар Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилган, қайси хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишлари, чет элда ташкил этилган анжуманларга нима мақсадда бориб қайтганлари ҳақида тушунтириш хатлари ёзиш сўралган эди.

"Америка овози" мухбири Абдумалик Бобоев прокуратурадан ўзига расман чақирув қоғози юборишни талаб қилган, чақирув қоғози юборилмагани сабаб бу "танишиш тадбирига" бормаган эди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръатбек Икромовнинг айтишича, Тошкент прокуратурасига чақиртирилган журналистларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишда уларнинг ўз мақолалари билан Ўзбекистондаги аҳволни бузиб кўрсатиш ҳақида сўз боради.

Абдумалик Бобоев ўзига қарши илгари сурилганган айбловларни тан олмаган.

Журналистнинг ишини яқиндан кузатиб бораётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам унга қўйилаётган айбларнинг сохта эканини айтишади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти яқинда кескин баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматини журналист Абдумалик Бобоевнинг тақдирига ҳам эътибор қаратишга ундаганди.

Халқаро ташкилот Ўзбекистонда журналистларга қарши давом этаётган таъқиблар ва тайзиқларни қоралаб, ОХҲТининг матбуот эркинлиги бўйича мажбуриятлари ва тамойилларига биноан, улар ўз профессионал фаолиятларини тўсиқларсиз амалга оширишда эркин бўлишлари кераклигини эслатган.