Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Журналист Бобоев устидан навбатдаги маҳкама жараёни бўлиб ўтган

Image caption Журналист ўзига қўйилаётган айбларни тан олмаган

Душанба куни Тошкентда "Америка овози" радиоси мухбири Абдумалик Бобоев устидан навбатдаги маҳкама жараёни бўлиб ўтган.

Маҳкама ишини яқиндан кузатган ўзбекистонлик ҳимоячиларга кўра, кечаги жараёнда гувоҳларнинг чиқишлари тингланган.

Бу гал дастлабки маҳкама жараёнидан фарқли тарзда Америка элчихонаси вакилларининг суд залига киришларига ҳам рухсат этилган.

Малик Мансур тахаллуси билан "Америка овози" радиосининг Ўзбек хизмати билан ҳамкорлик қилган Абдумалик Бобоевга Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, туҳмат, ҳақорат ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бандлари бўйича айблар қўйилмоқда.

Абдумалик Бобоев тергов жараёнида ўзига қарши илгари сурилган айбловларни тан олмаган.

Журналистнинг ишини яқиндан кузатиб бораётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам унга қўйилаётган айбларнинг сохта эканини айтишади.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Абдумалик Бобоевнинг илк маҳкама жараёни ортидан чиқарган баёнотида унинг иши бошдан-оёқ сиёсий важларга асосланганини баён қилганди.

Баёнотда айтилишича, журналист Бобоев ўтган беш йил давомида оммавий-ахборот воситалари устидан ўзининг назоратини ўрнатган ва доимий равишда инсон ҳуқуқларини топтаб келаётган Ўзбекистондаги диктаторлик тузумининг қурбонига айланган.

"Чегара билмас мухбирлар"га кўра, Абдумалик Бобоевнинг маҳкама иши деярли шармандаликдан бошқа нарса бўлмайди.

Журналистнинг маҳкама жараёни 7 октябр куни бошланганди. Навбатдаги жараённинг 13 октябрда бўлиб ўтиши айтилади.

Биз Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳкамаларни кузатиш лойиҳаси раҳбари Суръат Икромов билан боғланиб, сўнгги хабар тафсилотлари билан қизиқдик.