Орол денгизи тақдири Брюсселда кўрилди, аммо амалда нималар ўзгарди?

Image caption Орол денгизи бугунга келиб асл ҳажмининг 75 фоизини йўқотган

Оврўпо Парламенти Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти билан ҳамкорликда Брюсселда Орол тақдири масаласини муҳокама этган.

Йиғинда Бирлашган Миллатларнинг бир қатор юқори мартабали мулозимлари, Оврўпо Ҳайъатининг махсус комиссари ва Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морель ҳам иштирок этишган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида жойлашган Орол денгизининг бугунги ҳолати дунёдаги энг ёмон экологик ҳалокатлардан бири сифатида баҳо топган.

Орол денгизи бугунга келиб асл ҳажмининг 75 фоизини йўқотган.

Бунга пахта етиштиришни кўпайтириш учун Орол денгизига қуйилувчи Амударё ва Сирдарё сувларининг сунъий каналлар орқали буриб юборилиши ва денгизнинг узоқ йиллар давомида пестицидлардан заҳарланиши сабаб бўлгани айтилади.

Йиғинда иштирок этган Ўзбекистон ҳайъатининг айтишича, Орол денгизини сақлаб қолиш учун ўтган 10 йил давомида 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлашган.

Ўзбекистон матбуотида чоп этилган хабарларга кўра, Орол денгизи мумаммоси Марказий Осиёдаги сув ва энергия захираларидан оқилона фойдаланишга бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон томонига кўра, худди шу сабабдан ҳам, Бирлашган Миллатлар ҳомийлиги остида Қамбар-Ота ва Роғун дохил чегараоша дарёларда қурилган ва қурилаётган барча лойиҳалар юзасидан халқаро текширув ўтказилмоғи шарт экани айтилган.

Халқаро йиғин ташаббускори бўлган ва ОХҲТига раислик қилаётган Қозоғистоннинг айтишича, ўз ваколатининг якунига қадар Орол масаласини кун тартибидан ташлаб қўймоқчи эмас.

Қозоғистон томонига кўра, шу йилнинг декабр ойида Орол денгизи муаммоларига бағишлаб, донор давлатларнинг халқаро анжуманини ўтказишни ҳам режалашмоқда.

Қозоғистон Орол денгизининг ўз ҳудудидаги кичикроқ қисмини Жаҳон Банкининг кўмаги билан келаси ярим аср ичида асл ҳолига қайтариш ҳаракатида.

Биз Ўзбекистон томонининг ташаббуслари қанчалик иш бераётганини билиш учун қозоғистонлик эколог Алексей Гончаровга мурожаат қилдик:

Алексей Гончаров: Тўғрисини айтсам, Ўзбекистоннинг ташаббуслари борасида жуда оз маълумотга эгаман. Чунки матбуотда бу бу борада деярли ҳеч нарса чоп этилмайди. Қозоғистоннинг Сирдарё бўйлаб гидро иншоотларни таъмирлаш, айниқса, қиш вақтида кичик Оролга сув ўтказиш ҳажмини кўпайтириши бу кўзга кўринарли ишлардир. Боз устига ушбу ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистондан фарқли равишда кам маблағ сарфланганлиги ҳам аҳамиятлидир. Агар хотирам панд бермаса, Қозоистон 700 миллион доллар атрофида маблағ сарфлаган. Ўзбекистоннинг бир миллиард доллардан ортиқ маблағи қаерга кетганини тасаввуримга ҳам сиғдиролмайман. Чунки катта Оролнинг қуриш жараёни қандай бўлган бўлса, шундайлигича давом этмоқда. Аммо Ўзбекистоннинг бу борада ҳеч нарса қила олмаслиги табиий ҳамдир. Сувнинг кам келишига сабаб Туркманистоннинг Қорақум каналидир. Катта Орол қуришининг сабаби Қорақум каналига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон 1 миллиард доллардан ортиқ маблағни қаерга сарфлаганини тасаввур қила олмайман.

Би-би-си: Ўз навбатида сиз Қозоғистоннинг камроқ пул сарфлаганини айтмоқдасиз. Шу билан ҳам Қозоғистон кичик Оролни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз?

Алексей Гончаров: Биринчидан, кичик Оролнинг ҳажми катта Оролга қараганда анча кичик. Агар катта Оролда яқинда 60 куб чақирим сув бўлган бўлса, кичик Оролда эса Қирғизистондаги Тўқтагул сув омбори билан деярли бир хил - 25 куб чақирим сув бор. Шунинг учун ҳам Қозоғистонга бир мунча осонлик туғдирди ушбу кўлам. Иккинчидан, Сирдарёнинг Оролга бораётган бир йиллик оқими тахминан 13 куб чақиримни ташкил қилади. Амударё эса, Днепрга ўхшаш йирик дарёлар каби 50 куб чақирим сувга эга.

Би-би-си: Бироқ Амударё шунчалик катта бўлса-да, унинг суви нима учун Оролга етиб бормаяпти?

Алексей Гончаров: Сабаби битта, у ҳам бўлса, Туркманистоннинг Қорақум канали. Менимча, ҳозир Туркманбоши деб аталса керак. Ушбу канал қурилганда Орол қуришни бошлади. Ана шу канал Оролни қуритди. Чунки у сувнинг асосий қисмини олади. Агар хотирам панд бермаса, 40 куб чақиримдан кўпроқ сувни тортиб олади. Амударёнинг 4 дан 3 қисмини олади. Қадимий Хоразм воҳасидаги деҳқонлар учун эса 4 дан бир қисми қолаяпти.

Алексей Гончаров: Оролни сақлаб қолишга умид борми?

Би-би-си: Оролни сақлаб қолишнинг фақат бир йўли бор. Марказий Осининг суви ўртача 150 миллион одамга етади. Ҳозирда бу минтақада аҳоли анча кам яшайди, аммо сув етишмаяпти. Чунки сувни тежаш технологиялари ишлатилмаяпти. Суғориш тизимлари қадимийлигича қолмоқда, жуда ҳам кўп сув ерга сингиб кетмоқда. Яъни биз сувни шунчаки йўқотаяпмиз. Аллақачон жанубий Қозоғистонда қўлланила бошлаган томчилаб суғориш каби ҳамма ерга сувни тежайдиган технологиялар киритилиши керак. Ўшанда сув ҳаммага, одамларга ҳам, ўсимликлар ва Оролга ҳам етади. Аммо бунинг учун деҳқоннинг психологиясини ўзгартириш ва ушбу янги технологияларга маблағ ажратиш зарур.