Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ҳар йили жаҳонда Италия ҳудудига тенг деҳқончилик ерлари йўқотилаяпти'

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича эксперти жаҳон бўйлаб кичик фермерлар ўзларининг ерларидан ажралаётгани оқибатларидан огоҳлантирган.

Эксперт Оливер де Шаттер фермерларнинг ерларини йўқотаётганига уч омил сабабчи бўлаётганини айтган.

Булар йирик корпорациялар, атроф-муҳит деградацияси ҳамда урбанизация муаммоларидир.

Оливер де Шаттер бу муаммоларни кичик миқёсдаги ер эгалари учун "портловчи коктейл омиллар" деб атаган.

Жаноб Шаттер ишонишича, саноат миқёсининг кенгайиб бораётгани, шаҳарларнинг янада йириклашаётгани оқибатида қишлоқ аҳлига тобора кам ер қолаяпти, фермерлар шунда ҳам кўп ҳам унумдор бўлмаган заминларда деҳқончилик билан шуғулланишга мажбур бўлмоқдалар.

БМТ эксперти Оливер де Шаттер огоҳлантиришича, ҳар йили жаҳонда Италия ҳудудига тенг деҳқончилик ерлари йўқотилаяпти, бу эса ярим миллион кичик фермерлар, балиқчилар ва мулкдорлар оч қолишини англатади.

Бундай хавотир айниқса ривожланаётган мамлакатлардаги ердан фойдаланиш борасидаги катта баҳсу-мунозараларнинг таркибий бир қисмидир.

Сўнгги йилларда Африка ҳамда Осиё қитъаларидаги қатор мамлакатларда кўплаб ерлар йирик миқёсдаги фермерлар ёки саноат тасарруфига ўтказилгани кузатилди.

Бундай лойиҳаларни дастакловчиларнинг даъволарича, бу билан иқтисодий кенгайишга эришилади, кичик фермерлар билан эса бунга эришишнинг имкони йўқ.

Аммо бошқаларнинг ишонишича, аслида кучсиз бошқарув ҳамда коррупция туфайли яхши, унумдор ерлар олди-бордилар манбасига айланаяпти, бунинг оқибатида қишлоқ одамлари рўзғор тебратадиган заминларидан мосув бўлаяпти.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам ердан самарали фойдаланиш важи билан фермерлар ерларини йириклаштириш сиёсатини бошлаган, оқибатда кўплаб деҳқонлар ишсиз қолган.

Ана шундай ўзининг кичик фермер хўжалигидан айрилган инсонлардан бири - жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Маъмур Азимов.

Биз у билан ерларни кичик фермерлардан йирик фермер хўжаликлари тасарруфига ўтказилиши оқибатлари ҳақида суҳбатлашдик.

Даставвал ундан, бу тадбирни расман қандай изоҳлашди, деб сўрадик.