Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистон: 'Бизда қочқинлар билан боғлиқ ҳеч бир муаммо йўқ'

Ўзбекистонлик ўттизга яқин қочқинни ортга экстрадиция этмаслик талаби билан Венада уюштирилган уч кунлик намойиш ўз ниҳоясига етаркан, Қозоғистон томони қочқинлар масаласида ўзларида ҳеч бир муаммо йўқлигини айтган.

Муҳожиротдаги ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги йиғини муносабати билан 20 октябр куни ўз норозилик намойишларини бошлаганди.

Ўндан ортиқ намойишчилар ўз акциялари билан Қозоғистондаги ўзбекистонлик қочқинларнинг тақдирига халқаро анжуман иштирокчиларининг эътиборларини тортиш ва Қозоғистонга халқаро ҳамжамият олдида олган масъулиятларини эслатиб қўйиш ниятида эканликларини айтишганди.

Кеча расмий қонун-қоидалар доирасида намойиш иштирокчиларининг Венадаги йиғинда сўзга чиқишларига ҳам имконият берилган. ОХҲТининг Венадаги йиғини миграция, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва экологик масалаларга қаратилган.

Ташкилотчилар ўзбекистонлик қочқинларнинг тақдирига эътиборсиз бўлмаган барча эзгу ниятли инсонларни уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция этилишларига йўл қўймаслик учун қўлларидан келган барча чорани кўришга чақиришган.

Ўттизга яқин ўзбекистонлик қочқиннинг ҳозир Олма ота шаҳридаги ҳибсхонада ушлаб турилганликлари айтилади. Уларнинг ҳаммаси шу йилнинг 10 июн куни тонгда ўтказилган рейдда ушланган.

Ҳибсдагилар Ўзбекистонда оғир жиноятларни содир этиш ва ноқонуний экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланиб, давлатлараро қидирувга берилган.

Қозоғистон томони Ўзбекистон Бош прокуратурасининг талабларини текшириб чиқиб, ўринли деб топганликлари, Ўзбекистон томони лозим далиллар билан таъминлагани ва Минск шартномаси асосида уларни ортга экстрадиция этиш учун ҳибсга олинганликларини айтиб келади.

Бир неча йилдан буён Қозоғистон ҳудудида яшаб келган ушбу ўзбекистонликларнинг аксариятига аввал БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан "бошпана изловчи" мақоми берилган.

Аммо яқинда бу каби ваколат Қозоғистон Миграция хизматига ўтказилиши ортидан ўтган июн ойида Олма ота шаҳрида 45 нафар қочқин ҳибсга олинган.

Сентябр ойи ўрталарида худди шундай талаб билан Украина, Швейцария, Дания, Швеция ва Олмония каби кўплаб давлатларда ҳам намойишлар бўлиб ўтганди.

Ўзбекистонга экстрадиция этилиши маълум қилинган қочқинларнинг оилалари ҳам аввалроқ Қозоғистон Бош прокуратурасининг Олма отадаги идораси қаршисида қатор норозилик чиқишлари уюштиришганди.

Ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонликлардан баъзилари экстрадиция ҳаракатларига норозилик сифатида очлик эълон қилганликлари ҳам хабар берилганди.

Биз бугун ниҳоя топган намойиш иштирокчиси Аҳмад Исони суҳбатга чорлаб, норозилик чиқишлари билан нимага муваффақ бўлганликларини сўрадик.