Ёдгор Обид: 'Шоирнинг ватанга муҳтожлиги бор. Бу-катта ва доимий муаммо'

(Ўзбекистонлик таниқли шоир Ёдгор Обид 1940 йилда Тошкент туманининг Кўктерак мавзейида туғилган. Максим Горький номли Москва адабиёт институтида таҳсил олган. "Оққуш эртаги" номли биринчи тўплами 1973 йилда чоп этилган. 10 га яқин шеърий ва қатор таржима асарлар муаллифи. Ҳозир Австрияда муҳожиратда яшайди.)

Би-би-си: Муҳожиратда ижодкор бўлишнинг ўзига хосликлари нимада? Гашти, машаққати назарда тутилганда...

Ёдгор Обид: Сохта камтарлик қилаяпти, деб ўйламасинлар. Мен Ватанда ҳам, муҳожиратда ҳам ҳеч қачон ўзимни ижодкорлар қаторида кўрган эмасман ва бундай даъводан хижолат қиламан. Асл касбим бўйича адабиётчи бўлсам ҳам, бу соҳада амалий иш билан шуғуллана олмадим. Яъни, Москвадаги адабиёт институтини тугатиб, диплом ёқлаганимдан бери адабиётчилик – адабиётшунослик бўйича бирор нарса ёзмаганман. Асосан баъзан шеър ва баъзан мақолалар ёзиб тураман. Шеър ёзиш одати- аслида онамдан мерос. Ўрганиб қолганман. Бўғзимга тиқилиб, ёзмасликнинг имкони бўлмай қолган, юрагимни тирмалайверган нарсаларнигина назм- тартибий сўзлар воситасида қоғозга тушираман. Баъзан ўзим айтилиши муҳим деб ҳисоблаган гапларни эса, тарқоқ-қора сўзлар ёрдамида мақола сифатида қоғозга тушираман. Кўнгилдаги гапларнинг тўғри баёни. Бир вақтлар ёзувчилар уюшмасида шеърият бўйича консультант- маслаҳатчи бўлиб ишлардим. Мажлислар кўп бўларди. Шундай мажлислардан бирида ҳозир яхшигина шуҳрат топган, кўплаб ҳалқаро мукофотлар олган, ўша пайтларда эса - ёш ёзувчи Дина Рубина ёнимга келиб ўтирди. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, Совет даврида кўплаб "штатли нотиқлар" бўларди. Улар ҳар мажлисда минбарни эгаллаб олиб, соатлаб гапира олишарди. Ҳар гапларида "ижодкор", "творческие работники," "творители," деган сўзларини жуда кўп такрорлашарди. Бу мажлисда ҳам шу одат такрорланаётганди. Дина секин енгимдан тортиб:

-Ёдгор, сен қандай ўйлайсан, ёзувчи ва шоирларни "ижодкор" ёки "творитель" деб аташ мумкинми? - деди.

Мен ҳеч қачон бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Ҳайрон бўлдим. У яна қулоғимга шивирлаб:

-Иккала сўз ҳам Яратувчи деган маънода. Яратиш эса- Худонинг иши,...деди.

-Биласан-ку, булар – фаол коммунистлар- дедиму, бир баҳона билан мажлисдан чиқиб кетдим.

Шундан бери бу гап хаёлимдан кўтарилмайди. У вақтлар сиёсий ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида гап ҳеч кимнинг хаёлида ҳам йўқ эди... Халқимизнинг ҳақиқий аҳволи ва мамлакат мустақиллиги ҳақидаги гаплар аслида ўша пайларда олимлар орасида ҳам, ёзувчи- шоирлар орасида ҳам айланиб юрарди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратларни кўрганларнинг баъзиларини ҳали учратиш мумкин эди. Мен иш юзасидан сафарга чиққанимда, айниқса, Фарғона водийсида кўпроқ кекса ижодкорлар билан суҳбатлашишни яҳши кўрардим. Кўплари яқин тарихимизнинг тирик гувоҳлари эдилар. Энди улар йўқ. Фақат баъзиларининг хотиралари ёдимда сақланиб қолган. Ана шу хотиралар ҳам, ўзимнинг оилавий ҳотираларим ҳам сабаб баъзи ёзган шеърларимда Совет даври сиёсатига тўғри келмайдиган мисралар учраб қолади. Сиёсий ўзгаришлар даврида эса кўнгилдаги гапларни очиқ айтиш имкони пайдо бўлди. Буларнинг ҳаммаси мени ватандан ва оиламдан жудо қилишгача олиб келди. Муҳожират- ўз номи билан - муҳожират. Ишда ҳам, ҳаётда ҳам муҳожиратнинг гашти қандай бўлишини билмайман. Машаққатлари эса- ҳаммага маълум. Ҳалқимизнинг яхши бир гапи бор: "Ватан- остонадан бошланади". Мен қадрдон остонамдан, оиламдан айрилганимга анча бўлди. Қолаверса, "Дарахт – бир жойда кўкаради," деган гап ҳам беҳуда айтилмаган.

Би-би-си: Муҳожиратдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?

Ёдгор Обид: Болалигим қишлоқда ўтган. Кексаларнинг, "Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади," деган гаплари руҳимга сингиб қолган. "Сермаҳсул" атамасини қабул қилолмайман. Ҳеч қачон бунга интилган ҳам эмасман. Мен кетсам, орқамда бирор нарса қолади деган умидим ҳам йўқ. Бир оддий инсон қатори яшадим. Яратган Қудрат умр берганига шукр қиламан. Нималардир қилгандайман. Бу ерда менга эътиборлари яхши. Ҳеч ким дилимни оғритадиган ҳаракат ёки гап-сўз қилаётгани йўқ. Саккизта шеъримга Томас Турнҳер деган композитор мусиқа басталабди. Концертлар уюштиришяпти, радио- телевидениеларда ижро этишади. Немис ва ўзбек тилларида шеърий китобларим, дисклар чиқди. Кўплаб шеърий альманахларда мен ҳақимда мақолалар ва шеърларим таржималари берилди. Мен ўзим яшаб турган мамлакатдаги янги дўстларимдан миннатдорман. Лекин ўз уйимни, оиламни, невараларимни, кўнгилга яқин кўплаб дўстларим суҳбатларини қўмсайман. Ҳатто ўша пайтларда баҳслашиб, баъзан эса тортишиб юрган тенгдошларимни ҳам кўриб, суҳбатларини олгим келади. Аслида ватан соғинчи деган нарса шу бўлса керак. Шу пайтгача нимаики ёзган бўлсам, ҳаммаси она юртимиз, ҳалқимиз ва унинг тақдири ҳақида. Бу ерда ёзиш имкони бор. Тўсиқлар, бечора юртимиздагидек турли кўринишдаги тазйиқлар йўқ. Юқорида айтиб ўтганимдек, эътибор ҳам яхши. Шу пайтгача ёзган нарсам ерда қолгани йўқ. Лекин асосий нарса - ватан нафаси, кўнглимга яқин одамларнинг товушлари етишмайди. Қадрдон муҳит балки йирикроқ жанрларга қўл уришга ундаган бўлармиди... Бу айтганларим – ўзимни оқлаш учун баҳоналар эмас, оғриқли юрак армонлари, холос.

Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди ва сизни яна қандай имкониятлардан маҳрум этди?

Ёдгор Обид: Бу саволга юқорида айтганларим ҳам қисман жавоб бўла олади. Яна шуни айтишим мумкинки, муҳожират асосан яна бироз бўлса ҳам умримни узайтириш имконини берди. Бугунги Ўзбекистон ҳукумати тепасига келиб олганлар кўп яқин дўстларим каби, мени ҳам жисмонан "ликвидация", яъни, йўқ қилиш ҳаракатига тушиб қолган эдилар. Бокуда эканимда Бокуга, Москвада эканимда Москвага изма-из қувиб боришди. Орада кўп воқеалар бўлиб ўтди. Уч марта куч ишлатиб, Тошкентга олиб кетишга ҳам уриниб кўришди. Йўлимни тўсиб, уриб, ўлди деб ўйлашган бўлса керак, қорга кўмиб кетишди, ўзимга келиб, квартирамгача судралиб борганман. Кватирада бир тожик шоири билан бирга яшардим. Бечора, касал ҳолига қарамай, мени анча парвариш қилди. Керакли жойларга хабар берди. "Хьюман Райтс Уотч" халқаро ташкилотининг москвалик ходими Саша Петров докторларга олиб борди. Москва П,Е,Н, клуби ижрочи директори Александр Ткаченко, Андрей Вознесенский, Белла Аҳмадуллина ва бошқалар ҳаётимдан ташвиш билдириб, ўша пайтдаги Россия президентига хат ёзишди. Хат нусхаси ҳозир ҳам ёнимда. Орадан кўп ўтмай, Америкадан, кейинроқ, Испания ёзувчилари ташкилотидан таклиф хатлари олдим. Ҳамма ҳужжатларимни менга ҳужум қилган шахслар олиб кетишган ва ҳеч қандай ҳужжатсиз қолганим учун, таклиф қилган мамлакатларга боролмадим. Австрия элчихонаси ходими квартирамга келиб, бир соатча суҳбатлашганидан кейин, "мен кечасию кундузи ухламасам ҳам, сизни Австрияга олиб кетаман," деди. Ҳалқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳужжатини олиб берди ва шу ҳужжат ёрдамида ўзи самолетга кузатиб қўйди. Эсимда, аэропортда ҳам мени ўтказмасликка уринишлар бўлди. Кўплаб милиция офицерлари йўлимни тўсиб, сўроққа тутишни бошлашди. Лекин Австрия элчихонаси ходими, " Бу одам Австриянинг махсус меҳмони" деб, қаттиқ туриб олди. Анча вақт тортишувлардан кейин ўтказиб юборишга мажбур бўлишди. Шундан буён Австриядаман ва Худо берган умрни яшаб юрибман. Қўлимдан келганича ёзаяпман. Албатта, уйдагичалик эмас ва она юртимиз илиқлигичалик эмас.

Би-би-си: Агар муҳожиратдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?

Ёдгор Обид: Шоир - хонанда эмас. Хонанда қаерга борса ҳам ўз овози, ўз айтиш услуби, ўзининг сози билан боради. Шоир мусофирчиликка кетганда эса, юрагининг, руҳиятининг ярми она юрти муҳити чангалида узилиб қолади. Кимга қандайлигини билмайман, ҳарқалай менга шундай. Қушлар ҳам ўзлари туғилиб ўсган боғда сайрашади. Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистон аҳлининг қушларчалик ҳуқуқлари йўқ. Яшаш, очиқ фикр айтиш, ҳалол меҳнат самараларидан бемалол фойдаланиш имконларига эга эмаслар. Менинг кўплаб кўнглимга яқин дўсларим ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида, жазо лагерларида ноҳақ азоб чекиб ётишибди. Беадад, бешафқат қийноқларга солинишаяпти. Эмин Усмон, Шовруқ Рўзимуродлар билан яқинликларимиз бор эди. Сўроқ- тергов пайтлари ўлдириб юборишди. Ҳеч хаёлимдан кетмайди. Уларнинг айблари нима эди! Юсуф Жума, Дилмурод Саййид, Муҳаммад Бекжон, Рашид Бекжон, Мурод Жўраларнинг қандай айблари бор эди. Ҳақиқатни очиқ айтганларими? Ҳақиқатни айтиш гуноҳми, жиноятми! Ҳақиқатдан қўрққан ҳукумат қандай ҳукумат? Буни тани соғ одамлар ўзлари ўйлаб кўрсинлар. Шоирнинг ватанга муҳтожлиги бор. Бу-катта ва доимий муаммо. Саёҳатга чиқиш бошқа, ўзи туғилиб ўсган ватанидан мажбурий жудо бўлиш, муҳожирлик, мусофирлик бошқа. Шоирга ватан керак.

Би-би-си: Би-би-си: Суҳбатимиз поёнида мухлисларга янги ёзилган шеърларингиздан тақдим этсангиз...

Андижонда тўкилган қонлар

Борлиғимда, сезгимда ғулув, Ўша ваҳм. Ўша армонлар. Даҳшат босар. Солади қўрқув- Андижонда тўкилган қонлар.

Вужудимни зорлатган титроқ, Томоғимни тилган хирқироқ, Кўкрагимга санчилган сўроқ- Андижонда тўкилган қонлар

Хаёл- мажруҳ. Кезар дарбадар- Бугундан то Бобурга қадар... Алам оқар. Аламдан баттар- Андижонда тўкилган қонлар.

Халқдир асли. Эмас оломон. Ҳақдир асли. Йўқ сира гумон. Падаркушлар бўйнида ҳамон- Андижонда тўкилган қонлар.

Ўлим нима? Гўдак бехабар- Она кўксин таталаб ётар... Юракларни, жонни қақшатар- Андижонда тўкилган қонлар.

Туҳмат ёғди. Ёғди қўрғошин. Ўзбек еди ўзбекнинг бошин. Синар бўлди бу эл бардошин- Андижонда тўкилган қонлар.

Борлиқларга дард отиб ўтар, Туйғуларни тўлғотиб ўтар, Қасос руҳин уйғотиб ўтар- Андижонда тўкилган қонлар.

* * * Хаёлим Осмони. Қонли булутлар. Қарайман. Титрайман. Фарёд этаман. Жон талашиб ётса жондош ҳудудлар- Мен дунёни қандай ташлаб кетаман.

Нималар кўрмадим эл аро юриб, Гоҳо қаҳрим келиб, гоҳо қайғуриб... Етимлар кўзёшин артолмай туриб- Мен дунёни қандай ташлаб кетаман.

Қанча умр кўрдим. Кексайиб қолдим. Отилдим. Осилдим. Яна қўзғолдим... Ғазабдан тош чайнаб, аламдан толдим... Мен дунёни қандай ташлаб кетаман.

Дўстларим қафасда. Оилам узоқ. Бағримни қон қилиб юборди фироқ. Ҳамон даъф бўлмади ёв қўйган тузоқ... Мен дунёни қандай ташлаб кетаман.

Йигитлар- қул юртим. Қизлари чўри. Аримас элимнинг пешона шўри. Гарчи совиб борар вужудим қўри... Мен дунёни қандай ташлаб кетаман.

Сафлар сийрак тортиб борар кундан-кун, Ҳадемай умрга ясалгай якун. Бутун эл йиғларкан чиқармайин ун- Мен дунёни қандай ташлаб кетаман.

* * * Есир кўкси каби қирлар қувраб қолди. Бўзтўрғайлар чирқиллашиб, жавраб қолди. Оч гўдаклар отамиз нон келтирар деб- Мўлтиллашиб йўл бошида қараб қолди.

Бу аҳволдан кузнинг ранги ўчиб кетди. Турналар ҳам қий- чувлашиб кўчиб кетди. Дунё кечиб дунёликдан чўчиб кетди... Кўкка қараб не бўлар деб сўраб қолди.

Олислардан ташланади кўзга сароб, Ул саробга етаман деб кўплар хароб. Хароб қилган кимлар экан юзда ниқоб... Ҳувиллаган юртда шулар яйраб қолди.

Хўрсиниқдай кўринади тоғлар бу кун, Қирлар қирмас, диллардаги доғли тугун. Юртга келган бало билиб ўзин устун- Қонга ташна пичоғини қайраб қолди.

Шунчаларми эди ҳолинг, Туркистоним, Қайда орзу, истиқболинг, Туркистоним. Кўриб келмас ҳеч малолинг, Туркистоним... Қучоғингда кушанданг ҳой- ҳойлаб қолди.

* * * Банди зиндон дўстларимни ўйлаб...

1. Тиконли симларга қадалган нигоҳ, Тиконли симларга ўралган тақдир... Ўйлар- оғир тугун. Оғриқли сўроқ. Қадамлар товуши қоришиқ таҳқир...

2. "Қуёш ботаяпти..." Нима ишинг бор, Унинг йўли бошқа. Сеники бошқа..." Шафақ нурларига илашиб ночор- Тутқун хаёл урар бошини тошга.

3. Залворли одимлар. Синиқ товушлар. Кишандбанд эзгулик. Кишандбанд орзу. Юрак зил тортади. Вужуд увушар:- "Тақдир - шу. Ватан - шу. Эрксиз элинг шу."

4. Туркистон, Туркистон, буюк ҳибсхона, Ўз элин бағрида банд этган Ватан. Орзудан бегона. Руҳдан бегона... Мен - хаста жондирман. Сен - хаста бадан.

5. Хаёлимни бўғар. Бўғзимни бўғар- Тиконли симларга ўралган тақдир. Фарёдим бағрингга қандайлар сиғар- Сенсиз - мен сағирман. Менсиз - сен сағир.

6. Тонгги йўқ тун бўлмас. Ноумид- шайтон. Қалблар сирпинади. Тепади юрак. Талпина-талпина ёғдулар томон- Нигоҳлар ханжарга айланса керак.

* * * Қора совуқ. Аччиқ шамол- Зап ҳувиллар. Зап ҳувиллар. Этак тутиб борар беҳол- Жажжи қўллар... Жажжи қуллар.

Йиртиқ калиш. Энгил юпун. Тезроқ чиқа қолсайди кун. Титраб борар ўхтин- ўхтин- Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.

Мурғак ўйлар. Ширин хаёл- Бари завол. Бари завол. Ўз элида ўзи увол... Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.

Эгат- эгат. Этак- этак. Чаноқ тилган қонли билак. Мурғак умр - мудҳиш эртак... Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.

* * * Қабристон қушлари

Тош - оғир. Тош - совуқ. Тош - бежон. Йиллар ўтган сайин нурайберади. Кимларнинг шакли бу: Сағирми, султон- Қушларга барибир. Сайрайберади.

Вужуд - ер қаърида. Руҳ қайда сарсон... Тош кўзин ўргимчак ўрайберади. Сассиз нидоларни босса ҳам хазон- Қушларга барибир. Сайрайберади.

Одамлар келади йўқлаб ҳарзамон. Гоҳ эслаб, гоҳ эснаб жўнайберади. Ўзи шундай бўлгач аслида инсон- Қушларга барибир. Сайрайберади.

Уларнинг қабри йўқ. Йўқ сўнгги макон. Дунёдан кулгандай яйрайберади. Бу ер хайкалзорми ёки қабристон- Қушларга барибир. Сайрайберади.