Transparency International: Ўзбекистон юқори даражада идоравий фасодга ботган

Transparency International халқаро ташкилоти дунё давлатлари коррупция даражасининг 2010 йилги кўрсаткичларини эълон қилди.

Коррупцияга қарши кураш олиб борадиган ташкилот янги ҳисоботида Ўзбекистон 178 мамлакат орасида 172-ўринни эгаллаган.

Бу коррупция даражаси Ўзбекистонда энг юқориларидан деганидир.

Ўзбекистондаги коррупция даражаси Ироқ ва Афғонистонга ўхшаган мамлакатлардан сал яхшироқ.

Transparency International ташкилотининг кўрсаткичи у ёки бу мамлакат ҳақида бизнесменлар ҳамда мамлакатдаги вазиятни яхши биладиган экспертлар берган баҳоларига таянади.

Мамлакатдаги аҳволга қараб 10 баллик шкала бўйича баҳо берилади.

Энг юқори балл 2010 йилда Дания, Сингапур ва Янги Зеландия мамлакатларига берилган, улар 9,3 балл тўплаганлар.

Transparency International 2009 йилда жаҳондаги 180 мамлакат рўйхатини эълон қилган, бу йил бу рўйхатга 178 мамлакат киритилган.

Аввалги йилда Ўзбекистон 174-ўринни эгаллаган, бу йил мамлакат жойининг 172-ўринга кўтарилгани идоравий фасодга қарши бирор амал бажарилгани натижаси эмас, балки бу йилги рўйхатдаги мамлакатлар сони ўтган йилдагига нисбатан иккита камлигидир.

Халқаро ташкилот хулосаларига кўра, Ўзбекистон жуда коррупциялашган мамлакат, аммо республика раҳбарияти бу иллат олдини олиш ёхуд унга қарши курашиш учун ҳеч нарса қилмаяпти.

Ўзбекистоннинг ичкарисидаги вазиятни яхши биладиганлар идоравий фасод мамлакат мустақил бўлганидан кейин янада авж олганини қайд этадилар.

Аҳолиси 30 миллионга яқинлашган мамлакатда ишга яроқли инсонларнинг кўпчилиги меҳнат муҳожирлигини оиласини боқишнинг ягона йўли сифатида танлаб, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлганлар.

Ишсизлик билан бирга коррупциянинг ривожлангани Ўзбекистондаги қашшоқликнинг асосий сабабларидан биридир.

Айрим оилалар, халқ ибораси билан айтганда, "қозони ойлаб гўшт кўрмайдиган" шароитда кун кўришга мажбур бўлиб турган бир пайтда мансабдорларнинг мамлакатнинг йирик шаҳарларида бутун бошли "аслзодалар мавзеларини" барпо этаётганларини кўриш мумкин.

Бу мансабдорларнинг аксари амалда давлат идорасида 1000 АҚШ долларига етмайдиган маош оладиган инсонлардир.

Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат бошқаруви идоралари энг коррупциялашган тизимлар ҳисобланади.

Мамлакатнинг давлат назоратидаги матбуотида олий ўқув юртларига киришнинг адолатли тест усулига ўтилгани ҳақидаги тарғиботга қарамасдан, ҳар йили ёзда қайси ўқув юртига "қанча бериб кириш мумкинлиги"ни одамлар яхши билишади.

Хўш, ушбу ҳисобот коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатлар учун қанчалар аҳамиятли?

Би-би-си ушбу савол билан Transparency Internationalнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича масъули Миклош Маршалга мурожаат қилди.

Миклош Маршал: Мен бу саволга жавоб бериш жуда қийин деб ўйлайман. Биз ҳисоботимиз таъсири бўлади деб ишонамиз. Чунки, у коррупция муаммоси қанчалар жиддийлиги борасида оммани бохабар қилади, ҳисоботдан уялган ҳукуматлар эса вазиятни яхшилашга уринишади. Охирги 20 йилда коррупция даражаси дунёда пасайди. Transparency International каби ташкилотлар саъй-ҳаракати билан коррупция меъёрларини ўлчаш усуллари ҳам ўзгарди. Ҳозирда биз манфаатлар тўқнашуви ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратадиган бўлганмиз. Хуллас, дунё охирги 20 йилда анча шаффофлашди ва одамлар коррупция масаласига кўпроқ диққат қаратадиган бўлишди.

Би-би-си: Лекин сўнгги ҳисоботингизни аввалгиларига солиштирганда Ўзбекистондаги коррупция даражаси деярли ўзгармаганини кўриш мумкин. Ўзбекистонда идорий фасод даражаси жангзада Афғонистон ёки Ироқдан сал яхшироқ... Нима учун бундай деб ўйлайсиз?

Миклош Маршал: Ҳамма гап шунда-да. Ўзбекистон ўзгармасдан қолаётган саноқли давлатлардан бири, чунки улар бизнинг огоҳлантиришларимизга қулоқ солишмайди, эътибор беришмайди. Сабаби Ўзбекистонда режим нодемократикдир ва мамлакатни дунёдаги энг ёпиқ жамиятлардан бирига айлантирди. Ўзбекистонда коррупция даражаси жуда ҳам паст бўлиши керак аслида. Чунки бу мамлакатда ривожланиши учун зарур бўлган барча манбалар бор. У ерда вазиятнинг ўзгармаётгани Ўзбекистон ҳукумати, у ердаги сиёсий элита муаммосидир. Улар халқаро бизнес жамоалари фикрларига қулоқ солишмаётир. Ҳисоботимизда корчалонларнинг мамлакатдаги бизнес муҳити ҳақидаги фикрлари бор. Улар Ўзбекистонда эндемик коррупция муаммосига дуч келишлари ҳақида ёзишади. Идоравий фасод - Ўзбекистон юзидаги қора доғдир. Бизнинг ҳисоботимиз фақат Transparency Internationalга тегишли эмас. Бу халқаро бизнес жамоатига ҳам таалуқли. Бу ҳисобот бизнинг номимиздан тарқалади, холос.

Би-би-си: Сизда Ўзбекистон ҳукуматига босим кўрсатиш воситалари борми?

Миклош Маршал: Йўқ, бизда бундай воситалар йўқ. Алал-оқибат биз фуқаровий жамият ташкилотимиз ва бизда ҳеч қандай қонуний куч йўқ. Биз фақат чоп қилиш қудратига эгамиз. Одатда чоп қилинган нарсанинг чексиз қудрати бўлади. Одатда ҳукуматлар жамоатчилик орасида обрўсиз бўлиб қолишни истамайди. Афсуски, Ўзбекистонга халқаро ҳамжамият фикри қизиқ эмас.

Би-би-си: Ўзбекистон ва Туркманистон каби ёпиқ давлатлардан коррупция даражаси ҳақида қандай қилиб ишончли маълумот оласизлар?

Миклош Маршал: Албатта бу осон эмас. Агар Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада еттита тадқиқот ўтказганмиз. Бизнинг индекс ҳисоботимиз тадқиқотларни ўрганиш асосида тузилади. Бу йил биз нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузилган олти тадқиқот, жумладан Осиё Тараққиёт банки, Freedom House ва шунга ўхшаш ташкилотлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга аcосландик. Булар анча ишончли ва нуфузли тадқиқотлар, биз ана шулардан коррупция билан боғлиқ қисмларини ўрганиб чиқдик. Ўзингиз биласиз коррупция даражасини аниқлаш жуда мушкул, балкида имконсиз бир нарсадир. Шунинг учун биз бу даражани аниқлашга яқинроқ боришга ҳаракат қиламиз, холос. Биз, шунингдек, ҳар бир мамлакат билан иш юритадиган мутахассилар, ишбилармонларни ҳам саволга тутамиз. Улардан кўплари мамлакатдан ташқарида, лекин мамлакат ичида яшовчиларни ҳам сўровга тутамиз.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас