Ўзбекистон: йиллик пахта плани бажарилди, аммо болалар ҳамон далада

Ўзбекистонда расман йиллик пахта режаси бажарилганидан икки ҳафта ўтган бўлса-да, пахта далаларидаги мактаб ўқувчилари ҳали синфхоналарга қайтгани йўқ.

Далаларда деярли пахта қолмагани ва ҳаво совиб бораётганига қарамасдан болаларнинг ҳануз пахта териши кузатувчиларда пахта плани бажарилгани борасидаги давлат ҳисоботларига нисбатан шубҳа пайдо қилган.

Бундан икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон матбуоти мисли кўрилмаган қисқа муддат - бир ойнинг ичида давлат пахта режаси бажарилгани ҳақида бонг урган эди.

Маррага қисқа муддатда етиб келиш концертлар ва президентнинг табриги билан кенг нишонланди.

Аммо пахта режаси бажарилганига қарамасдан, мактаб ўқувчилари ҳануз алдаш ва мажбурлаш орқали далага ҳайдалмоқда.

Бир неча кундан бери пахтага чиқмаётган суҳбатдошимизнинг қизини бугун мактаб бошланди, дея алдаб чақириб пахтага чиқаришган.

- Пахтага чиқартирмаётган эдим, бугун мактаб бошланди, деб чақиртиришибди. Борса, пахтага чиқасизлар, дебди. Кейин келиб кийимларини алмаштириб пахтага кетди, дейди 9 синфда ўқийдиган ўқувчининг отаси.

Бундан ташқари пахта мавсуми арафасида ёпилган туман марказидаги бозор ва дўконлар ҳам айни дамда кечки соат 5 да очилмоқда.

Суҳбатдошларимиз далаларда пахта қолмаганини ва об-ҳаво совиб қолганини айтишади.

"Далада ўзи пахта қолмаган. Чиққанлар ҳам беш, узоғи билан 10 кило териб келишаяпти. Кунлар ҳам совуб қолди," дейди суҳбатдошимиз.

Пахта компаниясининг бошлангандан бери сусаймаганини кузатувчилар давлат режаси фақат қоғозларда бажарилгани билан изоҳлашади.

"Давлат режаси ўтмишдаги каби қоғозда бажарилганга ўхшайди. Бўлмаса, пахта йўқ далаларга ҳаммани ҳайдашмас эди. Бозорлардан тортиб, умумий овқатланиш нуқталаригача ҳаммаси кундузи тақа-тақ ёпилган", дейди жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Саида Қурбонова.

Ўзбекистон халқаро миқёсдаги танқидларга қарамай, пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланадиган давлат ҳисобланади.

Ҳар йили янги ўқув йили бошланиши билан юқори синф ўқувчилари учун мактаб эшиклари ёпилади.

Кўп йиллар фермерлик билан шуғулланган Маъмуржон Аъзимовнинг таъкидлашича, далалардаги пахтани ўқувчиларнинг ёрдамисиз ҳам териб олса бўлади.

"Ўзбекистонда нима кўп, ишсиз одам кўп. Бир кило пахтага 100 сўм эмас, 200 сўмдан берсин ҳаммаси чиқиб теради. Лекин бу нарсани фермернинг чўнтаги кўтармайди. Чунки пахта нархи тепадан белгиланади. Фермер ҳеч бир соҳада мустақил эмас," дейди у.

Собиқ фермерга кўра, агар фермерларнинг қўлида ўзи етиштирган махсулотни ўзи истаган нархда сота олиш эркинлиги бўлганида ва улар мустақил бўлганида далалардаги пахталарни боллалар меҳнатисиз ҳам териб олса бўлади.

Бу йил мактаб ўқувчиларига бир килограм пахта учун 100 сўмдан ва ҳозир пахта навининг сифати тушиб, ҳаволар совуб қолганда 130 сўмдан ҳақ берилаётгани айтилади.

Қора бозордаги нарх бўйича ўзбекистонлик ўқувчи бир долларга эга бўлиши учун 22 килограмм пахта териши лозим бўлади.