Самарқанддаги энг йирик кийим бозорига ўт кетди

Самарқанд
Image caption Сўнгги йилларда Самарқанд маркази қиёфаси буткул ўзгартирилди

Самарқанд шаҳридаги энг йирик "Янгибозор" деб аталувчи буюм бозорида катта ёнғин содир бўлган.

Самарқанд вилоят ёнғин хафвсизлиги бошқармаси мулозимлари "Янгибозор"га ўт кетганини тасдиқлашган.

Бироқ кўрилган зарар ҳажми ва ёнғин сабаблари билан боғлиқ маълумотларни маълум қилишни исташмаган.

Жоний талафотлар йўқ, аммо қатор дўконларнинг вайрон бўлгани айтилади.

Ўнга яқин тадбиркор қаттик изтироб туфайли тез тиббий ёрдам марказига келтирилган.

Сўнгги йилларда расталар шаклида усти ёпилиб, шароит яратилаётган бозорнинг газмол ва тайёр кийимлар бўлимларидаги қатор дўконларга ўт кетган.

Айрим тадбиркорларга кўра, 70-100 минг доллар қийматдаги моллар куйиб, кулга айланган.

Самарқандликларга кўра, "Янгибозор" ҳозирда ишламаяпти.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг шаҳар мулозимларига иқтибосан айтишларича, буюм бозори келгуси йил бошига қадар ишга тушмаслиги мумкин.

Об-ҳаво салқинлашаётган ва аҳоли иссиқ кийим харид қилиш мавсуми бошланган бир пайтда Самарқанддаги нисбатан арзонроқ бозорнинг ёпилиши шаҳардаги бошқа бозорлардаги нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлган.

Жумладан, "Сиёб" деҳқон бозорининг буюм дўконлари ҳамда шаҳарнинг баъзи чекка ҳудудларида жойлашган буюм дўконларида нархлар кўтарилган.

Самарқанддаги "Янгибозор" 2005 йилда "Чуқурбозор" ёпилиши ортидан ишга тушганди.

Ўшанда эски шаҳар марказидаги бозорнинг шаҳар чеккароғига кўчирилишига мингдан ортиқ тадбиркор норозилик билдирган эди.

Дўкондорлар янги бозорга кўчиш уларга ката молиявий зарар келтиришини айтган эдилар.

"Шоҳи Зинда" мақбараси қаршисидаги "Чуқурбозор"нинг текисланиб, кенг майдонга айлантирилиши ортидан 2005 йилда ишга тушган иккинчи, янгитдан қурилган "Субҳидам" бозори эса ўтган йили бузиб ташланган эди.