Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Нефти бўлган Ўзбекистондаги бензин тақчиллиги нимадан далолат қилади?

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, келаси йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг ташқи нефтга бўлган эҳтиёжи ортиб бориши мумкин.

Уларнинг баҳолари бутун Ўзбекистон бўйлаб бензин таъминотидаги узилишлар одатий тус олиб бораётган бир манзарада янграмоқда.

Бензин тақчиллиги билан боғлиқ аҳвол, айниқса, вилоятларда жиддий экани айтилади.

Айрим хабарларга кўра, мавжуд вазият давлат нархи 1.220 сўм бўлган бензиннинг икки, уч баравар қимматлаб кетишига сабаб бўлган.

Бензин таъминотидаги жиддий узилишлар туфайли одамлар ўз машиналарини ҳафталаб минмай қўйишга ҳам мажбур бўлишаётган экан.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, келаси йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг четдан 4 миллион тоннадан ортиқ бензин сотиб олишига тўғри келиши мумкин.

Ўзбекистон ўз нефть захираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурслари ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.

Ўртага сурилаётган бошқа бир фаразларга кўра, Ўзбекистонда ёқилғи тақчиллиги билан боғлиқ вужудга келган вазиятга асосан нефть ва газ савдоси билан шуғулланиб келган Zeromax ширкатининг касодга учрагани сабаб бўлган.

Ўзбекистон асосан Қозоғистондан нефть сотиб олади. Энди эса, Ўзбекистонга ўз нефтини таклиф этиши мумкин бўлган давлатлар сифатида Россия, Туркманистон ва Озарбайжон ҳам тилга олинмоқда.

Биз мавжуд вазиятга ойдинлик киритиш учун ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимовни суҳбатга тортдик.