Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аввалроқ Иқтисодиёт вазири кетганди, энди 'Ўзтрансгаз' раҳбари ўзгарди

Image caption "Ўзтрансгаз" асосан табиий газни ташиш ишлари билан шуғулланиб келади

Ўзбекистон ҳукумат доираларига яқин Uzmetronom.com веб саҳифасининг хабар беришича, президент Ислом Каримов фармони билан "Ўзтрансгаз" ҳиссадорлик ширкати бош раҳбари ўзгартирилган. Ширкатнинг янги раҳбари этиб Тўлаган Жўраев тайинланган.

Тўлаган Жўраевнинг янги лавозимга тайинлангунга қадар Шўртан газ-кимё мажмуасининг бош муҳандиси бўлиб ишлагани айтилади.

"Ўзтрансгаз" ҳиссадорлик ширкатининг аввалги бош раҳбари Иркин Вагапов сентябр ойида ҳибсга олинганди.

Бунга ширкатнинг яқин-яқингача энг нуфузли деб билинган, газ ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва ташиш ишлари билан шуғулланиб келган хорижий компания билан ўзаро олди-бердилари сабаб бўлганига оид тахминлар янграганди.

Uzmetronom.com сайтининг таъкидлашича, Тўлаган Жўраевнинг номзоди ушбу лавозимга шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган.

Сайт, шунингдек, Ўзбекистонда бошқа юқори мартабали ҳукумат мулозимларининг алмашинуви ҳам кутилаётганини маълум қилган.

Яқинда президент Каримов фармони билан мамлакат Иқтисодиëт вазири Суннатилло Бекенов ҳам ўз вазифасидан бўшатилиб, унинг ўрнига Молия вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Равшан Ғуломов тайинланганди.

Расмий рақамларда Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш даражаси 8 фоиздан ортиқроқни ташкил этиши айтилаётган бир пайтда Иқтисодиёт вазирининг ишдан четлатилиши кўпчиликни ҳайратга солганди.

"Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг ширкати таркибига кирувчи "Ўзтрансгаз" асосан табиий газни ташиш ишлари билан шуғулланади.

Хўш, Ўзбекистондаги сўнгги кадрлар ўзгариши нимадан далолат беради? Биз ушбу савол билан ўзбекистонлик шарҳловчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилдик.