Афғонистонда ўндан ортиқ Толибон жангарилари ўлдирилди

Image caption Сўнгги амалиётлар Афғон ва НАТО кучлари ҳамкорлигида кечган

Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида халқаро кучлар билан ҳамкорликда ўтказилган амалиёт чоғида ўн жангари ўлдирилган.

Қурбонлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари борлиги ҳам хабар қилинган.

Бу ҳақда Қундуз вилояти хавфсизлик мулозими Абдураҳмон Саилхелий маълум қилган.

Қундуз вилоятида Толиблар назорат ўрнатган 12 та қишлоқ ҳам қайтариб олинган.

Азалдан нисбатан осойишта бўлган мамлакат шимолида сўнгги йиллар жангариларнинг фаоллашгани кузатилмоқда.

Ўтган ой бошларида мамлакат шимоли-шарқидаги Тахор вилояти маркази Толуқон шаҳрида жойлашган масжидда юз берган портлашда Қундуз волийси дохил камида 14 нафар одам ҳалок бўлган эди.

Вилоят мулозимларига кўра, бир неча жангари қўлга олинган. Улар орасида хорижликлар ҳам бор.

Қундуз вилояти раҳбарларига кўра, чегарадош минтақаларда Толиблар ва хорижлик жангариларга қарши қўшни Тожикистон билан ҳамкорликда амалиётлар режаланмоқда.

Хорижий мужоҳидлар таҳдиди

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг янги раҳбари... фаолроқми?

Марказий Осиёнинг энг жангари гуруҳи саналган, Ал Қоида билан яқин алоқада эканлиги ишонилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон шимолида ҳали Толиблар давридаёқ фаол бўлишган.

Турфа тахминларнинг энг мўътадили бўйича, мингдан ортиқ асосан ўзбекистонлик жангарилардан ташкил топган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йил кузида Америка ва халқаро кучларнинг ҳужумлари кейин анчайин кучсизланиб қолгани айтилганди.

Халқаро кучлар ҳужумларидан бирида ҳаракатнинг таниқли қўмондони Жума Наманганий ҳалок этилган, юзлаб бошқа жангарилар Афғонистон билан чегарага яқин Покистон минтақаларида яширинганлигига ишонилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати нашр этган веб саҳифа дохил, бошқа интернет нашрлари ҳам ҳаракат раҳбари Тоҳир Йўлдош Покистонда "жиҳод" қилинаётганини даъво этган эди.

Ўтган йили Американинг учувчисиз учоғи ҳужумида ҳалок бўлган Тоҳир Йўлдош ўлимидан аввалги маърузаларида Ал Қоида раҳбари Усама бин Лоден билан учрашганини айтар экан, кузатувчилар, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ортиқ мақсади ва моҳияти ўлароқ минтақа ҳудудларига "сиғмай" қолганини урғулашади.

Зотан, Афғонистон шимолида ўз фаолиятини кучайтириш билан таҳдид қилган Толибон ҳаракатининг баён қилишича, у ерда кечаётган жангларга Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳеч бир алоқаси йўқ.

Аммо кузатувчиларга кўра, бу каби даъволар Толиблар минтақага фақат биз хўжайинмиз деган даъвода ҳарбий тарғиботдан ортиқ ҳеч нарса эмас.

Марказий Осиёда жангарилик

Image caption Радикаллашув сабаблари жўн: қашшоқлик, ишсизлик ва порахўрлик

Афғонистонда исёнчилик ҳаракати асосан мамлакат жануби ва шарқида экани хабар қилинади, бироқ сўнгги дамларда хавфсизлик вазияти Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ҳам издан чиқаётгани кузатилмоқда.

Қўшни Тожикистоннинг чегарага яқин минтақаси бўлмиш Рашт водийсида сўнгги ойлар рўй берган воқеалар ҳам Афғонистон шимолида жангарилар жонланиши билан боғланмоқда.

Тожикистон мулозимлари Исломий мухолифатнинг собиқ дала қўмондонларидан Мулло Абдулло Рашт водийсида халқаро террорчилик жамлоғини ташкил этиш режасида бўлганини даъво қилишганди.

Мулло Абдуллога қарашли жангариларнинг аксарияти Афғонистондан Тожикистонга ўтиб келишгани айтилади.

Сўнгги бир неча йил ичида Тожикистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг қатор аъзолари ҳибсга олиниб, мамлакат шимолидаги амалиётлар чоғида ҳаракатнинг бир неча аъзолари ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ўтган ой охирларида мамлакат шимолидаги Исфара тумани Чоркў кишлоғида яширинган қуроллилар билан ҳуқуқ-тартибот мулозимлари орасида отишма юз берган.

Натижада қуроллилардан бири ўлдирилган.

Ўтган йил сентябрида Исфарада милиция мулозими ўлдирилиши ортидан расмийлар томонидан бу ишда Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларининг қўли борлиги айтилганди.

Минтақа мамлакатлари, айниқса Тожикистондаги қашшоқлик ва кенг тарқалган порахўрлик турфа жангари гуруҳлар учун айни муддао бўлаётгани айтилади.

Қатор кузатувчилар, Марказий Осиё давлатларида порахўрлик ва қашшоқлик иллатлари сақланиб қолар экан, жангари ҳамда радикал гуруҳларнинг таъсири кучайиб бораверади деган фикрдалар.