Ноқонуний диний оқимлар ғояларини ўрганиш жиноятми?

Image caption Маҳкамага тортилаётганлар Тошкент вилоятидаги Чирчиқ шаҳри ва Қибрай туманида истиқомат қилган инсонлар.

Ўзбекистонда ўтаётган навбатдаги маҳкамада айбланувчиларнинг "Ҳизбут-таҳрир", Ваҳҳобийлик оқими ғояларини ўргангани учун жиноий жавобгарликка тортилганлари ҳақида сўз боради.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи хабар қилишича, 1 ноябрда Тошкент вилоят маҳкамасида ўн фуқаро устидан маҳкама бошланган.

Маҳкамага тортилганлар орасида Чирчиқ шаҳридаги масжид имоми, собиқ Қибрай туман кенгаши депутати бор.

Айбланувчиларни маҳкама биносига олиб келиш ва олиб кетишда уларни автомат қуроллари билан қуролланган милиция ходимлари кузатмоқда, четдан қараган одамларда ўта оғир жиноятни содир этганларни суд қилишаётгандек таассурот уйғонади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Ташаббус гуруҳига кўра, маҳкамага тортилаётганлар Тошкент вилоятидаги Чирчиқ шаҳри ва Қибрай туманида истиқомат қилган инсонлар.

Улар Чирчидаги "Амир ўғли Ҳасанбой" масжидида йиғилганлар, йиғилган пайтларида Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланадиган "Ҳизбут-таҳрир" фирқаси, Ваҳҳобийлик ва Ислом динидаги бошқа оқимлар ғояларини муҳокама этганлар.

Ташаббус гуруҳ раҳбари Суръатбек Икромовнинг айтишича, ўн инсон устидан очилган жиноий ишда улар ноқонуний диний оқим ғояларини ўргангани учун жавобгарликка тортилаётгани айтилади.

Бироқ уларни Ўзбекистон Жиноий кодексининг 244-банди - ноқонуний диний ташкилот фаолиятида иштирок этишда айблашган.

Инсон ҳақлари ҳимоячиларига кўра, Тошкент вилоят маҳкамасида бошланган маҳкамада айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни рад этганлар.

Қариндошлари дастлабки тергов пайтида айбланувчилар иқрорлик кўрсатмасини имзолашга мажбур қилинганлари ҳақида айтганлар.

Ўзбекистонда 1999, 2004 йиллардаги Тошкент шаҳридаги портлашлар ортидан ноқонуний диний гуруҳлар тузиш, ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик айбловлари билан маҳкама жараёнлари кўпайган.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари кўплаб бегуноҳ инсонлар қийноқлар остида Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, турли диний гуруҳларга аъзолик айбларини бўйниларига олгани асосига қурилган маҳкамаларни қоралаган.

Бундай маҳкамалар Ўзбекистон барча ҳудудларида бўлиб ўтган.

Инсон ҳақлари фаоллари Ўзбекистонинг қамоқхоналарида бир неча минг виждон тутқуни мамлакат қонунлари бузилгани ҳолда сақлаб турилгани масаласини кўтариб чиққанлар.

Қамоқхонадаги қийноқлар, ноинсоний шароит ва хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмган маҳбуслар жасадлари кўп сонли милиция ходимлари қуршовида, яқинларига тезроқ кўмиш босими билан дафн этилаётгани ҳолатлари бу ҳақдаги ахборотни яшириш мақсади кўзланганига қарамасдан, халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари эътиборига тушган.