Бангладеш арзон Ўзбекистон пахтасига умид боғлаган

Бу йилги ҳосил талаб этиладиган кам бўлиши мумкин деган хавотирлар ортидан жаҳон бозоридаги пахта нархи кўтарилиб бораяпти.

Покистондаги сув тошқинлари аксар ғўзаларни йўқ қилди ва дунёдаги энг йирик хомашё етиштирувчи Хитой бу йил ҳосил кўнгилдагидек бўлмаганини айтмоқда.

9 ноябр куни Нью-Йоркдаги хомашё биржасида пахта баҳоси энг юқори даражага чиқди.

Лондонда йирик харидорлар ҳисобланмиш Marks and Spencer ва Primark ширкатлари истеъмолчиларнинг эҳтиёжи ортаётганидан пахта нархлари кўтарилишини ва ўзларини учун бир қадар мушкул давр бошланишини кутаётганларини билдиришди.

Шу ҳафтада Бангладешнинг олиймақом савдо ҳайъати ўзбек пахтасини харид қилиш мақсадида Ўзбекистонга борди, муддао - Бангладешнинг йирик даромад манбаи бўлган тўқимачилик саноати муҳофазасини таъминлаш.

Ернинг шимолий ярим шаридаги бу йилги пахта ҳосилига қатор омиллар салбий таъсир кўрсатди.

Дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчиларидан бўлган Хитойда қатор табиий офатлар ҳосил чўғини анча камайтирди.

Хитойнинг Қишлоқ Итисодий бошқармаси ва Миллий Тараққиёт ва Ислоҳотлар комиссиясига кўра, пахта кўп етиштириладиган Шинжон Уйғур мухтор бўлгасидаги табиий офатлар оқибатида бу йилги ҳосил ўтган йилдагига қараганда беш фоиз камаяди.

Покистон эса дунёнинг тўртинчи энг кўп пахта етиштирадиган мамлакати ва сув тошқинлари бу йилги ҳосилнинг аксар қисмини йўқ қилди.

Хуллас, глобал таъминотда узилиш юз бергани пахта нархлари ошиб бораётганининг бош сабабидир.

Бундан эса иқтисоди тўқимачилик маҳсулотлари экспортига боғланиб қолган Бангладешга ўхшаган мамлакатлар азият чекади.

Бангладешнинг Тижорат вазирлигига кўра, хомашё материалларининг ҳам ички ва ҳам халқаро бозордаги нархлари кўтарилиб бораётганидан мамлакатнинг тўқимачилик саноати қатор мушкулликларга дуч келмоқда.

Тўқимачилик саноати рўпара келган муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳукумат Ҳиндистон ва Ўзбекистондан пахта импорт қилишни ният қилган.

Бангладешлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ўзбек пахтасини учинчи мамлакат манбаларидан, асосан Женевада жойлашган таъминотчилардан сотиб оладилар, бу таъминотчилар таклиф этадиган нарх эса хомашё етиштирувчи нархига солиштирганда анча юқори.

Бангладешнинг Тижорат вазири Фаррух Хон етакчилигидаги олиймақом савдо ҳайъати Тошкентда пахтани Ўзбекистоннинг ўзидан сотиб олишга умид қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ўзининг Бангладешдаги бозорларини рақиби ҳисобланган Ҳиндистонга бой бергани кузатилди.

Аммо жаҳон таъминотчиларининг омборида пахта камлиги аёнлашар экан, Ўзбекистон пахтасига талаб ортиб бораётган кўринади. Бу нарса давлат учун яхши янгилик бўлиши мумкин, лекин пахтани экиб, ҳосилни йиғиштириб олгунча тер тўкадиган ўзбек фермери даромадига таъсири сезилмайди, деб кўрилади.

Ўзбекистон пахта хомашёсини етиштиришнинг мажбурий давлат тизимини жорий этган ва бунда пахта харид нархлари мавсум бошидаёқ белгилаб қўйилади.

Ўзбек пахта саноати кенг миқёсдаги халқаро танқидларга сабаб бўлиб келади, сабаби бу пахтани етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилади.