Страсбург маҳкамаси яна бир ўзбекистонликнинг Тошкентга топширилишига қарши

Image caption Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси инсон ҳақларини поймол этувчи қарорлари учун Россияни ярим миллион Евролик товон пулига тортган

Қароргоҳи Страсбургда жойлашган Инсон ҳақлари бўйича Оврўпо маҳкамаси Россиянинг ўзбекистонлик бошпана изловчи Давронбек Хўжамбердиевни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари қўлига топшириш қарорини музлатиш ҳақида қарор чиқарган.

Бундан ўн йил муқаддам ватанини тарк этган Давронбек Хўжамбердиев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан шу йил бошида Россиянинг Саратов шаҳрида ҳибсга олинган.

Уни Ўзбек расмийлари мамлакат конституцион тузумига тажовуз қилишда айблашган.

Страсбург маҳкамаси ўтган ҳафта бошида Россия ҳукуматига 2006 йилда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ва у ерда ноқонуний диний фирқага аъзоликда айбланиб, беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилган Рустам Мўминовни топиб, унга 20 минг евро товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган.

Би-би-си Давронбек Хўжамбердиев ишини яқиндан кузатаётган россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина билан суҳбатлашди.

Елена Рябинина: Даврон Хўжамбердиев Россиянинг Самара шаҳрида февраль ойида ҳибсга олинади. У Ўзбекистонни 2000-йилда тарк этган эса-да, орадан олти йил ўтиб, уни Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, экстремистик ташкилотга аъзо бўлиш каби анъанавий ва ўта беъмани жиноятларда айблаб қидирув эълон қилишган. Хуллас, уни ўзи яшаб юрган Саратов шаҳрида қамоққа олишади. Даврон Хўжамбердиев бошпана сўраб мурожат қилади, рад жавоби берилади. Россия Бош прокуратураси эса уни Ўзбекистонга топшириш қарорини олади. Ушбу қарор илк маҳкамада ўзгаришсиз қолдирилади. Адвокатлар ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Даврон Ўзбекистонга қайтарилса қийноқларга солиниши ҳақидаги важларига қарамасдан, Бош прокуратура қарори кучда қолади. Мазкур қарорга нисбатан шикоят аризасини киритишади. Олий маҳкама ушбу шикоятни шу кунларда кўриб чиқиши керак эди. Аммо Страсбург маҳкамаси ушбу ишни музлатиб қўйишга буйруқ берди. Бу вазият аниқлашгунга қадар Оврўпо маҳкамаси чиқарган қарордир.

Би-би-си: Унинг бажарилиши Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига мажбурийми?

Елена Рябинина: Бу бажарилиши шарт бўлган қарор. Россия аввалроқ яна бир Ўзбекистон фуқароси Рустам Мўминов ишидаги қарорни бузган эди ва бу ҳақда ўтган ҳафта Оврўпо маҳкамаси 20 минг евро тўлов тўлаш ҳақида қарор қабул қилди. Рустам Мўминов маъмурий жазо сифатида Россиядан чиқариб юборилган ва Ўзбекистон ҳукумати қўлига топширилган эди.

Би-би-си: Сўнгги йилларда Оврўпо маҳкамаси кўплаб Ўзбекистон фуқароларига товон пули тўлаш ҳақида қарорлар чиқарди. Бу қарорлар Россия ҳукуматини сал бўлса-да чўчитиб қўйди, деб айта оласизми?

Елена Рябинина: Йуқ, йўқ асло. Фақат бир нарса ўзгарди. У ҳам бўлса, Ўзбекистон фуқароларини экстрадиция қилиш тартиби бир оз қийинлашди, холос. Аммо бу ҳам катта ва жиддий ўзгариш деб ўйлайман. Шундай эса-да, ўзбекистонликларни ватанларига қайтариш ҳоллари камайгани йўқ, афсуски.

Би-би-си: Бу Россияда ҳуқуқ-тартибот идоралари ичида мувофиқлаштиришнинг йўқлигиданми ёки Россия ҳукумати идораларининг халқаро маҳкама қарорларини назар-писанд қилмаслигиданми?

Елена Рябинина: Мен ўйлашимча, бу ҳам Россия Бош прокуратураси, ҳам Олий Суд ва ҳам, мантиқан олиб қараганда, Федреал Хавфсизлик хизматининг қатъий мавқеи. Чунки товон пуллари уларнинг чўнтагидан эмас, балки оддий Россия фуқаролари солиқлари ҳисобидан тўланади. Ҳозирга қадар 500 минг Еврога қадар товон пули берилди. Аммо Россия ҳукуматининг мавқеси ўзгаргани йўқ. Улар афтидан тошкентлик ҳамкасбларини ранжитиб қўйишни истамайдиганга ўхшайди.