Катталар ёшларнинг мобил телефондан кам фойдаланишини исташади, ёшлар ҳамми?

Image caption Ўзбекистонда уяли телефонларнинг инсон саломатлиги, айниқса болаларга таъсирини камайтириш атрофида муҳокама давом этмоқда

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини мобил телефонлар зараридан сақлаш борасида муҳокамалар яна қизимоқда. Мутахассислар ушбу масала жиддийлигидан уяли телефонларни тақиқлаш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ҳам кўриб чиқилаётганини айтишади. Аммо тақиқнинг қай тарзда бўлиши масаласи очиқ қолаётгани учун бу масала жойидан силжигани йўқ. Ҳозирча эса Халқ таълими вазирлигининг кўрсатмаси билан мактабларда дарс вақтларида уяли телефондан фойдаланишга чек қўйилган.

Мобил телефонининг чақириш сигналига мусиқа қўйиб олган Муродилла Тошкент шаҳри мактабларида ўқийди. Кўпчилик синфдошлари сингари у ҳам уяли телефондан фойдаланишни афзал деб билади. Телефон орқали асосан синфдошлари билан гаплашадиган Муродилла унинг соғлик учун зарарли эканлигидан хабари йўқлигини айтади.

- Сотканинг зарарини умуман кўрмадим. Фойдаси бору, аммо зарари йўқ, - дейди Муродилла.

Аммо мутахасисслар бундай фикрлашмайди. Ўзбекистон давлат санитар эпидемиологик назорат маркази шифокори Абдурауф Қосимовнинг айтишича, вояга етмаганлар учун мобил телефонларининг зарари кўпроқ бўлади.

"Унда электромагнит майдони ҳосил бўлади. Биринчидан, болаларнинг асаб тизими катталарга қараганда ривожланмаган, иммунитети ҳали яхши ривожланмаган. Катталаларнинг суяги ҳам анча қалин бўлади. Болаларнинг бош суяги жуда юпқа бўлади. Шунинг учун нурлар кўпроқ ўтади. Агар бир хил куч бўлганда ҳам таъсири кўпроқ бўлиши мумкин", дейди шифокор Абдурауф Қосимов.

Компютер, микротўлқинли печ воситалари каби зарарли деб кўрилган уяли телефонларнинг инсон саломатлиги, айниқса болаларга таъсирини камайтириш борасида Ўзбекистонда муҳокамалар кетмоқда. Ҳукумат доираларида бу борада қарор ва қонун чиқариш тўғрисида ҳам фикрлар янграган.

Ана шундай мавзуларда фаол иштирок этадиган мутахассис Абдурауф Қосимовга кўра, аниқ бир механизм бўлмаганлиги боис, ушбу зарарли воситадан ўсмирларни ҳимоя қилишнинг қонуний асослари ҳали ишлаб чиқилмаган.

- Олдин Вазирлар маҳкамасининг қарорини чиқарамиз дейишди. Унинг лойиҳасини тайёрладик. Қолиб кетди. Кейин қонун дейишди, бу ҳам дараксиз кетди. Механизм бўлмаяпти. Ҳамма гап шунда. Масалан, маъмурий кодексга ҳам болалар нотўғри фойдаланса, жарима соламиз деб, қўшимча қўшамиз дейишди, дейди республика санитария-эпидемиология назорати марказидан Абдурауф Қосимов.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоси Садиржон Жакбаров мактаб ўқувчилари учун мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш парламентда кўриб чиқилматганини айтди.

- Бу бўлмаган гап. Қонунчиликда унақа нарса йўқ. Қанақа қилиб тақиқлаш мумкин, - дейди Олий мажлис депутати Садиржон Жакбаров.

Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида таълим берадиган исмини ошкор қилишини истамаган ўқитувчининг айтишича, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда уяли телефондан фойдаланиш Халқ таълими вазирлиги буйруғи билан тақиқланган.

"Халқ таълими вазирлигининг кўрсатмаси билан ҳамма мактабда уяли телефондан фойдаланиш тақиқланган. Мажлисларда ҳам, болаларингизга оддий телефон олиб беринг ва мактабда фойдаланиш мумкин эмаслигини уйда ҳам уқтиринг деб айтилади", дейди тошкентлик ўқитувчи.

Муродилланинг синфида 35 та бола ўқиса, шунинг 15 нафарида мобил телефони бор. Кун давомида бир-икки соат телефон орқали мулоқот қиладиган бу ўқувчи телефондан уй вазифаларини муҳокама қилиш учун фойдаланамиз, дейди.

- Дарс вақтида телефонимизни "сассиз" қилиб қўямиз. Чунки фойдаланиш мумкин эмас, - дейди 9-синф ўқувчиси.

Аммо кузатувчилар уяли телефон ва ундаги хизматларнинг оддий одамлар учун ҳам қўл етар даражада арзонлиги боис ўқувчилар ундан фақат мулоқот учун эмас, балки интернет, мусиқа ва хабар алмашиш учун ҳам фойдаланишини айтишади.

"Турли хил керакли ва кераксиз маълумотлардан фойдаланиш имкони кўпайиб кетди. Бу нарса болаларни чалғитади. Мисол учун кераксиз сайтларга кириши, юқори синф ўқувчилари дарс вақтида мусиқа эшитиб ўтириши мумкин, бир-бирига хат ташлаши, яъни sms дан фойдаланиши. Телефоннинг қанақа функцияси бўлса, ўшани кенг кўламда қўллашади. Буларнинг ҳаммаси кўпинча дарс ҳисобидан бўлади. Шунинг учун дарс вақтида мактабда телефон умуман мумкин эмас. Яъни ўқув жараёнига таъсир қилмаслиги керак", дейди Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси.

Ўзбекистон мобил телефонлардан фойдаланиш шиддат билан ортиб бораётган давлатлар сирасига киради. 2010 йил август ойи маълумотларига кўра, Ўзбекистонда мобил алоқаларидан фойдаланувчиларнинг сони 18 миллиондан ошиб кетган. Шундан 10 фоиз атрофидаги фойдаланувчиларнинг вояга етмаган ўсмирлар эканлиги таъкидланади.

Ўзбекистондаги йил сайин шиддат билан ортиб бораётган интернет фойдаланувчиларнинг салмоқли қисмини ҳам айнан ёшлар ташкил этиши айтилади. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, олти ярим миллиондан кўпроқ интернет фойдаланувчиларнинг тенг ярмини мобил телефон орқали кирувчилар ташкил этади.

Кузатувчиларга кўра, ўсмирлар ҳаётининг муҳим таркибига айланаётган уяли телефонлар зарарли бўлса ҳам ундан бутунлай воз кечиб бўлмайди. Балки ёшларнинг орасида фойдаланиш маданиятини шакллантириш керак.

- Телефонга бўлган муносабатни шакллантириш керак. Телефондан барибир воз кечолмаймиз, бу керак нарса. Болаларга фойдаланишининг тўғри вақтини билишини ўргатиб қўйсак бўлди. Қачон фойдаланиш керак, нима мақсадда фойдаланиш керак, мана шуларни уқтиришимиз керак, - дейди тошкентлик ўқитувчи.