АҚШ Давлат департаменти ҳисоботини Ўзбекистон жиддий қабул қиладими?

АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар вазияти юзасидан чиқарган бу йилги ҳисоботида Ўзбекистон "хавотир уйғотувчи" давлатлар қаторида келтирилган.

Умумжаҳон ва халқаро қонунчиликда ҳар бир мамлакат ўз фуқароларининг эътиқодларига мувофиқ амалларини ошкорона, эркин ва тўлиқ ҳолда равишда адо эта олишлари учун имкон ва шароит яратиши лозимлиги кўзда тутилган.

Бу йилги ҳисобот АҚШ Президенти Барак Обаманинг "диний камситиш қаршисида қолаётганларни доимо қўллайлик", деган чақириғи билан бошланади.

Аввалги йиллар каби, ҳисобот бу сафар ҳам Ўзбекистонни диний эркинликларни энг қаттиқ топтовчи давлатлар сирасига киритган.

Лекин Ўзбек жамияти ва бу ердаги турли диний гуруҳлар аслида бошқа динларга нисбатан бағрикенг, дейилади ҳисоботда.

Лекин, дейди ҳисобот, 1998 йилги эътиқод эркинлигига оид қонун диний гуруҳлар ҳуқуқини қисқартириб, уларнинг рўйхатдан ўтишини чеклайди.

Масалан, диний адабиётларин келтириш ва ёки тарқатиш, хусусий диний таълим бериш жиноий ҳаракат саналади.

Масалан, Туркиядаги Исломий гуруҳ - "Нур"чиларнинг 141 аъзосини Ўзбек ҳукумати экстремист деб атаган ва уларни 12 йилгача қамоқ жазоларига ҳум этган.

"Акромия" гуруҳи ҳам 1997 йилдан бери таъқиб этилмоқда, дейилади Давлат департаменти ҳисботида.

Милиция Насроний ва Баҳоийлар ибодат қилаётган чоғи босқинлар ўтказгани ҳам қайд этилади.

Кичик диний гуруҳ вакилларига кўра, уларга катта жарималар солинади ва ё қисқа муддатга қамоққа ташланишади.

Кўплаб кичик диний гуруҳлар қонундаги талабларга тўғри келмагани учун рўйхатдан ўта олмайдилар. Ҳисоботда диний ҳуқуқи камситилган қатор шахсларнинг номлари ҳам келтирилган.

Улар орасида шу йил бошида жиҳодчи дея олти йилга ҳукм этилган машҳур Ислом дини ва футбол шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов ҳам бор.

Жаноб Ҳамидовга жамоат тартибини бузиш йўлида ноқонуний адабиётларни тарқатган каби айбловлар ҳам қўйилган.

Ҳисоботга кўра, АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқлари бир қисми сифатида диний эркинликларни мубоҳаса этиш учун Ўзбек ҳукумати билан бевосита мулоқотга киришади.

Айни дамда Америка Ўзбек ҳукуматига чақириқ билан чиқиб, кўпроқ диний эркинлик бериш, кўпроқ масжидларни рўйхатдан ўтказиш ва мустақил диндорларга умумий авф эълон қилиш керак демоқда.

Хусусан, диний бағрикенглик ва сиёсий хавфсизлик ўзаро бир-бири учун муҳимлиги ҳам урғуланади.

Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзбекистонлик мусулмонларнинг фақат намоз ўқигани ёки рўмол ўрагани учун Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати, милиция томонидан босимга учраётгани ҳоллари шу кеча-кундузда ҳам давом этаётганини урғулайдилар.

Мусулмонларнинг оддий ҳуқуқлари поймол этилаётган бир пайтда Ўзбекистондаги кичик диний гуруҳларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида гапириш эриш туюлади, дейди мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган таниқли уламо Обидхон қори Назаров.

АҚШ Давлат департаментининг бу каби танқидий ҳисоботларидан Ўзбекистон расмийлари тегишли хулоса чиқарадиларми, деган саволга Обидхон қори салбий жавоб қайтаради.

Таниқли уламо фикрича, бу каби ҳисоботлардан "биз танқид қилаверамиз, сен ўзингнинг ишингни жавом эттираверасан" қабилидаги хулоса келиб чиқади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди