'Қозоғистонга ишлашга келаётган аёллар уч ҳисса зўровонликка дуч келишлари мумкин'

Қозоғистонда “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси бошланган. Ҳар йили бўладиган ушбу акцияда бу сафар меҳнат муҳожирлари бўлган аёлларга ҳам кўпроқ эътибор қаратиш назарда тутилган. Мутахассислар Ўзбекистондан Қозоғистон ва Россияга кўплаб аёллар ишлаш учун келишини айтишади. Уларнинг муаммоси эса кўпда ечилмай қолиб кетади.

Дунёдаги меҳнат муҳожирларининг 40 фоизини аёллар ташкил қилиши айтилади. МДҲ доирасида ушбу рақамлар тадқиқ қилинмаган. Аммо Бирлашган Миллатларнинг Аёллар масалаларини ривожлантириш жамғармаси ЮНИФЕМ ўтказган сўровга кўра, Қозоғистонга аёл меҳнат муҳожирлари асосан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келиши ўрганилган.

ЮНИФЕМ ташкилотининг МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Дамира Сартбаеванинг айтишича, Ўзбекистондан келаётган аёл меҳнат муҳожирлари асосан Қозоғистон жанубидаги далаларда мавсумий ишларда банд бўлишади.

Ушбу аёллар Қозоғистонда атрофдагиларнинг ёқтирмаслик каби хислатларидан озор чекади, дейди у.

-Ишлашга келаётган аёллар уч ҳисса зўравонликка дуч келишлари мумкин. Турмуш ўртоғи билан келган аёллар эрларига ёрдам бериб, ўзлари ҳеч нарса ололмайди. Иккинчидан улар кўчага чиқолмайди. Чунки чиқишса, ҳақоратланиши ва турли муаммоларга дуч келиши мумкин. Учинчидан, агар улар ишлашса, иш берувчи томонидан адолатсизликка дуч келишлари мумкин, дейди Дамира Сартбаева.

Яқинда Олма ота вилоятидаги далаларда ишлаган аксари аёллардан иборат бўлган ишчилар 6 ойлик меҳнатдан сўнг ҳақларини олишмаган эди. Маҳаллий матбуот вакиллари муаммога эътибор қаратганидан сўнг уларнинг бир қисм маошлари берилди.

Ўз ҳуқуқларини билмаслик ва маҳаллий қонунларнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан ўта ўнғайсизлиги аёл ишчиларнинг ҳуқуқлари топталишига асосий сабаблардан деб кўрилади.

Шаҳардаги меҳнат муҳожири бўлмиш аёллар эса, деярли кўринмайди. Улар оилаларда энага, тарбиячи ёки ошпаз бўлишни афзал билишади. Мутахассислар бундай ҳолатда уларнинг муаммолари юзага чиқмай қолиб кетиши мумкинлигини айтишади.

Шаҳарга хос бўлган яна бир муаммо аёлларнинг тана сотишга мажбурланишидир. Ўтган йили Қозоғистонда 47 та жиноий иш очилган. Уларнинг қанчасида ўзбекистонликлар жабрланувчи бўлганини аниқлай олмадик. “Инқирозий марказлар иттифоқи” жамоат ташкилотининг раҳбари Зулфия Байсакованинг айтишича, бундай ҳолатга тушиб қолган аёллар мажбур ҳолатлардагина мурожаат қилиши мумкин.

-Биз уларга ёрдам берганимиздан сўнг, ҳаттоки, мен билан ҳам саломлашмайди. Улар уялишади, қўрқишади. Ҳаётининг энг қора нуқталарини эслаш ёқимсиздир, дейди Зулфия Байсакова.

Меҳнат муҳожири бўлган аёлларнинг муаммоларга дуч келишига ҳукумат омили ҳам биринчи ўринларда туриши айтилади. Қозоғистонда меҳнат муҳожирларига нисбатан қонунларнинг ўта қаттиқ ва номукаммал ишлаб чиқилгани айтилса, Ўзбекистон томонининг фуқароларини бошқа давлатда ҳимоя қилиш учун етарли ҳаракатлар қилмаётгани танқид қилинади.

-Ўзбекистон ҳукумати бу муаммога эътибор қаратиши керак. Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатлар билан келишувлар имзолашнинг устида ишлаши керак. Мисол учун, Молдова 12 давлат билан мана шундай икки томонлама келишув имзолаган. Ушбу ҳужжатлар молдоваликларнинг ривожланган Оврўпо давлатларидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. 12 та давлат билан келишув кўп ё камлиги ҳақида бир нарса деёлмайман, аммо ушбу давлатларда молдоваликлар ўзларини ҳимояланган ҳис қилишади, дейди ЮНИФЕМ ташкилотининг МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Дамира Сартбаева.

Қозоғистон меҳнат муҳожирларини ўзига оҳанграбодек тортувчи давлат ҳисобланади. Норасмий маълумотларга кўра, мамлакатда миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари фаолият юритади.