Ўзбекистоннинг дўстидан душмани кўпми?

Image caption Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда раҳбарларнинг шахсий муносабати аҳамияти кам эмас

Салом ҳурматли Би-Би-Си.

Сизларга ушбу электрон мактубимни йўллашдан мақсад, кейинги пайтларда мени ва кўплаб танишларимни ўйлантириб келаётган, суҳбатларда қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган бир масала юзасидан фикрларимни баҳам кўриш эди. Бу Ўзбекистоннинг қўшни ва қўшни бўлмаган мамлакатлар билан муносабати ҳақида.

Бунга "нима учун ҳамма Ўзбекистонга қарши иш кўради, биттаси бизни сувсиз қолдирмоқчи бўлса, иккинчиси экологиямизни булғайди, учинчиси биз эришаётган ютуқларни кўролмасдан мамлакатимизни беқарор қилишга уринади, тўртинчиси табиий заҳираларимизга эга бўлишга интилиб, халқни ҳукуматга қарши қўймоқчи бўлади, бешинчиси ўз геосиёсий мақсадларини инсон ҳуқуқлари билан пардалайди, олтинчиси диний экстремизни , еттинчиси ғарбона маънавий бузуқликни эскпорт қилмоқчи бўлади, саккизинчиси..." деганга ўхшаш даъволар туртки бўлди.

Наҳотки атрофимизда шунчалар душман кўп бўлса, ва умуман, давлатлар муносабатида дўсту-душман қандай танилади? "Қўшнинг тинч - сен тинч" деган мақолни ҳар доим такрорласак-да, нега бирорта қўшни мамлакат билан сўзда эмас, амалда дўстона муносабат ўрнатганмиз дея кўкрак кериб айта олмаймиз?

Аввало, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида, ёшларга сиёсий мафкурани тушунтиришда дастуруламал сифатида тинимсиз такрорланадиган бир иборага тўхталсам: "мамлакат ҳам инсонга ўхшаган, инсоннинг дўсти ва душманлари бўлгани каби, мамлакатнинг ҳам дўсту душмани бор."

Назаримда, Ўзбекистон бугун гўё дўстдан кўра кўпроқ душман қидириш билан оворадек. Бизга қўшни бўлган барча давлатлар билан муносабатимизни бунга яққол мисол қилиб олса бўлади.

Яқинда дўстларимизнинг "гап"ида ана шу масала юзасидан баҳс кетганда, аслида ҳам ҳеч бир қўшни давлат билан самимий алоқамиз йўқлиги намоён бўлди. Бунга ким кўпроқ айбдор? Ўзбекистон бойлиги ва ютуқларини кўролмайдиган қўшниларими? Ёки қўшнилар билан чегараларни иложи борича ёпиқ ушлашга ҳаракат қилаётган ўзимизнинг давлатми?

Айни шу саволда фикрлар хилма-хил эди. Кўпчилик иложи борича айбни қўшнилардан қидиришга уринади. Тожикистон билан сув муаммоси, Қирғизистондаги ўзбекларга қарши қилинган қирғин асносида бу икки давлат ўзбеклар назарида том маънода дўст бўлмаган мамлакатга айланиб улгурди. Лекин Ўзбекистоннинг ҳам айби бормикин?

"Гап"даги гап

Ўзаро "гап"да журналист дўстимиз яқинда бўлиб ўтган анжуманни мисол келтирди.

"Биз Марказий Осиёда экологик муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро қонун меъёрларини қўллаш бўйича халқаро анжуман ўтказдик. Унга бутун дунёдан меҳмонлар таклиф этдик. Бироқ бизнинг эътирозларимизни тинглаши лозим бўлган мамлакат мутахассисларини, яъни Тожикистон ва Қирғизистон вакилларини чақирмаймиз. Келса, эшикдан киритмаймиз. Аксар халқаро ташкилотлар вакиллари ҳайрон", дейди дўстимиз.

Тожикистон ва Қирғизистонда қурилажак сув омборлари бўйича анжуманни қандай қилиб бу икки давлатсиз ўтказиш мумкин? Хабарларга кўра, Тошкентдаги "Интерконтинентал" меҳмонхонасида ўтган бу анжуманга тожик ва қирғиз дипломатлари келишган, бироқ уларни эшикдан киритишмаган.

Маҳаллий мутахассисларга кўра, сув заҳираларидан фойдаланиш муаммосини ҳал қилишда ўзаро ён босишларга асосланиш керак. Бироқ ўзаро "душман" образини яратиш, халқларни бир-бирига қарши қўйиш билан келажакда бу муаммоларни ижобий ҳал қилиш ўта мушкул кўринади.

Ёки худди шу каби, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги ташаббуси. Мамлакат раҳбари бир неча йиллардан буён халқаро минбарларда такрорлаб келаётган 3+6 ташаббуси қанчалик олқишларга сазовор бўлмасин, унга Афғонистоннинг ўзи киритилмаган. Ўзбекистон билан яқин дўстона муносабатларда бўлган шарқ мамлакатларидан бирининг вакилига кўра, қандай қилиб Афғонистонда тинчлик ўрнатиш муаммосини мазкур мамлакат иштирокисиз муҳокама этиш мумкин.

Тожикистон ва Қирғизистон билан танглик ўз ҳолича, бироқ Ўзбекистон билан деярли ҳеч қандай ўзаро эътирозларга эга бўлмаган Қозоғистон билан муносабатларимиз ҳам аслида очиқ ва самимий эмасдек. Қозоғистон ҳақида, бу мамлакатнинг минтақада ошиб бораётган залворли ўрни ҳақида гапириш асло мумкин эмас. Жаҳон молиявий инқирозининг Қозоғистонга салбий таъсири ҳақида марҳамат, ҳар қанча гапириш мумкин.

Дарвоқе, глобал молиявий инқирознинг Ўзбекистон иқтисодига деярли таъсир этмагани мамлакат мафкураси ва ташқи сиёсатида энг "самарали тарғибот қуролига" айлангани туфайли айрим кишилар назарида Ўзбекистондан ташқаридаги ҳаёт аллақачон издан чиқишга улгурган.

Яқинда Олма-Отада бўлиб қайтган танишимиз шаҳарнинг тижорий ҳаёти ҳақида ҳавас билан гапирганда, бошқа суҳбатдошимиз ҳайратини яшира олмади. "Нега, уларда ҳаёт яхшими? Ахир молиявий инқироздан кейин иқтисоди барбод бўлмадими уларнинг?" дейди у гўёки афсус қилгандек.

Қозоғистон раҳбариятининг чегараолди савдосини ривожлантириш бўйича қилган бир қанча таклифлари ҳам Ўзбекистон томонидан жавобсиз қолдирилган.

Туркманистон билан муносабатимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Чегараолди аҳолисини айтмаса, ўзбекистонликлар учун бундай мамлакат гўё мавжуд эмас. Кундалик матбуот ва телеканаллардаги хорижий хабарларга назар солинса, биз назаримда Оврўпонинг қоқ ўртасида ёки Жанубий Америкада жойлашганмиз.

Чунки матбуот қўшни Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги сиёсий ва ижтимоий ўзгаришларни умуман ёритмайди.

Узоқдаги дўстлар

Олмония, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Сингапур ва Араб давлатларидан айримлари Ўзбекистон билан илиқ муносабатларга эга давлатлар сифатида кўрилади. Таҳлилчиларга кўра, бунинг асосий сабабларидан бири сифатида мазкур давлатлар Ўзбекистон билан муносабатларда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари каби масалаларни кўтармаслиги. Қолаверса, бу мамлакатлар тадбиркорлари ўзбекона "инжиқликлар", яъни шаффоф бўлмаган бизнес юритишга кўникиб қолган, дейди таҳлилчилар.

Олмония ва Япония эса асосан дунё ҳамжамиятида тутган ўрни учун ва Ўзбекистонга нисбатан бошқаларга қараганда анчайин дўстона муносабатлар илинжида кўп нарсаларга кўз юмиши туфайли ҳукуматимиз назарида ардоқли давлатларга айланган.

Бироқ Ўзбекистоннинг шартлари ва инжиқларига Олмония ва бошқа ҳар қандай давлатдан кўра ҳам кўпроқ тайёр бўлган Туркия негадир йиллар давомида Ўзбекистон билан ҳукуматлар даражасида яқин алоқа ўрната олгани йўқ.

АҚШ ва Россия эса Ўзбекистоннинг деярли 20 йиллик мустақиллик тарихида "дўст" ва "душман" сиймосини бир неча марта алмаштириб улгурди-ки, эндиликда ўзбек мулуозимлари ҳам, ҳукумат назоратида бўлган матбуот ҳам бу давлатлар ҳақида эҳтиёткорлик ила сўз юритади. Оқибатда оддий одамлар сиёсатдаги бу ўзгаришларни ўз вақтида илғамай қолади. Давраларда АҚШни сўкиб турган одамга бу мамлакат билан алоқаларимиз бугун яхшиланиб бораётгани эслатилса, дарҳол оҳанг ўзгаради.

Россия билан алоқалар кейинги йилларда бирмунча совиди, лекин оддий одамларда Россияга нисбатан илиқ муносабатлар сақланиб қолган ва бу асосан у ердаги муҳожир ишчилар юбораётган миллионлаб долларлар билан боғлиқ.

Эҳтиёткорлик шу даражадаки, ўзбек матбуоти бу икки давлат ижтимоий ва сиёсий ҳаёти ҳақида деярли ҳеч нарса ёзмайди. Сув тошқинлари, ёнғинлар, гирдоблар, автоҳалокат ва жиноятчиликка оид қисқа лавҳалар бундан мустасно.

Ўзбекистонда самимий ва дўстона кўрилган яна бир давлат Ҳиндистондир. Бу ерда ҳинд кинофилмларининг анъанавий таъсири ҳам, Тошкентда ўтадиган ҳар бир анжуманда Ўзбекистон ютуқларини кўкларга кўтарадиган ҳиндистонлик сон-саноқсиз экспертларнинг ҳам ўрни беқиёс. Алоқалар шу даражада юксакки, Ўзбекистондаги НТТ телеканали ҳинд ватанпарварлиги ва мусулмонлар экстремизми ҳақидаги Болливуднинг тарғибот руҳидаги филмларини тинимсиз намойиш қилади, айниқса, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари.

Айтиш жоизки, ўзбек матбуотида қўшни ва қўшни бўлмаган давлатлар ҳақида лавҳалар баъзан пайдо бўлиб туради. Бирор мамлакат раҳбари Ўзбекистонга сафар қилса ёки президент қайсидир мамлакатга расмий ташриф билан борса, сафардан бир-икки кун аввал қуруқ рақамларга тўла мақолалар эълон қилинади. Унда бу мамлакат билан дипломатик алоқалар ўрнатилган йил, ўзаро имзоланган ҳужжатлар рўйхати, савдо-сотиққа оид рақамлардан бохабар бўлиш мумкин, холос.

Ташқи душманнинг қулоғи ҳамма ерда кўринади

Мамлакат мафкурасидаги "ташқи душманлар" ва "Ўзбекистон ютуқларини кўра олмайдиган ва табиий заҳираларини ўзлаштириб олиш учун ҳар қандай разил ниятлардан қайтмайдиган" давлатлар ҳақидаги тарғибот ва қисман собиқ шўро мафкураси туфайли ҳеч кимга ишонмаслик одати тобора чуқур илдиз отаяпти.

Оддий одамлар, ҳар бир шаҳарга кириб чиқишда турадиган милиция ходимлари билан суҳбатлардан шунга амин бўлдимки, ҳеч ким Ўзбекистонга яхши ният билан келмайди. Бирлашган Миллатлардан тортиб, каттаю кичик кўмак ташкилотлари ходимлари, қўйингки, Ўзбекистонни кезиб юрган ҳар бир хорижлик айғоқчидир.

"Қаранг буларни, жип машиналарда юради, энг сара ресторанларга киради. Қаердан топади шунча пулни? Ўзбекистонда шунча пул сарфлар экан, бундан ўн баробар кўп пул олиб чиқиб кетиш ниятида булар," дейди вилоятлар ўртасидаги текширув постида турган милиция ходимларидан бири.

Тошкентдаги русийзабон рўзномада ишловчи журналист аёлнинг айтишича, ҳаттоки сайёҳлар орасида ҳам "ёвуз ниятли экстремист ва террористлар талайгина."

Сайёҳлар асосан ўзига тўқ ва демократик мамлакатлардан келаётгани ҳақидаги эътирозим унга кор ҳам қилмади.

"Ҳаммаси бир гўр, уларнинг ҳар бирини синчиклаб текширувдан ўтказиш керак. Фарқи йўқ, Олмониядан келадими, АҚШдан, барибир чет эллик, демак ғаламис," дейди у.

Эл орасида танилган оқсоқол кишининг айтишича, Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан чегараларни тўлиқ ёпиб бўлгандан сўнг мамлакат ичида фаровонлик бошланиши мумкин.

"Булар ҳозир бизнинг боримизни ташиб кетаяпти-да. Шунинг учун бизда нархлар кўтарилиб кетган. Чегараларнинг ҳаммаси тақа-тақ ёпилгандан кейин давлат нархларни туширади, ана ўшанда тўкинчилик бошланади," дейди оқсоқол.

Шуни айтсалар керак-да ҳар каллада ҳар хаёл деб. Мактубимда бу масалага батафсил тўхталганим сабаби ҳам бошқаларнинг бу борадаги фикрларини эшитиб кўрмоқчи бўлганимдир. Мактубдаги айрим истеҳзолар учун эса аввалдан узр сўрайман деб, ўзбекистонлик мухлисингиз.