АҚШ Давлат котиби Марказий Осиё минтақасига сафарини бошламоқда

Image caption Ҳиллари Клинтон хоним Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ҳам учрашмоқчи

АҚШ Давлат департаментининг билдиришича, Ҳиллари Клинтон хоним Марказий Осиё ва Баҳрейнга тўрт кунлик сафари давомида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ҳам учрашади.

Клинтон хоним ўз сафарини эртага Қозоғистондан бошлайди ва Остонада Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида иштирок этади.

ОХҲТига аъзо 56 давлат вакилларининг олиймақом учрашувида Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Олмония канцлери Ангела Меркелларнинг ҳам қатнашишлари кутилмоқда.

АҚШ Давлат котибининг минтақага сафари WikiLeaks веб саҳифаси Американинг 250 мингга яқин нозик дипломатик ёзишмаларини эълон қилган бир пайтга тўғри келмоқда.

Улар орасида Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг Бирлашган Миллатлар алоқа тизимлари ва расмийларига оид маълумотларни тўплаш ҳақидаги кўрсатмаси, Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ Америкога мурожаат қилиб, Теҳрон ядровий дастурига барҳам бериш учун такрор-такрор Эронга ҳужум қилишни сўраганига доир хатлар бор.

Жамоатчиликка чиқиб кетган дипломатик ёзишмалар Клинтон хонимни ўзининг яқин иттифоқчилари қаршисида ноқулай аҳволга қўйиши мумкин.

Клинтон хоним икки давлат орасидаги стратегик ҳамкорлик масаласини муҳокама этиш учун Қозоғистон президенти ва ташқи ишлар вазири билан ҳам учрашмоқчи.

Қозоғистон сўнгги йилларда Американинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини дастаклаш масаласида фаол ташаббус кўрсатиб, яқинда Афғонистонга янги ҳаво йўлаги очиб беришга ҳам рози бўлганди.

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг нефть ва газ саноатида Америка ширкатлари узоқ вақтдан буён анча фаол иштирок этиб келишади.

Аммо, хабарларга кўра, Клинтон хоним ўз музокаралари чоғида Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ аҳволга ўз эътиборини қаратиш ниятида.

Қозоғистонга сафари ортидан, АҚШ Давлат котиби Қирғизистон ва Ўзбекистонга ҳам ташриф буюришни режалаган.

Клинтон хоним Қирғизистонда экани чоғида апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ва июн ойидаги миллий низолар ортидан томонларни сулҳу мадорага ундашга кўпроқ диққат қилмоқчи.

Қирғизистоннинг "Манас" аэропортида Американинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун ниҳоятда муҳим бўлган ҳаво базаси жойлашган.

Сўнгги пайтларда ҳаво базасидан фойдаланиш муддатини узайтириш ва уни ёқилғи билан таъминлаш ишлари атрофида анчагина баҳсу мунозаралар кучайган.

АҚШ Давлат департаментининг расман билдиришича, Клинтон хоним Ўзбекистонга сафари давомида президент Ислом Каримов билан учрашмоқчи.

Ўзбекистон Американинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келади.

Ва сўнгги пайтларда АҚШ ҳарбийлари учун Ўзбекистондан ҳам ўтувчи Шимолий Таъминот Тизимининг аҳамияти ортиб бормоқда.

Айрим хабарларга кўра, Шимолий Таъминот Тизими орқали Афғонистонга етказиладиган юкларнинг 30 фоизи ташилади ва бу юкларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистоннинг Термиз чегара нуқтасидан ўтади.

Сўнгги пайтларда америкалик юқори мартабали мулозимлар ва ҳарбийларнинг Ўзбекистонга сафарлари одатий тус олган.

Аммо буларнинг барчасига қарамай, АҚШ Давлат департаментининг сўнгги йиллик ҳисоботларида ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлар билан боғлиқ аҳвол кескин танқид остига олинади.

Департамент томонидан яқинда эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон "хавотир уйғотувчи" давлатлар қаторида тилга олинади. Ва Ўзбекистон бу сафар ҳам диний эркинликларни энг қаттиқ топтовчи мамлакатлар сирасига киритилади.

Жорий йил бошида чиқарган ҳисоботида эса, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда давом этаётгани учун танқид остига олганди.

Ҳиллари Клинтон хоним ўз сафарини Баҳрейнда якунлайди. Клинтон хоним у ерда Эроннинг ядровий дастури ва Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнига ўз эътиборини қаратмоқчи.