Wikileaks: Қочқинлар Руминияга учган куни Ўзбекистон "Хонобод"ни ёпиш талабини қўйган

Wikileaks ошкор этган АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга бағишланган ҳужжатларда "Хонобод" ҳарбий базасидан фойдаланиш борасидаги келишув тафсилотлари ҳақида сўз боради.

Ошкор қилинган ҳужжатлардан бири 2006 йил март ойида Америка Конгресси учун тадқиқот хизмати томонидан берилган таҳлил.

Таҳлил 2005 йили Ўзбекистондаги АҚШнинг "Хонобод" ҳарбий базасининг ёпилишидан сўнгги вазиятга назар ташлайди.

Таҳлилда дастлаб Ўзбекистон билан ҳарбий база борасида Вашингтон эришган келишув тафсилотлари берилган.

Айтилишича, базадан фойдаланиш эвазига Америка томони хавфсизлик кафолатлари билан бирга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларини ҳам нишонга олишни ваъда берган.

Келишув муддати чексиз, лекин ҳар бир томон 180 кунлик огоҳ бериб, келишувга чек қўйиш ҳуқуқига эга бўлган.

Ушбу ҳужжатда айтилишича, 2005 йилга келиб "Хонобод"дан Афғонистонга ҳар куни тахминан 60 киши ва 50 тонна юк ташилган.

Базанинг ўзида 1000 га яқин ходим жойлаштирилган ва 2001 йилдан бошлаб, "Хонобод"дан АҚШ ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетгунича 40 мингга яқин учоқ учиб-қўнган.

2004-2005 йилларга келиб икки ўртада совуқлик кузатила бошлаганидан сўнг Ўзбекистон томони база учун шу вақтгача тўланмай ё ортга суриб келинган тўловларни талаб қила бошлаган ва 2005 йил май ойида Конгресс учиш-қўниш йўлакларини таъмирлаш учун 42 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни маъқуллаган.

Лекин 2005 йил майида Андижон хунрезлиги боис муносабатларнинг янада совуқлашиб кетиши ортидан бу тўлов ҳам кечиктирилган.

Ҳужжатда айтилишича, дастлаб АҚШ маъмурияти Андижондаги ҳодисалар юзасидан эҳтиёткорона муносабат билдирган, лекин кейинчалик халқаро мустақил текширув ўтказиш даъватларига қўшилган.

Ана шу ва яна бир қатор инсон ҳуқуқлари топталиши ҳолатларининг танқид қилингани сабаб июн ойига бориб Ислом Каримов ҳукумати "Хонобод"дан тунги парвозларни ҳамда оғир юк учоқларининг учиб-қўнишини тақиқлаб қўйган.

2005 йил 28 июл куни Андижондан Қирғизистонга қочиб ўтган қочқинларнинг Руминияга учирилиши куни Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги АҚШ элчихонасига базанинг олти ой мобайнида ёпилишини талаб қилган мактубни юборган.

Шунингдек, кейинчалик Оврўпо Иттифоқи бир қатор ўзбек расмийларига виза бериш таъқиқини жорий этганидан сўнг Белгия, Испания, Голландия ва Швецияга ҳам Ўзбекистондаги базадан фойдаланиш тақиқланиши ҳақида айтилган.

АҚШ Конгресси таҳлилий марказига кўра, шундан сўнг 2006 йили январ ойида ЎЗбекистон Олмониянинг ҳам базадан фойдаланиш хукукини бекор қилиш билан пўписа қилган.

Олмониядан кўпроқ молиявий ёрдам сўралган. Хужжатда айтилишича Олмония база учун йилига ЎЗбекистон томонидан 3 миллион евро тўлайди.

2004 йили АҚШ мудофаа вазирлиги томонидан чиқарилган таҳлилда айтилишича, ўша вақтдаги Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов қуролли кучларни "ғарблаштириш"нинг қатъий тарафдори бўлган.

Лекин Ўзбекистоннинг Хитой ва Россия билан ҳарбий алоқаларининг яна кенгайиши манзараисда бу режалар амалий шакл олмаган.

Конгрессга тақдим қилинган ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистондаги ҳодисалар АҚШ ҳукуматининг терроризмга қарши кураш ва демократлаштириш сиёсатларини биргаликда олиб бориш йўлида катта муаммо туғдирган.

2005 йил август ойида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Николас Бернс Америка инсон ҳуқуқлари томонида қатъий туришини баён қилган.

Лекин таҳлилчилар Америка маъмурияти учун Ўзбекистон талаби бир қадар кутилмаган бўлганлигини таъкидлаганлар.

ЎЗбекистон ҳарбий базани ёпибгина қолмай, терроризмга қарши курашнинг бошқа турлари ва бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликларни қисқартира бошлаган.

Америка Мудофаа вазирлигига кўра, "Хонобод"даги базанинг ёпилиши баъзи амалий муаммоларни келтириб чиқарган бўлса ҳам, Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар ва умуман глобал миқёсда терроризмга қарши курашга катта таъсир кўрсатмаган.

Wikileaks келтирган яна бир ҳужжат АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнеллнинг элчилик муддати тугаши олдидан ёзган мактуби.

Жаноб Пурнелга кўра, Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий ҳаётни монополиялаштириб олган унчалик катта бўлмаган оилалар гуруҳининг манфаати учун фаолият юритадиган постсовет полиция давлатидир.

"Президент атрофидаги яқин доирага мансублик илгаригидек иқтидордаги партия мафкурасига эмас, балки Ислом Каримовнинг ўзига садоқатлилик билан эришилади. У (Каримов) шу йилнинг охирида Конституцияда ёзилган нарсаларга қарамай, навбатдаги муддатга яна сайланади. Ўзининг расмий ва хусусий баёнотларига зид равишда, Каримов ҳар қандай ислоҳотларнинг амалга оширилишидан манфаатдор эмас. У фақат Ўзбекистоннинг қатъий бюрократик иқтисодий ва сиёсий бошқарувидан манфаатдор, холос". деб ёзган Жон Пурнел.