Ўзбекистон ОХҲТни Қирғизистондаги ҳодисалар юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақирди

Остонадаги ОХҲТ саммитида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов яна бир марта шу йил июн ойидаги Қирғизистондаги қонли ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган.

"Шу йил ёзида Қирғизистон жанубидаги қонли миллатлараро тўқнашувларни бартараф этишда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ижобий рол ўйнамади", деб айтган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

"Тан олиш керакки, афсуски, ОХҲТ ва унинг структуралари шу йил июн ойида Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисаларни олдини олиш ва бартараф этишда ҳеч қандай ижобий рол ўйнамади", деди жаноб Норов.

"Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларни текшириш бўйича халқаро мустақил комиссия ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш лозимки, амалда бу гуруҳ на БМТнинг, на ОХҲТнинг ваколатига эга. Савол туғилади: бу гуруҳнинг натижаларини ким ва қайси даражада кўриб чиқади? Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ", деб айтган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Владимир Норов, Қирғизистонда зўравонлик ва унинг таъбирича, погромларни уюштирган шахслар ҳали жазога тортилмаганини таъкидлаган.

"Бунга нуқта қўйилмас экан ва Қирғизистон жанубидаги фожеаларнинг конкрет айбдорлари аниқланмас экан, бу фожеа такрорланмайди деб айтиш қийин", деган Владимир Норов.

"Фақат бир ёқлама ёндашувни инкор этадиган объектив, мустақил халқаро терговни ўз вақтида ўтказиш, халқаро ҳамжамиятнинг қаттиқ принципиал мавқеи Қирғизистоннинг қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасидаги ярашув ва келишувга йўл очиши мумкин", деб айтган Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари.

Жаноб Норовнинг айтишича, Қирғизистондаги 2010 йилдаги фожеали воқеалар туфайли Марказий Осиёдаги вазият беқарорлашишининг жиддий таҳдиди юзага келган.

"Қирғизистон бугун қўшнилари ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг инсонпарварлик ёрдамлари ва дастакловига муҳтож деб айтган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов.

Шу йил июн ойида Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида қонли ҳодисалар юз берди.

Оммавий қотилликлар ва хонадонларга ўт қўйилиши 100 минг атрофида ўзбекларни Ўзбекистон ҳудудида паноҳ топишга мажбур қилди.

Қирғиз расмийларига кўра, камида 400 инсон ҳалок бўлган.

Аммо Қирғиз мулозимлари хунрезликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони расмий рақамлардан анча кўплигини тан олишади.

Бир неча минг уй вайрон этилган, ўн минглаб инсонлар бошпанасиз қолганлар.

Қирғизистон жанубида истиқомат қиладиган ўзбеклар мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг исломий қуролли жангари гуруҳларга қарши деб эълон қилаётган махсус амалиётлари ўзларига қарши янги таъқиблар тўлқини бўлишидан хавотир билдиришмоқда.

Остона саммити арафасида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича Олий Комиссари Кнут Воллабек айрим қирғиз сиёсатчиларининг чиқишларидаги миллатчилик оҳангидан хавотирда эканини айтган.

ОХҲТ Қирғизистондаги миллатчилик кайфиятларидан хавотирда