Туркия ташкилоти Асқаров ўлими учун Анқара ва Тошкентни жавобгарликка тортмоқчи

Image caption Мазлум-Дер: Зайниддин Асқаров қамоқхонада узоқ йиллар давом этган қийноқлар натижасида оламдан ўтган

Туркиядаги етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири - Mazlum-Der ўзбекистонлик Зайниддин Асқаров ишини Туркия ва халқаро маҳкамаларга олиб чиқмоқда.

Зайниддин Асқаров Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Маҳкамаси эътирозларига қарамасдан, Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция этилганди.

Mazlum-Derнинг даъво қилишича, Зайниддин Асқаров қамоқхонада узоқ йиллар давом этган қийноқлар натижасида оламдан ўтган.

Ташкилот 39 ёшли Зайниддин Асқаров ўлими учун уни экстрадиция қилган турк расмийлари ва расмий Тошкентни масъул деб билмоқда.

Зайниддин Асқаров Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбарларидан бири эди.

У Туркияга 1998 йилда борган.

Ўзбек расмийлари уни 1999 йилги Тошкент портлашларига алоқадорликда айблашди ва Туркия ҳукуматидан уни экстрадиция этишни талаб қилишди.

Туркиядаги Mazlum-Der ва яна бир бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Зайниддин Асқаровнинг Ўзбекистонга қайтарилишига қарши кампания олиб боришди.

Улар Зайниддин Асқаровнинг одилона судланишига ишонмасликлари ва қийноқларга солинишини айтдилар.

Mazlum-Der ишни 1999 йил мартида Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Маҳкамасига олиб чиққан.

Маҳкама Зайниддин Асқаровни бир муддат экстрадикция этмасликни тавсия қилди.

Бироқ 1999 йил апрелида Туркия ҳукумати Асқаровни Ўзбекистонга маҳкама учун жўнатди.

Ушбу қадам бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан Human Rights Watch ва Amnesty International томонидан қораланди.

Ўзбекистон Олий Суди Зайниддин Асқаровни 10 йилга озодликдан маҳрум этди.

У берган кўрсатмалар Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбарлари Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдош, мухолифатдаги "Эрк" Демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳни устидан жиноий иш қўзғатилишига ёрдам берган.

Зайниддин Асқаров кейинчалик ёлғон ваъдалар остида кўрсатмалар берганини айтиб, маҳкамада берган баёнотларини қайтариб олди.

У ўз кўрсатмаларини бошқаларни ҳимоя қилиш учун имзолашга мажбур бўлганини айтди.

Қамоқда экан 2003 йилда Зайниддин Асқаров Би-би-сига оғир қийноққа тутилгани ва сохта айбловларга иқрор бўлишга мажбурланганини айтишга муваффақ бўлди.

Айни дамда, Mazlum-Der Асқаров ишини Оврўпо маҳкамасида давом эттирди.

2005 йил февралида Оврўпо маҳкамаси Туркия уни экстрадиция қилиб хатога йўл қўйгани, Туркия ҳукумати Асқаров ва унинг оиласига товон пули тўлаши зарурлиги ҳақида қарор чиқарган.

Шу йилнинг октябр ойида ўзбек расмийлари Зайниддин Асқаров жасадини унинг яқинларига қайтаришди.

Ўлим ҳақидаги гувоҳномада унинг "юрак етишмаслиги"дан вафот этгани айтилади.

Mazlum-Der идорий кенгашининг аъзоси, адвокат Гулдан Сўнмаз Би-би-сига Зайниддин Асқаровнинг соғлиғи қийноқлар натижасида ёмонлашгани айтди ва буни исботлаш учун улар барча зарурий халқаро ва маҳаллий маҳкамаларга бориш мақсадида эканларини билдирди.

"Биз ҳам Туркиянинг, ҳам Ўзбекистоннинг жазоланишини истаймиз. Биз Бош Прокурордан ўша пайтдаги Туркия президенти Сулаймон Демирел ва Асқаровни экстрадиция қилиш қарорини олган ўша пайтдаги ҳукумат аъзолари устидан тергов бошлашни сўрадик. Уларнинг қай тарзда маҳкамага тортилишини билмайман, аммо биз шуни талаб қилдик. Биз, шунингдек, жорий ҳукумат ва Президент Абдуллоҳ Гулга мактублар йўллаб, улардан Асқаровнинг қандай ҳалок бўлгани ва унинг ўлими учун ким масъул эканини аниқлаш учун барча чораларни кўришни сўрадик. Биз, шунингдек, БМТнинг Қочқинлар ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий Коммиссарликлари ҳамда Қийноқларни Бартараф этиш бўйича Оврўпо Коммиссиясига нома йўлладик. Биз бу халқаро ташкилотлардан Асқаров ўлими юзасидан тергов бошлашни сўрадик. Ўзбекистоннинг инсон ҳақларини таҳқирланишига оид турли хил ишларга алоқадорлигини ҳамма билади. Биз ўз ақида ва эътиқодлари учун юзлаб одамлар қамоқда эканини биламиз. Биз Асқаров ўлими текшириши баробарида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталишига якун ясалишини истаймиз", деб айтди Гулдан Сўнмаз.

.