'Халқаро Меҳнат Ташкилотининг нозирлари Ўзбекистонга киритилсин'

Олмониялик юқори мартабали ҳукумат мулозими, Олмониянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Маркус Лоенинг расмий Тошкентдан Халқаро Меҳнат Ташкилоти нозирларининг Ўзбекистонга бориб, текширувлар ўтказишларига изн беришини талаб қилмоқда.

Хабарларга кўра, куни-кеча Ўзбекистонга расмий сафарини якунлаган АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ҳам президент Ислом Каримов билан мулоқотлари чоғида болалар меҳнати мавзусини ҳам кўтарган.

Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири ҳисобланган пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш мунтазам тус олгани яхши ҳужжатлаштирилган эса-да, Тошкент расмийлари буни давомли равишда инкор этиб келадилар.

Биз жаноб Маркус Лоенинг билан боғланиб, нима учун ушбу масалани кўтаришга қарор қилганини сўрадик:

Жавоб: Албатта, болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланадиган давлатлар кўп, аммо Ўзбекистоннинг бу давлатлар қаторидаги ўрни бошқача! Бу ерда мажбурий болалар меҳнати ҳукумат томонидан уюштирилади. Бу ҳолат бир неча томондан ҳужжатлаштирилган. Ҳукуматнинг ўзи бутунбошли синфларни пахта ҳосилини териб олишга сафарбар этиши, мен сизга айтсам, жуда беқиёс бир ҳолдир.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистон мулозимлари билан айни масалада сўзлашиб, ўз хавотирларингиз билан ўртоқлашдингизми?

Жавоб: Мен ўтган ёз Ўзбекистонга сафар қилганимда, бу масалани мулозимлар билан кўтардим. Аммо бирор бир қониқарли жавоб ололмадим. Уларга мактуб йўлладим, аммо жавоб олганим йўқ. Бу хатимда мен бу йил вазият қандайлиги ҳақида сўрадим ва қачон мамлакат айни масалани текшириш учун Бирлашган Миллатлар ташкилоти ходимларига ўз эшикларини очади, деб сўрадим.

Би-би-си: Сиз айнан болалар меҳнатидан фойдаланишни назарда тутдингизми?

Жавоб: Худди шундай. Ўзбекистон бу борада тегишли конвенцияларни имзолаб бўлган. Халқаро Меҳнат Ташкилоти ана шу конвенцияларни амалга тадбиқ қилиш жараёни қандай кечаётгани билан қизиқмоқда ва бу борада текширув ўтказиш ниятида... Ўзбекистон мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишини доим рад этиб келади. Шунинг учун ҳам айни масалада шаффофлик яратилиши керак. Текширувчилар Ўзбекистонга киритилиши керак ва вазиятни ўрганмоғи лозим.

Би-би-си: Қуйидаги қарама-қаршиликни қандай тушунтирган бўлардингиз: бир томондан Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланишига оид ҳужжатлар етарлича - ҳисоботлар, фотосуратлар ва фильмлар бор, аммо Ўзбекистон болалар меҳнатидан биз фойдаланмаймиз, деб туриб олган...

Жавоб: "Келинг, буни бу тарзда қўяйлик: "Яхши ҳужжатлаштирилган" дейилгани нисбийдир. Чунки биз бутун Ўзбекистон бўйлаб манбаларга эга эмасмиз. Би-би-сининг батафсил ахбороти дохил кўплаб хабарлар бор. Яна Олмония матбуотида ҳам янги хабарлар чоп этиляпти. Биз яна бошқа манбалардан ҳам хабарлар олаяпмиз. Бундан ташқари, бу хабарлар муайян манзиллардан олинган. Воқеаларга ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиб турган айрим ўзбекистонлик фуқаролар билан ҳам алоқамиз бор. Сўзсиз, бутун Ўзбекистон бўйлаб вазиятни текшириш имконсиз бир нарса. Бироқ қўлимизда бор барча маълумотлар ва белгилар болалар меҳнатининг эксплуатацияси онда-сондалик бўлмай, мунтазам тус олганини кўрсатади. Лекин яна бир нарсани ижобий деб баҳолаш мумкин бўлар, яъни манбаларимизга кўра, бугунги кунда 12 ёшдан юқори бўлган болалар мажбурий меҳнатга жалб этилишаётган экан. Аслида бу каби ҳолларга ҳам тоқат қилинмаслиги керак. Аммо бундан ҳам кичик ёшдаги болалар меҳнат қилган йиллар билан солиштирганда, бугунги вазият аввалгиларидан кўра бироз яхши.

Би-би-си: Британия ва Америка, яна бошқа айрим ширкатлар Ўзбекистон пахтасидан фойдаланмасликка қарор қилишди. Сиз Олмония ширкатларига ҳам шуни тавсия этган бўлармидингиз?

Жавоб: Мен Олмония ширкатларига таъминот тармоқлари масаласида доимо эҳтиёт бўлишлари, сотаётган маҳсулотлари инсон ҳуқуқларини бузиш ёрдамида ишлаб чиқарилмаган эканига ишончлари комил бўлишини маслаҳат бераман. Менимча, олмониялик харидорлар ҳам бунга катта қизиқиш билдиришади. Чунки улар маҳсулотлар қандай шарт-шароитда ишлаб чиқарилганлиги масаласига жуда ҳам синчковлик билан ёндашишади. Ўзбек пахтаси билан боғлиқ муаммо шундаки, уни сотиш билан шуғулланувчи ташкилотлар ўз хом ашёларини тизимга бошқа давлатлар орқали чиқаришади. Бунинг натижасида, унинг қаердан келганини ортиқ назорат қилиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳам, агар сиз Осиёнинг қаеридадир ишлаб чиқарилган футболкани сотиб олсангиз, улар ишлатган пахтанинг асл манзилини билолмайсиз. Муаммо - ана шунда.

Би-би-си: Сизнинг танқидларингиз Олмониянинг ҳамкорлик сиёсатига қанчалик мувофиқ келади? Чунки Олмон ширкатлари Марказий Осиёда кўплаб реал иқтисодий шартномаларга эгалар? Сизнинг танқидларингиз уларнинг фаолиятларига бирор бир маънода салбий таъсир қилиши мумкинми?

Жавоб: "Йўқ. Биз Ўзбекистон томони билан сиёсий мулоқотлар олиб бориб келамиз. Бу ерда сўз иқтисодий муносабатлар ҳақида кетмоқда. Лекин мен уларни жуда фаол деб атамаган бўлардим. Ўзбекистон билан иқтисодий олди-бердиларимиз у қадар кучли эмас. Хавфсизлик, Афғонистон, Ўзбекистон ҳудудидаги ҳарбий базадан фойдаланиш масалаларида Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз кенг. Ана шу муносабатларнинг бир қисми ўлароқ, Ўзбекистон билан мулоқотларимизда инсон ҳуқуқлари масаласи йирик ўрин тутади. Шу сабабдан ҳам, мен ўтган йилги Тошкентга сафари чоғида Олмония ташқи ишлар вазирига ҳамроҳлик қилгандим.

Би-би-си: Тошкентдаги мулоқотларингизга ҳам тўхталиб ўтсак. Сиз у ерда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишдан ташқари бошқа инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларига ҳам эътибор қаратдингизми? Чунки кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб келишади?

Жавоб: "Албатта, мулоқотларимизда воситачилик қилган мулозимлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан бирга у ердаги вазият ҳақида ҳимоячиларнинг ўзларидан кўп нарсани эшитганман. Ўзбекистонда диний эркинликлар, сўз эркинлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар бор. Тузумга сиёсий мухолифатда бўлганлар ҳам кескин тазйиқ остидалар. Мен маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ташкилотларидан бунга ўхшаш кўплаб муаммолар борлигини эшитдим. Ва шундан сўнг, қарашлари ва муносабатларини билиш учун ўзим учрашган мулозимларга ҳам уларни ҳавола этдим. Мулозимлар, "Ҳеч ҳам бундай эмас" ёки "бу ерда ҳар ким оғзига келганини гапираверади," деб изоҳ беришди. Диний эркинликлар масаласида ҳам мулозимларнинг қарашлари бошқача эди. Уларга кўра, миссионерлик фаолияти яхши мақсадларни кўзлаб тақиқланган. Демоқчиманки, бунга ўхшаш масалалар юзасидан аниқ ва ошкора фикр алмашиб олганмиз. Бундан ташқари, Ўзбек томони қамоқхоналардаги аҳволни яхшилаш масаласида ҳам ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдираётганига ишора қилди. Қамоқхоналардаги аҳволни яхшилаш, маҳбусларга нисбатан номақбул муносабатларни камайтириш учун қамоқхоналар маъмурларини тайёргарликдан ўтказиш ниятида эканликларини айтишди. Шу сабабдан ҳам, ушбу соҳада маълум бир ўзгаришлар бўладиган кўринади. Аралаш-қуралаш манзара. Фарқлар яққол кўзга ташланиб туради: муайян соҳалардаги вазият мутлақ рад этилса, бошқасида ҳамкорлик қилишга бўлган ҳозирликни кўрасиз.

Би-би-си: Мана, қамоқхоналар масаласини айтдингиз. Биз яқинда "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланаётган айрим маҳбусларнинг оилалари билан сўзлашдик. Уларнинг бизга айтишларича, қийноқлар ва номақбул муносабатларга норозилик билдириб, деярли барча маҳбуслар очлик эълон қилишибди. Сизнингча, бу ўзбекистонлик масъуллар қамоқхоналардаги вазиятни яхшилашга ҳаракат қилаётганларидан далолат берадими?

Жавоб: "Мен сиз айтаётган сўзларни рад этолмайман. Мен вазият яхши ҳам деяётганим йўқ. Лекин ўзим мулоқотлар олиб бориб келаётган Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти ва бошқа мулозимлар билан сўзлашувларимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, вазиятни яхшилашга бўлган хоҳиш бор. Қандай бўлмасин, ҳеч бўлмаганда бизда ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилиш ва вазиятни босқичма-босқич яхшилашга эришиш имконияти бор. Сиз тилга олиб ўтган ҳодисаларни назарда тутсак, бунга ниҳоятда катта эҳтиёж бор.

Би-би-си: Олмониянинг мулоқотлар сиёсати аксилсамара бераётгани ва инсон ҳақларини яхшилашга хизмат қилаётганига оид танқидларга қандай қарайсиз?

Жавоб: Ҳа, биз Ўзбекистонга алоҳида ёндашамиз. Чунки Андижон воқеалари ортидан Оврўпо Иттифоқи қабул қилган санкциялар ва бойкотлар самара бермаганини кўрдик. Яъни, улар Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил тергов ўтказилиши билан якунланмади. Бунинг акси ўлароқ, сиёсий таъсиримиз ва ижобий томонга ўзгартириш имкони бўлган соҳаларга таъсир қилиш имкониятимиз ҳам камайди. Мен мулоқотлар сиёсати ва ҳукуматлар билан музокаралар орқали эришган сиёсий мавқеъдан фойдаланиш масаласида истаганча тортишишим мумкин. Чунки бунинг зидди ўлароқ ташқи босимни қўллаш фақат саноқли ҳоллардагина иш беради. Чунки бу каби йўл аксарият ҳолларда нариги томоннинг тўнини тескари кийиб олишига олиб келиши ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол яхшиланмаслиги мумкин.

Би-би-си: Мана, сиз Андижонни тилга олиб ўтдингиз. Ўтган ой Андижон ҳодисаларига оид янги ҳисобот Лондонда тақдим этилди. Ҳисобот ҳозир хориждан бошпана топган андижонлик икки қочқин томонидан тайёрланган. Улар икки юздан ортиқ қочқин билан суҳбатлари асосида ушбу ҳисоботни тайёрлашган. Ва унда янги гувоҳларнинг шоҳидликлари ҳам бор. Сизнинг идорангиз янги тадқиқот натижаларини ўрганиш ва бундан беш йил аввалги ҳодисаларга қайта баҳо беришга қизиқиш билдирган бўлармиди?

Жавоб: Менинг бу ҳисоботдан хабарим йўқ, аммо албатта ўқишни истаган бўлардим. Яъни, у ерда аслида нималар бўлганини яхшироқ тасаввур қилиш учун...

Би-би-си: Сиз аввалроқ Ўзбекистон билан мулоқот йўлга қўйилганини айтдингиз. Бу мулоқотлар, масалан, яна Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасида кечган мулоқотларни мисол қилиб олсак, ғалати бир манзара пайдо бўлади. Қўмита Тошкентдан савол сўрайди, Тошкент эса ўнлаб варақларда турфа тушунтириш ва оқловларни қалаштириб ташлайди...Мулоқот бор, аммо ўртада муросага келадиган ҳеч қандай нуқта йўқдай таассурот қолади. Ҳозирги вазиятда Тошкент билан инсон ҳуқуқлари борасида бирор бир мулоқот олиб боришдан манфаат бормикан?

Жавоб: Инсон ҳуқуқлари масаласида бир нарса аниқ, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масъулияти ҳукумат, бу ўринда Тошкентдаги ҳукумат бўйнидадир. Албатта, бизнинг Тошкентга ўтказадиган таъсиримиз чексиз эмас, чегаралангандир. Айрим ҳукуматлар билан бу соҳада яхши ишлаймиз, айримлари билан эса ундай эмас. Мен Ўзбекистон борасида биз яхшироқ ишлашимиз мумкин деб ишонаман. Биз барча имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз вазиятни яхшилаш йўлида...Қамоқхоналардаги вазият ўта ёмон. Аммо шунга қарамай, биз у ердаги ҳолатни яхшилашга уринмоқдамиз. Адлия тизими, ҳакамлар ва маҳкамалар соҳасида ислоҳотлар, шунингдек, ўқув тажриба, аксилкоррупция ташаббуслари билан чиқмоқдамиз. Биз нимагаки бу йўлда эришиш лозим бўлса, шунга ҳаракат қилмоқдамиз ва Ўзбекистон раҳбариятига инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан жиддий хавотирда эканимизни айтмоқдамиз. Шунинг учун мен, масалан, мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари ҳақида очиқ гапирмоқдаман. Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари халқаро қонунларни имзолаб, лафз қилдилар. Мажбурий болалар меҳнати йўқ дейишмоқда. Хўп, бу ҳолатда мамлакатга тегишли ташкилот текширувчиларини қўйишсин, жаҳон ҳамжамияти қаршисида бу мамлакатдаги вазият бўйича масъулиятни бўйниларига олсинлар.