Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ислом Каримов: 'Ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этишга чек қўйишнинг вақти етди'

Image caption Президент Каримов ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этишга чек қўйишнинг вақти етганини айтмоқда

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг айтишича, мамлакатда коррупция, товламачилик ва ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этишга чек қўйишнинг вақти етган.

Президент Ислом Каримов бу ҳақда кеча, 7 декабр куни Конституция кунини нишонлаш маросими чоғида қилган нутқида баён қилган.

Жаноб Каримовга кўра, "Коррупция, порахўрлик, товламачилик ва ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этиш каби ҳоллар кўплаб минтақа ва туманларда юз бераётганини ҳеч ким рад этолмайди. Ва қонунга зид бу каби ҳолатларга барҳам беришнинг пайти етган".

Коррупцияга қарши кураш олиб борувчи Transparency International халқаро ташкилотининг шу йил октябр ойида эълон қилган сўнгги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 178 мамлакат орасидан 172-ўринни эгаллаганди.

Бу коррупция даражаси Ўзбекистонда энг юқориларидан деганидир. Яъни, мисол тариқасида таққослаганда, Ўзбекистондаги коррупция даражаси қуролли низолар кечган ва кечаётган Ироқ ёки Афғонистонга ўхшаган мамлакатлардан сал яхшироқ экани аён бўлади.

Transparency International ташкилотининг кўрсаткичи у ёки бу мамлакат ҳақида бизнесменлар ҳамда мамлакатдаги вазиятни яхши биладиган экспертлар берган баҳоларига таянади.

Халқаро ташкилот хулосаларига кўра, Ўзбекистон жуда коррупциялашган мамлакат, аммо республика раҳбарияти бу иллатнинг олдини олиш ёхуд унга қарши курашиш учун ҳеч нарса қилмаяпти.

Ўзбекистон раҳбари эса, ўз ўрнида, маҳаллий мулозимлар томонидан ўз бизнесини очишга ҳаракат қилаётган хусусий тадбиркорларга ҳар хил тўсқинликлар бўлаётганини ҳам айтган.

Аммо жаноб Каримовга кўра, давлат ташкилотларининг "хусусий тадбиркорлик фаолиятига аралашуви"нинг олдини олиш учун Ўзбекистонда катта ишлар олиб борилган.

Ўз ўрнида Ўзбекистон президенти 2011 йилни "Кичик бизнес ва тадбиркорлик йили" деб эълон қилган.

Биз Ўзбекистондан мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов билан боғланиб, бугун амалий ҳаётда коррупция қанчалик илдиз отгани билан қизиқдик.