'Икки британ ширкати Ўзбекистондаги болалар меҳнати билан алоқадорликда текширилсин'

Конституцион ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Маркази Британия ҳукуматини мажбурий болалар меҳнатига оид халқаро йўриқномани бузганликда айбланган икки британ пахта ширкатининг фаолиятини текширишга ундаган.

Марказ Буюк Британияда Cargill Cotton ва ICT Cotton ширкатлари устидан шикоят аризаси билан чиққан.

Халқаро ташкилотга кўра, "ширкатларнинг Ўзбек пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилишига жиддий ҳисса қўшган-қўшмаганликлари ўрганилиши лозим".

Бу ҳақда Буюк Британия Матбуот Уюшмаси хабар тарқатган.

Конституцион ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Марказининг урғулашича, ҳар икки британ ширкати Ўзбек пахтасини сотиб олиш билан Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг йўриқларини бузишган.

Хабарда айтилишича, Cargill Cotton ширкати болалар меҳнати юзасидан Ўзбек ҳукуматига ўз хавотирларини изҳор этган ва муаммонинг муқобил ечимини топишнинг муҳимлигини урғулаганини баён қилган.

Шикоят ҳужжатларида Ўзбекистонда ҳар куз мавсумида юз минглаб болаларнинг мажбурий пахта йиғим-теримига жалб этилишлари айтилади.

"Болалар икки ойдан тўрт ойгача пахта даласида бўлишади, белгиланган меъёрни бажаролмаганларининг баҳоси пасайтирилади ёки улар калтаклаш билан жазоланишади. Пахта йиғим-теримига ҳамкорлик қилмаган оилаларга газ, сув ва электр таъминоти узиб қўйилиши ёки улар жисмоний зўравонликлардан азоб чекишлари, ҳибсга олиниб, таъқиб этилишлари мумкин," дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради ва пахта савдосидан тушадиган даромад йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда келтиради.

Ўзбекистонда пахта саноати йиғим-терим чоғида болаларни сафарбар этиш учун мактабларни ёпишга буйруқ берувчи авторитар ҳукумат томонидан назорат этилади ва ана шу ҳукуматнинг ўзи хусусий тарзда етиштирилган пахтанинг ҳам ягона харидори ҳисобланади, дейилади хабарда.

Марказ шикоятида таъкидланишича эса, "Ўзбекистонда қонунан маън этилган бўлса ҳам, пахтани йиғиб-териб олиш саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан изчил ва ҳар томонлама фойдаланилади".

Шикоятда, яна шунингдек, икки британ ширкатининг Тошкентдаги тармоқлари ва давлат тожирлари орқали Ўзбекистон билан алоқалари борликлари айтилади.

Конституцион ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Марказининг шикояти Оврўпода пахта олди-сотдиси билан шуғулланувчи еттита ширкатга қарши олиб борилаётган амалиётнинг бир қисмидир.

Яна худди шундай шикоят билан Олмония, Франция ва Швейцарияда ҳам чиқилган.