Wikileaks президент Каримов, Гулнора Каримова ва Ўзбекистондаги коррупция даражаси ҳақида...

Image caption Wikileaks ошкор этган аксарият махфий ҳужжатларда Гулнора Каримова ҳақида сўз боради

Wikileaks эълон қилган махфий дипломатик ёзишмаларда Ўзбекистон гуллаб-яшнаётган коррупция, уюшган жиноятчилик, пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнати ва қийноқларнинг қўрқинчли дунёси сифатида тасвирланади.

Бироқ ёзишмаларга кўра, Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун ниҳоятда муҳим бўлган Шимолий Таъминот тизимидан фойдаланишга изн бераётгани учун АҚШ Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдан ширин сўзини аямасликка ҳаракат қилиб келади.

Веб саҳифа томонидан ошкор қилинган аксарият махфий ҳужжатларда президент Ислом Каримовнинг жозибали, аммо шахси ўта зиддиятли бўлган қизи Гулнора Каримованинг хулқ-атвори ҳақида сўз боради.

Бу ҳақдаги ҳужжатлар Британияда чоп этилувчи "Гардиан" газетида "Президент, "ҳамма нафратланган қизи" ва АҚШ нега улардан ширин сўзини аямайди," номли мақола остида чоп этилган.

Ҳужжатларда, "Гулнора Каримова Ўзбекистонда ҳамма энг кўп нафратланадиган шахс," дея тасвирланади.

Шунингдек, Гулнора Каримова Ўзбекистондаги ҳар қандай даромадли бизнесдан дўқ-пўписа йўли билан ўз улушига эга бўлгани айтилади ва президентнинг кизи "ўғри барон" сифатида тасвирланади.

Дипломатлар томонидан, "Ўзбекистоннинг биринчи рақамли қизи" деб таърифланган Гулнора Каримова АҚШ элчилигининг эътиборига 2004 йилда тушган.

Ўтган беш йилги ҳужжатларда Гулнора Каримованинг маҳаллий бизнесларга улар рад этолмайдиган таклифлар билан чиқиб, фавқулодда кўтарилиши акс этади.

Америкалик бизнесменлардан бирининг даъво қилишича, Гулноранинг Skytell уяли телефон ширкати улушини олиш таклифини рад этгани учун, ширкатнинг тўлқинларига давлат ташкилотлари томонидан ғов қўйилган".

АҚШ элчилигига кўра, Гулнора "маҳаллий мафия босслари" билан тил бириктириб, "Зеромакс"нинг нефть хом-ашёсига оид шартномаларидан ўз улушига эга бўлган.

Америкалик дипломатларнинг езишларича, у солиқ тўлови билан боғлиқ текширувлар ортидан "Кока-Кола" ширкатининг ҳиссаларини ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган.

"Ўзбекистондаги кўпчилик Гулнора Каримовани очкўз, ҳокимиятга ташна, бизнесменлар ёки йўлига тўғаноқ бўлган ҳар қандай кишини отасининг қудрати билан янчиб ташловчи инсон сифатида кўришади," дейилади махфий дипломатик ёзишмаларда.

"Зеромакс" ширкатининг фаолиятида яқиндан иштироки бўлган америкалик бизнесмен Нейл Ливингстон эса, Wikileaks ошкор этган ёзишмаларни чоп этган "Гардиан" газетига Гулнора Каримованинг ширкатда ҳеч қандай манфаатлари йўқлигини айтган.

"Гардиан"га кўра, Гулнора Каримованинг ўзи шахсий веб саҳифаси, Лондон ва Вашингтондаги Ўзбекистон элчихоналарига изоҳ сўраб қилган мурожаатларига жавоб бермаган. Аммо "Зеромакс" ширкати ўзига қисман ёки бутунлай тегишли эканига оид хабарларни рад этиб келгани айтилади.

Ҳужжатларда ёзилишича эса, отаси томонидан берилган дипломатик мавқеидан фойдаланиб, Гулнора Каримова асосий вақтини ўзининг "Зеромакс" ширкати рўйхатдан ўтган Женевада ёки Испанияда ўтказади.

Дипломатлар Гулнора Каримованинг бизнес фаолиятидан ташқари, шахсий ҳаётига оид маълумотларни ҳам йиғишган.

Уларда Гулнора Каримованинг поп-қўшиқчилик билан ҳам шуғулланиши, заргарлик қилиши ва Тошкентдаги Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия университетининг профессори экани ҳам айтилади.

Ҳужжатларда, шунингдек, Гулнора Каримованинг тонг-саҳар соат 3 ларда синглиси Лола билан тўртта забардаст тан қўриқчиси ҳамроҳлигида ўзи эгалик қилиши айтилувчи тунги клубда пайдо бўлгани ёзилади.

Америка дипломатларининг тасвирлашларича, Гулнора тонг-саҳаргача "кўринишидан бандитга ўхшаган йигити" билан рақсга тушган.

Дипломатларга кўра, "қонунга зид бўлса-да, Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган тунги клубда мижозларга катта миқдордаги кучли спиртли ичимликлар ҳам тортилган".

Американинг махфий дипломатик ёзишмаларида, шунингдек, Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан бир хил бўлмаган муносабати сабаби ҳам изоҳлангандек бўлади.

Ошкор этилган ҳужжатларда АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Муътабар Тожибоевани қамоқхонадан чиқиши ортидан "Жасорати учун" мукофоти билан тақдирлаганда, президент Ислом Каримовнинг қанчалик ғазабга келгани ҳақида ҳам сўз боради.

"Президент Каримовнинг "Афғонистонга таъминот тизими дохил қатор муҳим масалалар ҳозирнинг ўзидаёқ музокаралар столида" эканига оид совуқдан-совуқ сўзлари АҚШ элчилигини ҳушёр торттирди, дейилади ёзишмаларда.

Ошкор этилган ҳужжатларга кўра, Американинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд шахсан ўзи президент Ислом Каримовни тинчлантирганини даъво қилган. Бироқ, "унга босим ўтказиш ўзларига таъминот йўлига тушиши мумкинлиги билан расмий Вашингтонни огоҳлантирган".

АҚШ элчилиги ёзишмаларига кўра, "уюшган жиноятчилик ва Ўзбекистон ҳукумати орасида яқиндан боғлиқлик бор".

Давлат ва хусусий сектордаги лавозимлар "сотиб олинади", дейилади Америка томонининг махфий дипломатик ҳужжатларида.