"Ҳоким бобо сўкманг..." ва ё қайтмас фермер ҳикояси

ёрдамчилар

Transparency International халқаро ташкилоти эълон қилган рўйхатда Ўзбекистон яна энг порахўр давлатлар қаторидан ўрин олган.

Ушбу ташкилот хулосалари хорижда юрган ўзбекистонликларни сўроқ қилиш орқали қўлга киритганини ҳисобга олсак, ушбу хисоботлар реал воқеаликни тўлиқ бермаслиги мумкин.

Аммо Ўзбекистон ичидаги суҳбатдошларимиз кундалик ҳаётда коррупцияга бот бот дуч келишларини айтади.

Шунга қарамай Ўзбекистонда ҳаққини талаб қилиб, турли йўллар билан ҳақсизликка қарши курашиб келаётган инсонлар талайгина.

Қаҳрамонимизни чўл воҳасида деярли бутун туман танийди десак муболаға бўлмаса керак.

Аммо унинг ва атрофдагиларнинг хавфсизлиги туфайли исмини ўзгартириб Одил ака деб номлайман.

Одил ака билан тасодифан пойтахтга йўл олаётган ҳамроҳ бўлиб қолдик. “Матиз” олишга кетаётган эканлар.

40 гектар ерида фермерлик қиладиган Одил аканинг айтишича, шўролар даврида колхозда ҳисобчилик қилиб камбағал одамлар қаторида бўлган.

Аммо мустақиллик илк йилларида президент фармони билан ерларни фермерларга бўлиб бериш бошланганда, фермер бўлишга аҳд қилади.

"Ўша вақти қўлимга бир қўлланма тушиб қолди. Унда фермер деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш ва бунинг учун ҳокимият томонидан ер ажратиш ҳақида ёзилганди," - дейди оғзига нос отаркан суҳбатдошим. - "Бу нарса янгилик бўлгани учун ёзган аризамни туман ва вилоят ҳокимияти қондиравермади. Кейин президент девонига ер берилмаяпти дея шикоят қилиб мактуб ёздим. Шикоятларим натижасида вилоятда биринчилардан бўлиб ерга эгасига айландим."

Одил аканинг айтишича, ўша йиллари фермерлар учун омон омон замон бўлган. Фермер ўз маҳсулотини четга сотиш ҳуқуқига эга бўлган.

"Кореялик ташкилотлар билан шартнома тузиб, 40 гектар пахтам ортидан бир неча корейс автомобилларига эга бўлдим. Бирданига бойиб кетдим. Фермерликнинг таъмини тота бошладим. Аммо 1997-98-йиллардан сўнг фермерларни деярли барча имтиёзлардан мосуво қилишгач, куним ҳаққимни талаб қилиш билан ўтмоқда," дейди у.

"Ҳоким бобо сўкманг"

Ўша йиллари вилоятга ўринбосарларидан тортиб, фермерларнинг ҳам онасини сўкадиган одам ҳоким бўлиб келиб қолади.

"Фермерлар иштирокидаги мажлислар энди урфга кираётган вақтлар, ҳоким қўл остидагиларнинг мол-мулкидан тортиб, жисмигача ҳокимлик ўрнатишни бошлаётган дамлар эди," деб эслайди Одил ака.

"Орқа ўриндиқларнинг бирига ўтириб олганман. Ҳокимнинг ақлга сиғмайдиган таклифларига луқма ташлаб ўтирибман. Шунда ҳоким, мана энди фермерлар биттадан эшак арава олиб қўйинглар, бу ҳам иқтисоднинг бир кўринишида, деб устимиздан кулган бўлди. Шунда ўрнимдан турдим-да, "и-е ҳоким бова нима деяпсиз? Америкада фермерлар жипда юрсин, сиз жипда юринг-да, биз эшак арава минайликми?!" деб эътироз билдирдим," деб эслайди Одил ака.

Фермернинг айтишича, шундан сўнг ҳоким фермерларни турғизиб турли баҳоналар билан сўка бошлайди. Одил ака эса ортдан туриб луқма ташлашни тўхтатмайди. Чидолмаган ҳоким ҳали навбати келмаган бўлса-да, уни турғизади ва тергай бошлайди.

"Нимага далага ўғит сепмадинг, деб ўдағайлай бошлади, мен ҳам бўш келмай, ўғитим бўлмаса, товуқ ферма бермаса, катта холамникидан олиб келиб сепаманми, дедим. Нега дала ҳали ҳам яхоб сув бермадинг, деб ҳоким янадан юқорироқдан келди. Насос ишдан чиқиб ётган бўлса, ҳокимият созлаб бермаса, челаклаб сепаманми, дедим."

Шундан сўнг ҳокимнинг жаҳли батдар чиқади, бошқа фермерлар сингари Одил акани ҳам сўкишга шайланади.

"Ҳей онангни... деб бошлади, мен ҳам кўзларига тик қарадим-да, ҳей сени онангни дедим. Иккаламиз ҳам қолганини айтмадик."

Шундан сўнг фермерга нисбатан тазйиқлар бошланади. Пахта орқасидан келган хориж русумидаги машиналари тортиб олинади. Ўзига эса турли тазйиқлар ўтказилади.

"Шунда адолат излаб Тошкентга кетдим, Адлия вазирлигига шикоят билан бордим. Ҳеч қабулга киришнинг иложи бўлмади. Бир амаллаб вазир ўринбосарининг олдига кирдим. Воқеани тушунтирдим. Ҳоким бизни эшак арава мининглар, деб ва онамни сўкиб ҳақоратлади, техникамни олиб қўйди, дедим. Ҳоким бошқа вазифага ўтгач, бир йилдан сўнг меним фойдамга ҳукм чиқариб беришди," деб эслайди Одил ака.

Ўша замоннинг пули билан Одил акага бир миллиондан ортиқроқ маънавий зарар ундирилди ва техникасини ҳам қайтиб беришди.

"Шундан бери мени ҳокимиятдаги кунларни тунларга, тунларни тонгларга улайдиган йиғинларга таклиф қилишмайди. Билиб қолсам, ўзим атайин боришга ҳаракат қиламан, шунда ё ҳоким келмайди, ёки бошқа вақтга қолдирилади," дейди Одил ака.

Адолатни лезвияда топган фермер

"Сизга ўхшаган ҳақ талаб қилувчилар кўпми?" сўрайман ҳамроҳимдан.

"Алам қиладигани, йўқ-да. Яна бир киши бор, кўп йиллар қамоқда ўтириб чиққан. Аммо унда ҳақ талаб қилишнинг ўз йўли бор. Ҳаққини еган амалдорни ўз баданини кесиш орқали қўрқитади," дейди Одил ака.

Одил ака айтган Баҳриддин исмли фермер ҳам адолатсизликка чидолмайди. Агар ҳақсизлик бўлса ёнида олиб юрадиган лезвия орқали ўз баданига шикаст етказади.

"Бир кун пахта заводида пахтани топшириш учун навбат кутиб ўтиргандик. Лобарант қизлар ҳамманинг пахтасини қабул қилиб навини ёзиб бераяпти. Баҳриддинга навбат келганида бошқалар қатори унга ҳам 3.3 дея маълумотнома тўлдиришди. Шунда Баҳриддин 3.3 бўлиши мумкин эмас, кеча ҳудди шу пахтани 2.2 деб ёзгансизлар. Бир кун ўтиб ўзгариб қолиши мумкин эмас, деб туриб олди. Кейин бир кун олдинги маълумотларни кўтаришни талаб қилди. Қарашса, у ерда ҳам 3.3 ёзилган, аммо Баҳриддинга 2.2 деб алдашкан экан."

Одил аканинг айтишича, ана шундан сўнг "қиёмат" бошланган. Фермер Баҳриддин қоғоз ва столларни улоқтира бошлаган.

"Шунда кўйлагини олд томонини йирттида, ёнида олиб юрадиган лезвиясини чиқарди. Қорнига 4-5 марта тортди. Аввалига лезвия теккан жой оқарди, кейин бирдан қипзил қонга бўялди. Хонадаги лобарант қизлар қўрқиб қочиб кетишди. Агар айтганим бўлмаса, томиримни кесаман, ҳамманг гуноҳимга қолиб кетасан дея таҳдид қила бошлади. Зудлик билан етиб келган завод директори, ялиниб тўхтатди. Кейин билсак, пахта навини 2.2 эмас, хаттоки 1.1 деб ёзиб берибди. Пахта заводи тарихида бирорта ҳам фермер бундай олий навли пахта топширмаган экан ҳали," деб хотирлайди Одил ака.

Одил ака ҳозирги фермерлар учун деярли фойда қолмаганини, фермерлик турган битгани билан ғурбатга айланганини айтади.

Олдингидек фермер пахта планини бажарса ҳам фойда кўрмайди, чунки давлат ўзи белгилаган нархда пахтани сотиб олади. Нефт, ўғит, техника каби ҳаракажатларни эса фермер бозор нархларида сотиб олишга мажбур.

Шундай бўлса, нима учун фермерлик қилиб юрибсиз дейман?

"Ҳаққим талаб қилиб отнинг қашқасидек бўлиб қолганим учун давлат томонидан менга ҳеч қандай план қўйилмайди. Чунки бундай қилишга қонунан ҳақлари ҳам йўқ. Иккинчидан агар 40 гектар ерим бўлса, шунинг 8 гектарига ўзим учун полиз экинларини экаман. Шунинг орқасидан фойда кўраман," дейди Одил ака.

Фермерлар бир бўлиб, ҳақларини талаб қилишда ҳеч нарсадан қўрқишмаса, қишлоқ хўжалиги бунчалар хор бўлиб қолмасди. Аммо катталар ҳар доим ҳақ деган фикр қон қонимизга сингиб қолгани учун ҳақимизни талаб қилмаймиз. Натижада дуч келган амалдор бемалол хўрлаши мумкин, деб фикрлари билан бўлишди фермер.

Одил аканинг айтишича, агар қонунлар амал қилиб, ҳақиқий ҳуқуқий давлат бўлганида, Баҳриддин сингари фермерлар баданини кесиш орқали ҳаққини ажратиб олишга мажбур бўлмасди.

Суҳбат қизиқ бўлганидан Тошкентга қандай етиб келганимизни билмай қолдик.