Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик бошпана изловчи 'инфаркт миокардини бошдан ўтказган'

Ўзбекистонлик Қочқинларни Қутқариш Қўмитаси Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга мурожаат билан чиқиб, ундан Олма-Ота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбекистонлик қочқин Файзуллахон Акбаров бефарқ бўлмасликни сўраган.

Қутқариш Қўмитасининг маълум қилишича, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасида ушлаб турилган 20 ёшли Файзуллахон Акбаров инфаркт миокардини бошдан кечирган.

Қўмитанинг Файзуллахон Акбаров яқинларига иқтибосан айтишича, ўзбекистонлик қочқиннинг бармоқлари фалаж бўлиб қолган, сочлари тўкила бошлаган.

Файзуллахон Акбаров ўз турмуш ўртоғига: "Мен ўлсам керак…," деб айтган, хабар беради Ўзбекистонлик Қочқинларни Қутқариш Қўмитаси.

Қўмита мурожаатида таъкидланишича, қўмита Файзуллахон Акбаровга зарурий тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилмаган.

Шу йил ёзида Олма-Ота шаҳрида 29 ўзбекистонлик қочқин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан ҳибсга олинган эди.

Бир неча йилдан бери Қозоғистон ҳудудида яшаб келган ўзбекистонликларга аввал БМТ қочқинлар қўмитаси томонидан бошпана изловчи мақоми берилганди.

Би-би-си Ўзбекистонлик Қочқинларни Қутқариш Қўмитасининг воизи Аҳмад Ийсога боғланди ва ундан Файзуллахон Акбаров соғлигига оид хабар тафсилотини сўради.