Ўзбекистон яна бир бор дунёнинг энг авторитар тузумларидан бири деб топилди

Economist Intelligence Unit халқаро таҳлил ширкатининг дунё давлатларида демократиянинг даражасига бағишланган бу йилги ҳисоботида Ўзбекистон яна дунёнинг энг авторитар давлатларидан бири деб топилган.

Ўзбекистон жаъми 167 та давлат ичидан 164-ўринни эгаллаб, дунёнинг энг авторитар давлатлари сирасига киритилган.

Рейтинг муаллифлари давлатларни беш категория бўйича таснифлашган: яъни, улардаги сайловлар жараёни ва турфафикрлилик, фуқаровий эркинликлар, ҳукуматларнинг фаолияти, сиёсий фаоллик ва сиёсий маданият даражаси ўрганилган.

Барча категориялар бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, давлатлар тўртта гуруҳга ажратилган.

Булар - "Тўлиқ демократия амал қилувчи", "Нисбатан демократия амал қилувчи", "Дурагай тузумлар" ва "Авторитар режимлар"дан иборат.

Аксарият собиқ Шўро давлатлари, жумладан, Беларус (130-ўрин), Қозоғистон(132-ўрин), Озарбайжон(135-ўрин), Тожикистон(149-ўрин), Ўзбекистон (164-ўрин) ва Туркманистон(165-ўрин) "Авторитар режимлар" амал қилувчи давлатлар рўйхатига тушишган.

Дунё давлатларидаги демократия даражаси 0 дан 10 баллгача бўлган шкала бўйича баҳоланган.

Рўйхатда жаъми 9.80 балл тўплаб, Норвегия "Тўлиқ демократия амал қилувчи" мамлакатлар рўйхатини бошлаб берган.

Бор-йўғи 1.08 балл жамлашга муваффақ бўлган Шимолий Корея эса, рўйхатнинг энг қуйи поғонасини эгаллаган.

Молдова (65-ўрин) ва Украина(67-ўрин) эса, "Нисбатан демократия амал қилувчи" давлатлар сирасига киришган.

Халқаро ширкатнинг янги ҳисоботидан аён бўлишича, Қирғизистон(106-ўрин), Россия(107-ўрин) ва Арманистон(109-ўрин) "Дурагай тузумлар" амалда бўлган давлатлардир.

"2010 йилдаги демократия даражаси" - Economist Intelligence Unit ширкати томонидан тайёрланган ва жаҳондаги демократиянинг аҳволига бағишланган учинчи ҳисоботдир.

Бундан аввалги ҳисоботлар 2006 ва 2008 йилларда эълон қилинган. Янги ҳисобот эса, 2010 йилнинг ноябр ойигача бўлган ҳолатни ўзида акс эттиради.

Ҳисобот муаллифларига кўра, сўнгги тадқиқотларида дунёнинг аксарият мустақил давлатларидаги вазият акс этган ва у деярли жаҳоннинг жаъми аҳолисини қамраб олган.

Уларнинг айтишларича, бугунги кунда дунё аҳолисининг ярмига яқини у ёки бу кўринишдаги демократик шарт-шароитларда яшашади.

Ўз ўрнида ҳисобот муаллифларининг урғулашларича, жаҳондаги демократия даражаси 2008 йил билан солиштирганда пасайган.

Economist Intelligence Unit ширкати ўзини "дунёдаги энг илғор тадқиқот ва таҳлил манбаси" ўлароқ кўради ҳамда Economist (худди шу номдаги нуфузли журнал дохил) гуруҳи таркибига киради.

Ўзбекистоннинг авторитар давлатлар рўйхатига киритилиши биринчи марта эмас.

Аммо Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда икки палатали парламент, бир неча сиёсий партия, минглаб оммавий ахборот воситалари, яъни барча демократик атрибутлар мавжудлигини айтади.

Хўш, у ҳолда ўзбекона демократияни халқаро ҳамжамият тан олмаётгани сабаби нимада?

Биз ушбу саволлар билан ўзбекистонлик жамиятшунослар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Толиповларни давра суҳбатига тортдик. Суҳбатни Камолиддин Раббимов бошлаб берди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди