Бу гал Ўзбекистон фуқароси Москвадаги зўравонликларнинг навбатдаги қурбонига айланди

Кремл расмийларининг вазият назорат остида деган баёнотларига қарамасдан, Россия шаҳарларида миллатчилик руҳидаги зўравонликлар давом этмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, шу кунларда 22 ёшли ўзбекистонлик йигит Москва жанубида калтаклаб ўлдирилган. Ва яна бир Вьетнам фуқароси қаттиқ калтакланган.

Россия ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаънинг давлатга қарашли ахборот агентликларига билдиришича, кеч тунда пойтахт жанубидаги "Нахимовск" хиёбонида уч нафар Москва фуқароси ўзбекистонлик йигитни қаттиқ калтаклашган ва пичоқлаб кетишган.

Ҳодисадан бир неча ўтиб, 22 яшар йигит тонг саҳарда пойтахт шифохонасида жон берган.

Марҳумнинг исм-шарифи ва Ўзбекистоннинг қаеридан келгани ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

Милиция расмийларига кўра, Ўзбекистон фуқаросини ўлдирганликда гумон этилган шахсларнинг бири қўлга туширилган.

Ҳужумга алоқадор яна икки шахс қидирилаётгани айтилади.

Расман билдирилишича, юз берган ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг "Қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш очилган.

Москва ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, дастлабки тахмин бўйича, ушбу жиноят миллий нафрат асосида амалга оширилган бўлиши мумкин.

Милиция расмийлари куни-кеча 15 нафардан иборат миллатчилар бирор бир сабабсиз Қирғизистон фуқаросини калтаклаб ўлдиришганини маълум қилишганди.

Москва расмийларига кўра, ушбу жиноят юзасидан қўлга олинган 14 яшар москвалик нео-нацист Алишер Шамшиевни ўлдирганини тан олган.

Уларнинг айтишларича, Қирғизистон фуқаросига ҳужум қилганларнинг аксарияти пойтахт олий ва ўрта ўқув юртларининг талабаларидан иборат.

Москва минтақасида вазият ҳануз танг қолмоқда.

Хусусан, хорижийлар, меҳнат муҳожирлари орасида қўрқув ҳисси кучайгани айтилади.

Улар ўзлари ва фарзандларининг хавфсизликларидан хавотирда эканликларини изҳор этишади.

Шу билан бирга, Москва ва бошқа йирик шаҳарларда милиция ходимлари фуқароларнинг ҳужжатларини текшириш жараёнини ҳам кучайтиришган.