Елена Урлаева: "Ўзбекистонда аксарият қўрқиб яшайди"

Елена Урлаева

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли, Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири Елена Урлаева bbcuzbek.comўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Шу йил 15 ноябрда Швеция пойтахти Стокголмда Елена Урлаева Пер Ангер халқаро мукофотига лойиқ деб топилди.

Мукофот таъсисчилари сўзларига кўра, Урлаева ушбу мукофотга инсон ҳуқуқларини "холисона ва жасурлик билан", "ўз ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб", ҳимоя қилгани учун лойиқ деб топилган.

Пер Ангер мукофоти ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган энг жасур фаолларга инсонийлик ва демократияга қўшган ҳиссалари учун берилади.

Елена Урлаева истиқомат қиладиган Тошкентдаги кичик квартирага ҳар куни ёрдам ва маслаҳат сўраб ўзбекистонликлар келишади.

Улардан баъзилари Елена Урлаевадан давлат идораларига шикоят ёзишда ёрдам беришни, баъзилар эса ҳуқуқий маслаҳат беришни сўрашади.

Оддий одамларнинг айтишларича, ҳуқуқбон уларга "адолатсизликка қарши курашда амалий ёрдам кўрсатади".

53-ёшли Елена Урлаева 1998 йилдан буён Ўзбекистондаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан фаол шуғулланиб келади.

"Ўзбекистондаги ноҳақликларга қарши қилган чиқишларим учун милиция ходимлари томонидан шунчалар кўп дўппосланганманки, неча марталигини айтишга ҳам қийналаман," дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқбон 2000-йилда беш йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик жазо чораси мажбурий даволашга ўзгартирилган.

Елена Урлаеванинг ўзи руҳий жиҳатдан соппа-соғ эса-да, жами 11 ой давомида уч марта мажбуран даволашганини айтади.

"Менга давомли ҳужумлар ва таъқиблар менинг ҳуқуқ ҳимоячиси эканим билан боғлиқ," дейди у.

Абдулло, Фарғона: Ҳуқуқбонлик соҳасига кириб келишингиз сабаблари ҳақида гапириб берсангиз?

Елена Урлаева: Биласизми, 1996 йилда менинг акамда муаммолар пайдо бўлди. Биз аввалига булар оилавий муаммолар, деб ўйлагандик. Кейинчалик, уларнинг болалар ҳуқуқининг поймол бўлишига боғлиқлигини тушуниб етдик. Турмуш ўртоғи акамни ташлаб кетди. У милиция ходимаси эди. Турмуш ўртоғи акамга ёш болаларини қолдириб кетганди. Мен ва акам унинг болаларини уч ёшлигидан катта қила бошладик. Орадан уч йил ўтиб акамнинг собиқ аёли янги турмуш ўртоғи билан яна пайдо бўлди. У ҳам милиция ходими эди. Бу милиция ходимлари энди акамдан уйини тортиб олишмоқчи эди. Лекин уйни олиш учун улар болаларни қайтариб олишлари керак эди. Ҳаммаси ўшандан бошланди. Она болаларни қайтариб олиш ҳаракатига тушди. Болалар эса бизга ўрганиб қолишганди. Улар оналари ёнига боришни исташмасди. Биз турли идораларга шикоят қила бошладик. Алалоқибат, акам ва менга нисбатан жиноий иш очилди. Милиция ходимлари бизга қарши таъқибни шунчалар кучайтиришдики, асло қўяверинг. Баъзида шаҳардан ташқарида яшириниб юришга мажбур бўлардик. Ана ўша пайтдан бошлаб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тушдим. Ҳаммаси ўшандан бошланганди.

Алишерали, Тошкент: Қилаётган ишларингиз жуда яхши. Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Сиз қилаётган ишлар ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.... Сиз қандай қилиб бошингизга шунча ташвишлар тушсаям, одамларга ёрдам берасиз? Тинчгина юрсангиз бўлмайдими? Сизга шундай ҳаёт ёқадими? Бундай яшашга қаердан куч топасиз?

Елена Урлаева: Менга ҳуқуқбонлик ёқади. Чунки, мен ўшанда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жуда ҳам муҳим амал эканини тушуниб етгандим. Ўзинг бошингдан ўтказган экансан, инсонларга ёрдам бермаслик мумкин эмаслигини тушуниб етасан. Менинг ўзим, акам ва умуман, оиламиз оғир кунларни бошимиздан ўтказдик. Биз бошида кимга мурожаат қилишни билмагандик. Уйимиз деворига “Нажот беринг,” дея ёзиб қўйгандик. Натижада, мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини топдим ва сўнгра ўзим ҳам инсон ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қила бошладим. Ўтган вақт ичида кўп нарсаларни тушуниб етдим. Ҳозир эса одамларга жону дилим билан ёрдам бераман. Биз эрта ва ё кеч демай, одамларга бепул ёрдам берамиз. Бу муборак иш. Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этавераман.

Шарофиддин, Чегара: Елена опа, сизни дўппослашларидан олдин милиция ходимлари кўпроқ нима билан айблаб дўппослашган? Дўппослашларига қараганда жиддийроқ айб қилган бўлишингиз ҳам мумкинку.

Елена Урлаева: Биласизми, милиция ходимлари мени бир неча бор дўппослашган. Аммо, баъзида уларга бўйсунгим келмайди. Яқинда қирғизистонлик ҳуқуқбон Азимжон Асқаровни озод этишларини талаб қилиб, Қирғизистон элчихонаси ўнгида мен ва яна бир ҳуқуқбон Абдулло Тожибой ўғли пикет ўтказдик. Биз элчихонани суратга ола бошладик. Милиция ходимлари эса бизни ҳибсга олишмоқчи бўлишди. Биз уларга бўйсунишни истамадик. Ўшанда қуюшқондан чиқиб кетган махсус хизматлар вакилларидан бири, барзанги бир йигит менга ташланди ва мени дўппослай кетди. Бунақа ҳолатлар тез-тез бўлиб туради (кулади).

Сарвар, Прага: Елена бу Пер Ангер халқаро мукофотини қабул қилиш учун Швециянинг Стокголмига саёҳат қилганингиз мени бироз ўйлантириб қўйди. Сабаби, сиздек инсонларнинг осонликча хорижга чиқишлари мушкул масала. Чиқиш визасини қандай олганлигингиз ва Ўзбекистон чегарасидан ўтишда бирор тазйиқлар бўлдими ёки йўқми? Шулар ҳақида ўртоқлашсангиз.

Елена Урлаева: Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Стокголмга виза олиш пайтида менинг паспортимда хато борлиги аниқланди. Шенген визасини олишда одатда жуда изчил текширишади. Кетишимга саноқли кунлар қолганди. Олмония элчихонаси паспортимдаги хатони тўғирлашим зарурлигини, акс ҳолда виза берилмаслигини айтди. Хатога Ички ишлар вазирлиги томонидан йўл қўйилганди. Бу атайлабдан қилинганми ёки нохостан, билмайман. Хуллас, мен шу заҳотиёқ паспорт столи бошлиғи ёнига бордим ва қўйилган хатони дарҳол тузатишларини сўрадим. У бўлса, қонун барчага баробар эканлигини рўкач қилиб, камида 15 кун кутишимга тўғри келишини айтди. Эртаси куни соат 10 да “Туркистон” саройида “Милиция куни” муносабати билан байрам маросими ўтказилиши керак эди. Сарой атрофи милиция ходимлари томонидан ўраб олинганди. Мен ўша ерга бордим ва милиция ходимлари погонларидаги юлдузларига қараб, юқори зобитлардан бирини топдим. Мен унга: “Мен Елена Урлаева бўламан. Менинг паспортимга чиқиш визасини уриб бермасаларинг, ҳозирнинг ўзидаёқ бу ерда пикет ўтказаман. Ҳеч ким мени тўхатиб қололмайди,” дея таҳдид қилдим. Бир зумда “Туркистон” саройи ичидан қандайдир полковник чиқиб келди ва менга: “Нима бизни байрамимизни бузмоқчимисиз?” деди. Мен эса: “Сиз менинг Стокголмга сафаримни бузаяпсизку...” деб жавоб қайтардим. У: “Елена, биз хатони тўғирлашга ҳаракат қиламиз,” деб мени тинчлантиришга тушди. Ҳақиқатдан ҳам, эртаси куннинг ўзидаёқ мен янги паспорт олдим...

Шодия, Европа: Ассалому алайкум, Елена опа! Сиз ҳозир Ўзбекистондасиз. Сизга қандай босимлар бўлаяпти? Ўзбекистонда ҳам эркинлик бўладими?

Елена Урлаева: Жавобни саволнинг иккинчи қисмидан бошласам. Ўзбекистонда эркинлик бу – вақт масаласи. Чунки, Ўзбекистонда одамлар ҳозирча ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр эмаслар. Одамларнинг кўпи ўз қобиғига ўралиб олган, қўрқишади. Оддий одамларни қўятуринг, ҳуқуқбонлар ҳам очиқ чиқишлар қилишга, пикетлар ўтказишга қўрқишади. Ўзбекистонда аксарият қўрқиб яшайди. Ҳозирда менга нисбатан босимлар мутлақо йўқ. Аксинча, менинг ўзим бирор милиция ходимини топиб, унинг жиғига тегишни хуш кўраман. Албатта, бу қанчалар маданиятга тўғри келади, аммо бу қонунга хилоф эмас. Чунки, милиция ходимларининг ўзлари қонунни давомли бузиб келишади. Билмадим, очиқ амаллар учун, менимча, инсоннинг ўзи эркин бўлиши керак. Ўшандагина бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни топташ қийин бўлади.

Бобур: Елена, кўплаб мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоллари босимлар туфайли четга чиқиб кетишган. Сиз бу ҳақда ҳеч ўйлаганмисиз?

Елена Урлаева: Ҳа. Биласизми, Пер Ангер мукофотини олиш учун Стокголмга борганимда Швеция ҳукуматидан менга бундай таклифни қилишди. Швеция иккинчи уйингиз, марҳамат истасангиз вақтинчалик яшашга, хоҳласангиз доимий яшашга келинг, дейишди улар. Бу, албатта, кўнгилни кўтарадиган таклиф эди. Лекин, мен гороскоп бўйича, “қовға” буржида туғилганман. Улар қайтмас бўлишади. Хуллас, мен Ўзбекистондан ҳеч қаерга чиқиб кетмоқчи эмасман. Менга курашиш, инсонларни ҳимоя қилиш ва уларга ўрнак бўлиш ёқади. Биз Ўзбекистон эрки учун мужодаламизни давом эттирамиз.

Муҳаммадсолиҳ Абутов: Нима учун сиз ва ташкилотингиз диний фаолияти учун ҳукм этилганлар ҳуқуқларини деярли ҳимоя қилмайди?

Елена Урлаева: Аслида, унчалик ҳам эмас. Менинг ўзим 2004 йилда фақат 159 ва 244 моддалар билан айбланган диндорларни ҳимоя қилдим. Унда ҳали ишончнома орқали уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мумкин эди. Менинг шахсан ўзим Маҳкамов исмли бир диндорни ҳимоя қилгандим. Биз унинг қандай қилиб қийноқларга тутилгани ҳақида ҳам ёзган эдик. Мен ўзим у ётган қамоқхонага киришга ҳам муваффақ бўлгандим. Мен ўзим билан мобил телефонни ҳам киритган эдим. Мен унга: “ Мана ол, таниш-билишларинга телефон қилиб, сени қандай қийноққа солишаётганларини айт,” дедим. У телефон қилаётган пайтда, қўриқчилар билиб қолишди ва мени у ердан автоматлар билан қувиб чиқаришди. Мен доимо диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилганман ва ҳозир ҳам ҳимоя қилаяпман. Лекин, ҳозир биз маҳкамада ҳимоячи бўлолмаймиз, шунинг учун бўлса керак, бизга ёрдам сўраб мурожаат қилаётганлар сони камайган.

Азимжон Шарипов, АҚШ: Бугунги кунда ўзбек мухолифати ҳақида нима дейсиз?

Елена Урлаева: Биринчидан, Ўзбекистонда ҳеч қандай мухолифат кўзга кўринаётгани йўқ. Бу ерда на очиқ на ёпиқ мухолифатни сезиш мумкин. Мухолифат йўқ, лекин одамларда истак борлигини сезаяпман охирги дамларда. Ўзбекистонда қачонлардир мухолифат пайдо бўлар, лекин бунинг учун ҳали жуда кўп ишлаш керак, деб ўйлайман.

Одилжон Махдумий, Ўш: Муҳтарама Елена хоним. Қирғизистон жанубидаги ўзбек миллатининг бугунги кундаги ва, шундай кетса, келажакдаги ҳуқуқларини топталишини олдини олиш чоралари нимада деб биласиз?

Елена Урлаева: Бу катта муаммо. Бандитлар томонидан ташкиллаштирилган можарода Қирғизистон жанубидаги барча аҳоли зарар кўрганини биламан. Ҳозирда Андижон вилоятида уч мингга яқин қирғизистонлик қочқин қолган. Аввалроқ 13 минг муҳожир Фарғона водийсида бошпана топганди. Қиш совуқлари туфайли одамлар тарқалиб кетишаяпти. Бу бечора одамлар барча назаридан четда қолган. Қирғизистон жанубида бедодликлар охири кўринмаётир. Аёллар зўрланмоқда, ёшлар умри қамоқларда хазон бўлмоқда, талон-тарож қилиш давом этаётир. Мен Қирғизистонда вазиятни барқарорлаштириш учун Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тўғридан-тўғри аралашиши керак, деб ўйлайман.

Муқаддам, Хўжанд: Ўзбекистонда инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирор нарсага эришиб бўлади, деб ишонасизми?

Елена Урлаева: Албатта, бўлади. Бунинг учун фақат истак ва ирода керак. Бундан ташқари қайси маҳаллий ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш кераклиги одам яхши билиши зарур. Мен на юристман ва на адвокат. Аммо, бир мисол келтирсам. Наталя Мамажонова деган аёлнинг Тошкент марказидаги шахсий квартирасини тортиб олишди. Биз уч йил давомида шикотлар ёздик, пикетлар ўтказдик. Натижада, орадан уч йил ўтган эса-да, Наталяга квартирасини қайтариб беришди. Ёки Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Янгузарова Зулайҳонинг ишини олайлик. Унинг уйига ҳам бир хоразмлик оила кириб олади ва чиқишдан бош тортади. Биз бу ишни ҳам ютиб чиқдик. Лекин, бунга ҳам асосан пикетлар ўтказиш ва аризалар ёзиш билан эришганимизни ҳам тан олишим керак. Чунки, бошқа йўл йўқ. Нимагадир эришиш учун доимо плакатлар билан юришимизга тўғри келади. Лекин, ҳукуматни тўғри қарорлар чиқаришга мажбурлаяпмиз.