Ислом Каримов: 'Ўзбекистон Афғонистон можаросига ҳеч қачон аралашмайди'

Image caption Президент Каримов Афғонистон масаласида нейтрал мавқеъда қолишларини баён қилган

Президент Ислом Каримовнинг айтишича, токи ўзи президент экан, ўзбек йигитлари ҳеч қачон афғон можрасида иштирок этишмайди.

Самарқандда қилган сўнгги чиқишида жаноб Каримов мамлакати афғон урушига нисбатан нейтрал мавқеъда қолишини баён қилган.

"Биз Афғонистоннинг яқин қўшнисимиз. Кремлдагиларнинг ташаббуси билан Шўролар Иттифоқи 1979 йилда уруш бошлаган пайтда энг кўп ким жабр чекди? Кимнинг йигитлари тонг саҳар соат 2-4 ларда ҳеч қандай тайёргарликсиз Афғонистонга юборилди? Қанчадан қанча кишиларимиз, йигитларимиз қурбон бўлишди. Биз бу каби ҳолатнинг яна такрорланишини истаймизми-йўқми? Йўқ, ҳеч қачон! Мен президент эканман, бу ҳеч қачон юз бермайди!" деб айтган президент Каримов.

Жаноб Каримов, ўз навбатида, Афғонистондаги жорий вазиятдан ўз хавотирларини изҳор этган.

Ўзбекистон раҳбари энг қудратли давлатлар бўлмайдими, дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, бу эса, ўзларини жиддий ташвишга солаётганини айтган.

Президент Каримовга кўра, урушни, ҳужумни бошлаганлар ёки бошқа мақсадларини амалга ошириш учун Афғонистонга келганлар эртага барибир чиқиб кетишади, яқин қўшнилари эса, қолаверишади.

Жаноб Каримов шунинг учун ҳам Афғонистоннинг бўлажак раҳбарлари, ҳукуматлари ёки сиёсий кучлари, "Уруш пайтида сен нариги томоннинг тарафида эдинг," дейишларига ҳожат қолдирмайдиган тарзда иш тутишларининг муҳимлигини урғулаган.

Президент Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистон ҳеч кимнинг тарафида бўлмайди ва мамлакати ўзининг ақли билан иш юритади.

Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, Афғонистон халқи буни билиб қўйиши лозим.

Ўзига хос сиёсат

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг яқинда Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган олиймақом йиғинида ҳам Ўзбекистон томони Афғонистон билан муносабатларини ўзаро миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда икки томонлама асосда қуриши ва қуражагини баён қилганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, шу боис ҳам, Афғонистон масаласида баҳамжиҳат асосда ишлаб чиқилган лойиҳа ёки дастурларда иштирок этишни лозим деб кўрмасликларини билдирганди.

Ўзбекистон томони ўз ҳудудидан Афғонистонга олиб ўтилажак юкларнинг ҳам фақат ноҳарбий бўлишини урғулаганди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Афғонистон можаросини ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ва хорижий иттифоқ кучларининг стратегияси кутилган натижаларни бермаётгани янада аёнлашиб бораётганини урғулаганди.

Жаноб Норов бу каби вазиятда афғон можаросига муқобил ечим топиш масаласи катта аҳамият касб этиб бораётгани, Афғонистон масаласида ўзлари томонидан таклиф этилган ва Бирлашган Миллатлар ҳомийлиги остидаги 6+3 алоқа гуруҳи катта ўрин тутиши мумкинлигини ҳам баён қилганди.

Ўзбекистон томонига кўра, Афғонистондаги хавфсизликдан манфаатдор томонларнинг музокараларидан ташқари, Афғонистонга иқтисодий, инсонпарварлик ва ижтимоий жиҳатдан кўмак бериш, қашшоқликка қарши курашиш масаласига катта эътибор қаратилиши лозим.

Ўзбекистон жорий пайтда Американинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келади.

Айрим хабарларга кўра, Шимолий Таъминот Тизими орқали Афғонистонга етказиладиган юкларнинг 30 фоизи ташилади ва бу юкларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистоннинг Термиз чегара нуқтасидан ўтади.