Қозоғистонда яна уч бошпана изловчининг аризаси қондирилмади

Қозоғистон маҳкамаси шу кунгача рад жавобини берган ўзбекистонлик бошпана изловчилар сони 18 га етди.

Иши кўрилаётган қочқинларнинг ҳаммасига янги йилгача ҳукм ўқилиши маълум бўлган.

Олма ота шаҳар Олмали туманидаги маҳкама яна уч ўзбекистонлик даъвосига рад жавобини берди.

Каримов Дилбек, Қўлдошев Ойбек ва Йўлдошев Маъруфларга ҳакам Талғат Садиқов рад жавобини берди.

Адвокат Анжелика Раҳимбердина ва даъвогар Қўлдошев Ойбекнинг турмуш ўртоғи Ўзбекистонда таъқиблар мавжудлигини айтишган бўлса-да, ҳакам уларга рад жавобини бериб, 15 куннинг ичида ҳукм юзасидан шикоят қилишлари мумкинлигини билдирди.

Бунгача айрим бошпана изловчиларнинг ишлари турли сабаблар билан 2011 йилнинг январ ойига ҳам қолдирилаётган эди.

Аммо 24 декабр куни маълум бўлишича, барча ишлар шу йилнинг ўзидаёқ кўриб чиқилиши ва тегишли қарорлар эълон этилиши лозим.

Ҳибсда сақланаётганларнинг турмуш ўртоқлари ҳам хавотирга тушиб қолишган.

Улар турмуш ўртоқлари Ўзбекистонга экстрадиция қилингудек бўлса, ўзларининг тақдири очиқ қолишини айтишади.

Чунки Қозоғистон Миграция полицияси аёлларнинг бошпана сўраб мурожаат қилган аризаларини қабул қилмаган.

"Миграция полициясининг раҳбари бизнинг аризаларимизни қабул қилмаяпти. Эрларингнинг ҳукми чиқсин, кейин кўриб чиқамиз, деяпти. Шу пайтгача ярмидан кўпига рад жавоби берилди, энди нимани кутамиз? Эрларимизни, худо кўрсатмасин, Ўзбекистонга юбориб, кетидан бизларни ҳам юборасизларми, десак, "йўқ, мана сизларнинг рўйхатга туришларингизни чўзиб бераяпмиз, демоқда", дейди турмуш ўртоғи ҳибсхонада ўтирган Умида Азимова.

Шу кунгача Олмали туман 2-сон маҳкамаси 18 кишининг аризасига рад жавоб берди.

Кейинги ҳафта яна 11 кишининг иши кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Бошпана изловчиларнинг Ўзбекистонга бериб юборилишига халқаро жамоатчилик ўз хавотирини билдирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бош қароргоҳи Францияда жойлашган Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракатини (АСАТ) Қозоғистон Ташқи ишлар вазири номига петиция билан чиқишга даъват қилганлар.

Айни усул билан ташкилот вакиллари 29 бошпана изловчининг Ўзбекистонга қайтарилишини тўхтатишга эришмоқчи.