Президент Каримов Лукашенкони тўртинчи ғалабаси билан табриклади

Image caption Президент Каримов Беларус билан бундан буёғига ҳам ўзаро алоқаларнинг кучайишига умид билдирди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Александр Лукашенкони тўртинчи бор Беларус президенти этиб қайта сайланиши билан табриклади.

Жаноб Каримов бундан буёғига ҳам икки давлат орасидаги алоқаларнинг янада ривожланишига ишонч билдирди.

"Аминманки, Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги анъанавий дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларимиз бундан кейин ҳам тараққий этади ва халқларимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, чуқурлашиб бораверади," деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

Беларус Марказий Сайлов ҳайъати президентлик сайловлари якуний натижаларини 24 декабр куни расман эълон қилганди.

Сўнгги расмий ҳисоб-китобларга кўра, Александр Лукашенко қарийб 80 фоиз овозни қўлга киритиб, сайловларда ғолиб чиққан.

Бу жаноб Лукашенконинг Беларус президентлигига сайловлардаги тўртинчи ғалабасидир.

Александр Лукашенко бундан аввал 1994, 2001 ва 2006 йилги президентлик сайловларида ғолиб чиққан.

Америка Қўшма Штатлари Беларус ҳукуматини президентлик сайлови ортидан мухолиф номзодлар ва уларнинг тарафдорларига қарши "ҳаддан зиёд куч қўллаш"да айблаб чиққанди.

Минскдаги АҚШ элчихонаси бу хусусда махсус баёнот чиқариб, президентликка номзодларнинг калтакланиши, ҳибсга олиниши, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан куч ишлатилишини қоралаганди.

Сайловларда президент Александр Лукашенкога рақиб бўлган мухолиф номзодлар томонидан уюштирилган ноқонуний намойишларда иштирок этганлари учун эса, 600 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олиниб, турли хил маъмурий жазоларга ҳам ҳукм этилишганди.

19 декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Александр Лукашенкога қарши 9 номзод кураш олиб борганди.

Улар олдиндан овозларнинг сохталаштирилишини башорат қилиб, ўз тарафдорларини сайлов шаҳобчалари ёпилганидан сўнг Минскнинг марказий майдонига тўпланишга чақиришганди.

Аммо тўртинчи муддат учун номзодини илгари сурган президент Лукашенко овозларни сохталаштириш иддаоларини рад этган ва мухолифат "ҳозирнинг ўзида мағлуб бўлгани"ни даъво қилганди.

Ўзбекистон Конституциясига биноан амалдаги Президент Ислом Каримовнинг иккинчи ва охирги муддати эса, 2007 йилнинг бошида ниҳоясига етган, аммо ўша йилнинг декабр ойида у учинчи бор Ўзбекистон президентлигига сайланганди.

Ўша пайтда Беларус Президенти Александр Лукашенко жаноб Каримовни биринчилардан бўлиб табриклаган давлат раҳбарларидан бири эди.