Ўзбекистонда 'Жиҳодчи'ликда айбланган 12 киши қамоқ жазоларига ҳукм этилишди

Image caption Бу - Ўзбекистонда "Жиҳодчи"ликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилиш ҳолларининг биринчиси эмас

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, яна 12 киши "Жиҳодчилар" экстремистик гуруҳига аъзоликда айбдор деб топилиб, турли муддатга қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.

Ўзбекистон Олий маҳкамасидаги манбанинг Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига билдиришича, "яширин тарзда фаолият олиб борувчи гуруҳнинг бундан аввал ҳам судланган раҳбарларидан бири Шаҳобиддин Шомирзаевга 13 йиллик қамоқ жазоси берилган".

Гуруҳнинг бошқа аъзолари эса, уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилишган.

Асли тошкентлик ва 42 ёшда бўлган Шаҳобиддин Шомирзаев 2001 йилда диний экстремистик гуруҳдаги фаолияти учун 4.5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо авф этилган бўлган.

Айтилишича, шундан сўнг Шаҳобиддин Шомирзаев Россияга кетиб, "Жиҳодчилар" ноқонуний диний гуруҳга аъзо бўлган. Сўнгроқ эса, укаси ва яна тўққиз нафар ўзбекистонлик ҳам унга қўшилишган.

"Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати Шомирзаевнинг фаолиятидан хабар топган. Шундан сўнг у билан огоҳлантириш мазмунида икки бор суҳбатлашган ҳам. Ва у ҳақдаги маълумотларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига юборган," деб айтган Ўзбекистон Олий маҳкамасидаги манба.

Тергов жараёнида "Жиҳодчилар" гуруҳи аъзоларининг Россия ва Ўзбекистонда экстремистик руҳдаги китоблар, аудио ва видео материаллар тарқатишгани аниқлангани ҳам билдирилади.

Манбага кўра, шу йилнинг март ойида Шаҳобиддин Шомирзаевнинг ортидан гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам Ўзбекистонга қайтишади.

Ва Ўзбекистонга қайтганларидан сўнг уларнинг барчаси ҳибсга олиниб, ҳукм этилишади.

Жиҳодчилар кимлар?

2009 йилнинг май ойида Андижон ва Хонободда бўлган портлашларни ўз зиммасига олган гуруҳ ўзларини "Жиҳодчилар" дея атаган ва шундан сўнг Ўзбекистонда диндорларга нисбатан янги ҳибсга олишлар бошлаб юборилганди.

Илк бора 2009 йилнинг август ойида қаршилик 11 киши ушбу гуруҳда аъзоликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Кейин андижонлик, жиззахлик ва сирдарёлик диндорлар мана шу гуруҳга аъзоликда айбдор дея топилди.

Аммо кузатувчилар ушбу гуруҳ ҳукумат томонидан диндорларни озодликдан маҳрум қилиш учун ўйлаб топилган бўлиши мумкинлигини ҳам айтишади.