Москва марказида яна бир Ўзбекистон фуқароси пичоқланди

Муҳожир ишчилар

Москва милиция расмийларига кўра, 30 яшар Ўзбекистон фуқароси пойтахт марказидаги "Европейский" савдо маркази яқинида номаълум шахс ҳужумига дуч келган.

Ҳужумчи йигитнинг кўкрак қафасига бир неча маротаба пичоқ урган ва кейин қочиб қолган.

Ўзбекистон фуқароси оғир тан жароҳати билан Москва шифохоналаридан бирига ётқизилган.

11 декабр Кремл деворлари яқинидаги Манеж майдонида юз берган тартибсизликлардан сўнг, Москва ва қатор шаҳарларда славян қиёфасига мос бўлмаган шахсларга қаратилган ҳужумлар кучайди.

Манеж зўравонликларидан бир кун ўтиб, бир гуруҳ ёшлар 38 ёшли Қирғизистон фуқароси Алишер Шамшиевни калтаклаб ўлдиришди.

17 декабрда эса, Москва жануби-ғарбида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дамир Қаршиев пичоқ зарбидан ҳаётдан кўз юмди. Ўнларча инсонларга тан жароҳати етказилди.

Айни вақтда нафақат экспертлар, балки, Россия раҳбарияти Манеж майдонида юз берган тартибсизликлардан сўнг, мамлакатда миллатчилик кайфиятлари кучайганини очиқ тан олишмоқда.

Шу кунлардаги чиқишида Президент Медведев Россия учун миллатлараро можаро ўта хатарли эканлигини урғулади.

Дмитрий Медведев Россия ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот органларини миллий низо асосидаги тортишувларга кескин чора кўришга чақирди.