'Бошпана изловчиларни Ўзбекистонда хавф кутмаяпти ва қочқинлик мақомини олиш учун сабаб йўқ'

Қозоғистонда 30 га яқин ўзбекистонлик бошпана изловчи ишларини кўриб чиққан маҳкамалар ана шундай қарорга келганлар.

Олма Ота шаҳридаги Олмали туман маҳкамаси ўзбекистонлик 28 бошпана изловчининг даъвосини қондирмади.

Ҳибсда сақланаётган яна бир қочқиннинг тақдири борасида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Қочқинларнинг яқинлари маҳкамалар адолатсиз ўтганини айтишмоқда.

Адвокатлар ҳукмномани қўлга олганидан сўнг 15 куннинг ичида шаҳар маҳкамасига раддия ёзишга ҳақлари бор.

Олмали тумани маҳкамаси ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг барчасининг ишини деярли якунлади.

Ҳибсда сақланаётган 29 бошпана изловчидан 28 тасининг даъвосини маҳкама қондирмади.

Маҳакама қарорларига кўра, уларни Ўзбекистонда ҳеч қандай хавф кутмаяпти ва Қозоғистонда қочқинлик мақомини олишлари учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

Ушбу шахсларга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатнинг конституцион тузумига тажовуз қилиш, тақиқланган диний экстремистик оқимларга аъзолик ва жиноий иш содир этганлик айбларини қўйган.

Маҳкама жараёнини яқиндан кузатиб борган, турмуш ўртоғининг ҳам иши кўриб чиқилган Умида Азимовага кўра, бошпана изловчиларнинг яқинлари маҳкама жараёнидан қониқмаган.

Маҳкама жараёнида даъвогарларнинг ўзи иштрок этмагани ва уларга нисбатан қўйилган айбларга ўзлари жавоб бермагани маҳкаманинг энг катта камчиликларидан бўлган.

"Масалан, бизларнинг хўжайинларимизни террористик, экстремистик ноқонуний ташкилотларда қатнашган деб айблашган. Лекин бу нарсага ҳужжат, далил сўрасак, "бизда ҳужжат далиллар йўқ, ҳаммаси орган ходимларида сақланиб турибди. Биз уларни олиб келолмаймиз", деб баҳона қилишди", - дейди Умида Азимова.

Маҳкама жараёнида учинчи шахс сифатида қатнашган гувоҳларнинг Ўзбекистондаги таъқиблар борасида келтирган далиллари ҳам инобатга олинмади.

Бундан ташқари, адвокатлар томонидан келтирилган халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталиши, хусусан ҳибсхоналардаги ноинсоний муносабатлар ҳақидаги ҳисоботлари ҳам эътиборсиз қолдирилди.

Ҳукмномани қўлга олган адвокатлар 15 куннинг ичида шаҳар маҳкамасига қарордан норозилик билдириш мумкин. Акс ҳолда уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш кутилмоқда.

Тақдири номаълум бошпана изловчи

Олмали маҳкамаси ишини кўриб чиқмаган йигирма тўққизинчи бошпана изловчи Фазлиддин Умаров.

Аммо унинг адвокати бўлмагани боис, комиссия қароридан норози бўлиб ёзган шикояти қачон ва ким томонидан кўриб чиқилишини аниқлашнинг иложи бўлмади.

Бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бермаган Миграция полицияси вакиласи Гулзада Нурмакин Умаровнинг иши ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди.

Қочқинларнинг иши билан бевосита шуғулланган Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти юристлари ҳам ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтишди.

"Умаров Фазлиддин 13 октябр куни Олма отадаги Кўк бозордан ушлаб кетилган. Шунинг учун бу одам ҳақида ҳеч нарса билмаймиз", дейди Умида Азимова.

Бошқа бошпана изловчилардан ҳибсхонага кечроқ тушган Фазлиддин Умаровни БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги адвокат билан таъминламаган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Умаровнинг ўзи ҳибсхонадан комиссия қароридан норозилигини билдириб маҳкамага мурожаат қилган.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси номидан Қозоғистон ҳукуматига ҳар бир иш индивидуал ўрганилмагунча экстрадицияни кечиктириб туриш ҳақида сўралган мурожаатига қозоқ расмийларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.