Шаҳодат Улуғ: 'Токи биз тирик эканмиз, руҳимиз овворадир…'

Image caption Шаҳодат Улуғова: 'Менинг назаримда, ижодкор ижод учун жой танламайди'

Шаҳодат Улуғ – Навоий вилояти, Нурота шаҳрида туғилган. 1993 йил Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Иккита ҳикоя ва қиссалар тўплами нашр этилган. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.

Би-би-си: Муҳожиратда ижодкор бўлишнинг ўзига хосликлари нимада? Гашти, машаққати назарда тутилганда?

Шаҳодат Улуғ: Ижод - тилсимини кўрсатиб, сўнг йўқолиб бораётган саробга ўхшайди. Уни на тута оласан, на қуча… Шу йўсинда инсон шуурида йиғилиб қолган гоҳ қувончли, баъзан қайғули ’’токсинлар’’ни ижод орқали ташқарига ҳайдаб чиқаради. Муҳожиратда яшашнинг ўзига хос гашти ва машаққатлари бор. Дастурхонинг тўкин эса-да, лекин барибир Ватан соғинчи кишини қийнайди. Аммо соғинчдан ҳам кучлироқ бир туйғу борки, биз уни “қўмсаш” деймиз. Бу қўмсашни овораи сарсон бўлган бир ғарибнинг ватанидан айрилиб, сўнг юрт қучоғига қайтгач, дардларини қум қатига айтиб йиғлаши талқинида кузатсак:

"Одамларни қиличдан ўтказиб, молу дунёсини талаган ғанимлар у кун Даштни тарк этишди.

Қизил қонга тўйинган тупроқ қатидан қизил алафлар кокил кўрсатди. Ғанимлардан бўлган қабила бошлиғининг ишқи эр кўрмаган сулувга тушди. Саксонида қиз санамга суқ бўлган, тиши тушган бу иймонсиз зардўшт оқсоқол уни ўзи билан олиб кетди. Лекин Санамни ўқтин-ўқтин ”дарди” тутиб, Дашт қўйнига бош олиб кетгиси келар эди. Бу дард киндик қони тўкилган юртга бўлган бир интиқлик эдики, буни унинг ўзи қўмсаш эканлигини билмас эди. Қабила бошлиғи овга чиққан бўйи уйга уч кун ўтгач қайтди, унинг яраланган жисмини кўтариб келган қабила аҳли жароҳатига малҳам излаб, чалғиб қолишди.

Навниҳол Санам икки ойлик гўдаги билан киндик қони тўкилган Даштга қайтди, бироқ не кўз билан кўрсин-ки, қум қатидан унган қизил гиёҳлар ер тимдалаб ётар, кимсасиз саҳро қўйнида уни даҳшат ва ваҳшат ўраб олди. У қизил гиёҳларни қучиб йиғлаган эди шунда. Cўнг ноилож оҳини қултум қилиб ичига ютиб, сувсизликдан қовжираётган гиёҳларга кўз ёшларини тутиб яна йиғлади.

- Бу “жай”лар ”хун” га тўлғон!- дея дод солган эди у ер тимдалаб.

Нолаи афғонидан дарё тўлғаниб, наъра тортди, ўкириб-ўкириб фарёди қирғоқларидан тошди-ю ”жай”лари “хун”га тўлган тупроқларни ювиб қайта замин қатидан ям-яшил алафлар ундирди... Ҳали бундай кўклам кўрмаган Дашт ўз ҳуснига ўзи маҳлиё эди. Жайҳун эса пишқириб оқар, атрофида қулфи сумбул гиёҳ унган туронғил, ялтирбош, буғдойиқлар ўзидан ўрам ҳосил қилиб барқ уриб ўса бошлади. Шунда муамбар тўлқинлари жилоланган Сулув Қиз - дарёи Жайҳун шодумонликдан ҳапқирди, чунки Даштга Ҳазрати Ҳизр дориган эди:

-Бу "Жай" ларни ўзининг "хон" лари обод қилғай!- деди у икки қулочини Буюк Дашт оша ёзиб. Жайҳун тўлқинланиб қирғоқларига урилди, cўнг жилолари жимирлаб, яна ҳар ён тарқалди.

Бир лаҳза Санам шодумонликка қулоқ тутиб гапирмоқдан тўхтаб қолди… Шунда у қадим аждодлари мана шу юртда палак отиб, гиёҳлардан ризқу насиба териб яшаганлари ҳақида тўлқинланиб гапириб бераётган эди…"

Би-би-си: Муҳожиратдаги ижодингизни сермаҳсул дея оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила оласизми?

Шаҳодат Улуғ: Мен ўзимни сермаҳсул санай олмайман. Худо берганини баҳоли қудрат баҳам кўраман. Психоаналитик Зигмунд Фрейд ижодий жараёнга атрофлича баҳо берар экан, фавқулодда экстремал ҳолларда ижодкорнинг сермаҳсуллигини эътироф этган.

Айни ана шундай экстремал ҳолларда, ижодкор мантиқ ва чегарани йўқлик қаърига улоқтира олади, шунда воқеълик ва хаёлотдан мўъжаз бир битик яратгиси келиб қолади. Насрнинг дағал кўринишлари беихтиёр чекиниб, назмнинг тили чиқади:

Бўшлиқ манзаралари

Чўзса қўли етмас – зубарижат Танҳолик, Қулоқ тутса, куйлар ёнаверса – Раҳмонлик! Бир лаҳза туриб қолса, эшитиб шодмонлик, Бир кам дунё дерлар, яна тилар омонлик. Лаҳза дақиқага қоқаверар қош… Сарҳадларга ҳомуш қўйиб бош, Кўнгил осмон қадар юксалар, Кипригидан тўкиб зарли ёш, Уйғотади барчани қуёш. У бир ўзи ҳокисор инсон, Кичкина уй кенг унга ҳамон, Магар унинг руҳи сиғмаган, Ўн саккиз минг олам тор деган, У бир чечак унмаган ҳали, Қум қатига дардини айтган, Сўлмоқ кузнинг ишими асли, Ердан униб тупроққа қайтган. У бир дарахт - бир кўклам яшаб, Саратонда қилган сув талаб, Чўл қўйнида қақраган бир лаб, Ожиз танин ётар нимталаб. Ғафлатда тоғ нолон қуласа, Ғам қувончдан қўллов сўраса, Музтар кўзи гирён қараса, Уни фақат Ўзи асраса! Инкишофлар қидириб юрса, Тик бошини эгиблар турса, Шабнам бўлиб тупроққа сингса, Кўриб тошлар тарсиллаб синса. Кузнинг иши эзғин ҳамиша, Кўнгиллари синган бир шиша, Умидидан соврилган хазон, Нобуд бўлган, эшитмас Азон! Қай деворни тутун кирлаган, Кўксини бир янтоқ тирнаган, Осмонида ёмғир йиғлаган, Юрагини шамшир тиғлаган. У бир бургут бузганди қафас, Булутларни кўпдан соғинган, Узоқ парвоз – ўт, оташнафас, Қайтиб бошқа ерга қўнмаган. У кимсасиз даштда адашди, Қай мушуклар ўлжа талашди, Сўйлай деса ҳеч зот кўринмас, Қувончини дардга алмашди. Йўлсиз йўлга термулиб ўтди, Тиззасини қучоқлаганча, Кўз ёшини гиёҳга тутди, Қултум қилиб оҳини ютди. Ва ўрганди алаф тилини, Йўлда қумри қалбига инди, Сўйлайверди очиб дилини, Ёмғир йиғлаб охири тинди. Йўлсизмиди унинг йўллари, Юриб - толиб сўқмоқ излаган, Ўзни қўйиб ётни сизлаган, Менни қўйиб шодон бизлаган. Кўнгил иши ўрганилмаган, Охири йўқ тубсиз бир уммон, Боши магар унитилмаган, Магар тахти - шоҳи Сулаймон, Боши магар унитилмаган, Охири йўқ тубсиз бир уммон, Кўнгил билан яралган инсон, Баъзан топиб - топмаган имкон. Бир сўз мавжуд танҳо ҳарфдан яралган. Ё Ҳу! Олам сирин мужассам этган, У… У… У… У бир чирой васлига етилмаган! Бир қўшиқ У ўнггида айтолмаган - Мен адо, деган… Cен Мавло деган!

Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди ва сизни яна қандай имкониятлардан маҳрум этди?

Шаҳодат Улуғ: Оллоҳнинг маҳорату инкишофидан яралган Одам Ато ва Момо Ҳавво зурриёдлари башарти яшашга маҳкум экан, қазосига қадар улоқиб юргусидир. Шу йўлда киши фароғат билан бирга азобларни-да татишга мажбур.

Ҳаёт нисбийликдан иборат экан, жавоблар ҳам нисбий ўлароқ янграйди: бир нарсага эришаётиб, ниманидир йўқотаётганингни дастлаб сезмайсан, сўнг дафъатан англаб қоласан, шунда гўё битаёзган қалб жароҳатларинг яна қонаб кетгандек туюлади.

Би-би-си: Агар муҳожиратдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?

Шаҳодат Улуғ: Менинг назаримда, ижодкор ижод учун жой танламайди, деган фикр тўғридек. Чунки айтганимиздек, инсон шуурида йиғилиб қолган токсинларни ижод орқали ташқарига ҳайдаб чиқарар экан, cалоҳиятидан келиб чиқарак кимдир куй чалади, кимдир ёниб куйлайди, кимдир мўйқаламда кўнгил манзараларини маҳорату инкишоф билан намойиш этади.

Қуйида адибанинг ''Сен йиғлама, фақат” номли асаридан парча:

"Кунни тун оҳиста ечиб олур ва қора чиммати билан чирмаб ўрагай! Бизга бир ажиб ҳикмат жўнатур. Кези келгач яна Қуёшини қайта жорий қилур.Бу ўн саккиз минг оламни бир зарбда олти кунга тақсимлаб бунёд этган Танҳо яратгувчи ва ўзи ёлғиз билгувчи Зотнинг тақдири ўлчовидир. Қуёшни Кунга, Ойни эса Тунга ҳукмрон қилган. Kўкда Шамс таважжуҳ-ла тасалло айлаб, борлиқни қайта забт этур, оламни нурга белаб, нурга ўраюр. Оқшомини туширгач,Ойга осмон денгизи cаҳроларида ёнарқурт – ёмби юлдузларини қаричлаб, саралаб тарқатмоқни буюрур, сўнг улар чиндан ороланиб-оромланиб фалакда сузиблар юрур. Оздириб – Ҳилол қилур, тўлиштириб тўлин ой – Қамар этур: алалхусус тўлиштирмоқ учун аввал оздириб- сўнг ўз ҳолига келтирмоқ учун бир неча манзилга белгилаб, якунида бутоғини гоҳо ўнгга, гоҳо сўлга тайинлаб қўюр. Барчалари бир-бирларин қувватлаб, тўлдириб турур. Билдикки, уларни Ўз билгича инсон онгига мутлоқ даҳлсиз Илоҳий тафаккури-ла ажратур ва тартибга солур. Англадикки, илҳомидан яратган оқсуяк малойиклар сабоҳларда мушку анбар пуркалган насиму наволардан пок таҳоратлар оларлар ва оқибат ҳисоб- китоб қилмоқ учун ҳар ён жўнарлар. Ниманидир устун даражасининг бисёрлигини бошқасидан чандон зиёд қилур. Найсонлар майда-майдалаб ёғарлар, сўнг қиқирлатиб–яйратиб бир мафтункор, баъзида йиғлатиб-қақшатиб асов-исёнкор ёмғирларини жўнатур, бўронларни дўлга оғдирур, чақмоқларни чақнатиб, ердан потирлатиб қўзиқорин ундирур. Бунда ҳатто алафлар-да тўлғониб, тўлқинланиб ўзлигин намойиш этур, улар ҳам ҳис этарлар – қувонарлар, ғам чекарлар. Тирилгайлар – ўлгайлар! Ердан униб тупроққа қайтгач, яна яшармоқ-чун қум қатига дардларини айтарлар, қишда кўкламини соғиниб, баҳор кўргач ёзга талпиниб, охир-оқибат зулф кўрсатиб, кокил ўйнатиб ўт -ўланлар яна ва яна заминни ёриб чиқарлар, бани башар қавми қадамига чорлагувчи зангор бахмал поёндозлар тўшарлар. Алалхусус, Руҳнинг хотироти эса кўҳна Замин қадар қадим, ёши Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг ёшига туташ… Токи биз тирик эканмиз, руҳимиз овворадир… Биз ўлар эканмиз, руҳимиз ва лекин маҳшар қадар мангу тирикдир… сўнг, сўнг ожиз танин тарк этиб, бошқа бир мурғакнинг жисми-жонига кўчиб ўтарлар… Шоду хуррамлик сўнггида, эҳтимол, мангу азоб, машаққату заҳматлар якунида, балки ярақлаган моҳи тоб эшик қоқмоқдамикин? Қабр эса борар йўлинг – ҳимоянг, қалъанг. У амалларингга қараб – обод бўлгай, ё хароб ўлғай!"