Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'2011 йилда Ўзбекистон иқтисоди жадаллик билан ривожланади'ми?

Британияда чоп этилувчи нуфузли The Economist журналининг таҳлилий бўлими расмий рақамларга таяниб, Ўзбекистонни жорий йилда ҳам иқтисоди тез суръатда ривожланувчи давлатлар ўнлигига киритган.

Economist Intelligence Unitнинг расмий маълумотларга таяниб айтишича, 2011 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш сезиларли бўлиб, 7.9 фоизни ташкил этади.

Британиялик таҳлилчиларнинг айни шу асосдаги башоратларида иқтисодий ўсиш суръати бўйича Ўзбекистон Эритрея, Қатар, Гана, Эфиопия, Хитой ва Ҳиндистондан кейин еттинчи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон ҳукумати яқинда 2010 йилда мамлакатдаги иқтисодий тараққиёт даражаси 8.3 фоизни ташкил этганини билдирганди.

Биз Economist Intelligence Unit гуруҳининг Ўзбекистон бўйича иқтисодий таҳлилчиси Жон Эндрюга боғланиб, улар келтираётган расмий рақамлар қанчалик ҳақиқатга яқин, деб сўрадик:

Жон Эндрю: Ўзбекистон иқтисодиётига назар ташлаганда аксар таҳлилчилар дуч келадиган асосий муаммо шуки, ўзбек расмийлари берган рақамлар умуман ишончга лойиқ эмас. Ўзбекистон ҳукумати расмийлари мамлакат иқтисодий ўсишини бўрттиришга, ҳақиқий инфляция даражасини эса пасайтириб кўрсатишга ҳаракат қилишади. Улар, шунингдек, мамлакатдаги ишсизлик даражасини паст қилиб кўрсатишга интилишади. Биз ва бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистон расмийлари берган расмий рақамларни берамиз. Унда эса, воқеъликдан узоқ иқтисодий аҳвол гавдаланади. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2010 йилда Ялпи Йиллик Ички Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 8.3 фоизни ташкил этган. Амалда эса, бу кўрсаткич Ўзбекистонда 3 фоиз, нари борса, 4 фоизни ташкил этган бўлса, эҳтимол. Ўзбекистон расмийлари яна сўнгги глобал молиявий инқироздан мамлакат иқтисодиёти умуман зарар кўрмаганини даъво қилишади.

Би-би-си: Сиз бу даъволар асоссиз деб ўйлайсизми?

Жон Эндрю: Мен амалда бундай эмас, деб ўйлайман. Расмий иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари соғлом экани даъво қилинса-да, ўзбек халқи ундан ҳеч қанақасига баҳраманд бўлаётгани йўқ. Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари Қозоғистон ва Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларининг юборадиган пулларига боғлиқдир. 2009 ва 2010 йилларда Россия ва Қозоғистон иқтисодиётлари жаҳон молиявий инқирозидан қаттиқ зарар кўрди. Натижада, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанларига юборадиган маблағлари 30 фоизга тушиб кетди.

Би-би-си: Сиздаги ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш қанчани ташкил этган бўлиши мумкин?

Жон Эндрю: Бизда аниқ ва ишончли рақамлар йўқ. Биз Ўзбекистон ҳукумати берган маълумотларни такрорлаймиз, холос. Менинг назаримда, Ўзбекистонда 2010 йилда ҳақиқатдан ҳам иқтисодий ўнгланиш бўлди. Чунки асосий экспорт бозорлари молиявий инқироздан чиқа бошлашди. Мисол учун, Ўзбекистондан Россияга автомобиль сотиш анча яхшиланиб, 11 фоизга ўсди. Ўзбекистонда Ялпи Йиллик Ички Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ўзбек расмийлари айтаётганидек, 8.3 фоизни эмас, балки, менинг тахминимча, 3-4 фоизни ташкил этди.

Би-би-си: 2011 ва 2012 йилларга мўлжалланган иқтисодий кўрсаткичлар башорати қандай?

Жон Эндрю: 2011 ва 2012 йилларда иқтисодий ўсиш суръати бироз пасаяди. Чунки, менинг ўйлашимча, жаҳон иқтисодиётининг ўсиши яхлит олганда сал сустлашади. Бу, албатта, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Ўзбек расмийлари иқтисодий сустлашув Ўзбекистонга таъсир кўрсатмади, деб даъво қилишлари мумкин, аммо амалда таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Расмийлар иқтисодий ўсиш 8 фоизлар атрофида бўлди, дейишларини кутаяпман. Аммо амалда 2011 йилда Ўзбекистонда ўсиш тахминан 2 фоиз атрофида бўлади, деб ўйлаяпман.

Биз Ўзбекистондаги ички ишлаб чиқариш даражаси билан боғлиқ бугунги аҳволни билиш учун мустақил маҳаллий иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовни суҳбатга тортдик.