Светлана Ортиқова:'Ёлғон гапирмайман, гапирсам виждоним қийналади'

Image caption Светлана Ортиқова Сенатнинг қонунчилик қўмитасини бошқаради

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова жавоб беради.

Cветлана Боймирзаевна Ортиқова 1962 йилда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган.

6-ўрта мактабни битириб, Учқўрғон туман прокуратурасига котиба булиб ишга киради.

Тошкент Давлат Университети ҳуқуқшунослик факултетининг сиртқи бўлимида таҳсил олган.

30 йил давомида прокуратура тизимида ишлаган, адлия катта маслаҳатчиси.

1999 йилдан 2010 гача Бош прокуратура матбуот хизматига раҳбарлик қилган.

Айни лавозимда у Ўзбекистондаги тергов ва маҳкама жараёнлари, инсон ҳуқуқлари ва сиёсий маҳбуслар масаласида ҳукуматнинг расмий мавқейини фаол ҳимоя қилиб келган.

2010 йил 24 январдаги Президент фармони билан Ўзбекистон олий Мажлиси Сенатининг аъзоси этиб тайинланган.

"Бир фарзандим бор, бахтиёр онаман", - дейди сенатор.

Би-би-си: Швециядан Муҳаммадсолиҳ ўзбек амалдорлари орасидан чет эл оммавий ахборот воситалари билан бемалол мусоҳаба қилаётганингиз ва ҳозирги тузумни имкон қадар оқлашга ҳаракат қилаётганингиз сизнинг бошқа режим амалдорларидан фарқли жиҳатингиз, деб фикр билдирибди ва "менинг укам Абутов Саидкамол 2008 йил 159 билан 13 йилга қамалди, Олмалиқда ўтирибди, уйда аёли ва уч ёш боласи бор, сиздан шу ишни кўриб чиқишда ёрдам беришингизни сўрардим" деб ёзаяпти, марҳамат.

Светлана Ортиқова: Аввалам бор, мени студияга таклиф қилганингиз учун миннатдорчилик билдираман ва барча мухлисларга юборган саволлари учун олдиндан миннатдорчилик билдираман. Лекин шу саволларга жавоб беришдан олдин бир файласуфнинг сўзларини эслатмоқчиман. Вольтер: "Cизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо фикрингизни айтишингиз учун ҳаётимни беришга тайёрман".Фикрлаш ҳар бир инсонга, шахс, фуқарога тааллуқли, ўзига хос хусусияти бор. Менинг фикримга ёки менинг гапларимга қўшилмаган инсонлар бўлиши мумкин ва бу менимча табиий. Агарда Швециядан шу жаноб саволни беришдан олдин Ўзбекистоннинг миллий қонунчилигидан бохабар бўлганида, шу савол туғилмасди. Нимага? Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонуни бор Сенат тўғрисида. "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида"ги қонун. Шу қонуннинг 32-моддасида белгиланганки, аниқ фуқаролик, жиноят ва хўжалик ишларига Сенат аъзолари аралашишга ҳаққи йўқ. Шунинг учун мен бу мухлисга тавсия қилардимки, ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, яъни Олий Судга, Бош прокурорга ёзма равишда мурожаат қилишлигини. Улар қонунда белгиланган тартибда, албатта шу мурожаатни ўрганиб чиқишади ва қонун доирасида чора-тадбирларни қўллашади.

Би-би-си:Лекин савол йўллаганлар орасида мурожаат қилганлар ҳам бор экан. Масалан, Оврўподан Элдорбек ёзаяптилар, "мени шу йил ички ишлар ходимлари калтаклашди, мен вилоят прокуратураси, сўнг сизга, Рашид Қодировга, Бош прокурор ва Президентга мурожаат қилдим, аммо ҳалигача ҳеч қандай натижа йўқ".

Светлана Ортиқова: Раҳмат шу савол учун ҳам. Афсуски, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ходимлари мана шунақа ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйишаяпти. Шунинг учун ҳам Қийноқларга қарши Конвенция Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган. Қийноқ масаласи бутун халқаро ҳамжамиятни безовта қилганлиги учун ҳам Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан шу Конвенцияни қабул қилиб, юздан ортиқ давлатлар ратификация қилган. Шу муаммо Ўзбекистонга ҳам тааллуқли. Агарда ҳақиқатан ҳам шунақа воқеа бўлган бўлса, лекин у воқеа ҳақиқатан ҳам бўлганлигини аниқлаш учун, яна бир бор қайтаряпман, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар томонидан тегишли текшириш ўтказиш лозим. Текшириш ўтказилган натижаларга кўра, агарда шу қийноққа қўл урган ва Ўзбекистоннинг амалиётида ҳам шунақа жиноят ишлари, озодликдан маҳрум этишгача борган ҳукмлар ҳам қабул қилинган. Шунинг учун мен таклиф қилардимки, албатта, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга ёзма равишда мурожаат қилиб, ҳақиқатни ойдинлаштиришга ҳаракат қилиш керак албатта.

Би-би-си: Фарғонадан ёзган ўқувчимиз "бундан икки йил муқаддам Қўқондаги ноқонуний дори бозоридан сизга теелфон қилган эдим, кишилар соғлигига катта зарар етказаётган бу бозорни йўқ қилишни сўрагандим, афсуски, сиз мени жеркиб ташладингиз, ҳозир ҳам натижа йўқ, ўшанда Светлана опамиз ватанпарварлигимни жеркиб ташлаган эдилар", деб ёзибди, марҳамат.

Светлана Ортиқова: Энди, биласизми, битта нарса ёмонки, мана шу тўғри эфирларда мулоқотга киришда, мухлис ўзини, мана саволини беряпти, бошқа ҳозир шу Би-би-сини эшитадиган мухлисларда шунақа фикр пайдо бўладики, ҳақиқатан ҳам ватанпарвар инсон мурожаат қилди-да, Ортиқова хоним уни жеркиб берибди. Ҳақиқатан шунақа бўлган-бўлмаганлигини, мен ҳозир сизга айтиб берадиган бўлсам, ўзимни радио орқали худди оқлашга уринаётгандек, ҳақиқатан ҳам шундай ишга қўл ургандек фикр туғдиришим мумкин. Мен ўзим ватанпарварман, агарда ватанпарвар киши менга қўнғироқ қилса ва Сенат, ҳукумат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг шаънига доғ туширмасдан ёки бир қанақадар бошқача гапларни гапирмаса, наҳотки мен шунақа одамни жеркиб бераман. Албатта, йўқ. Мен шунга кафиллик бераман. Шу қўнғироқ ҳақида гаплашсак, Фарғона вилоятида Бош прокуратура томонидан жуда катта, ўша бозорларга, айниқса, дори-дармон бозорларига нисбатан жуда катта текшириш бўлган, хаттоки жиноят ишлари ҳам қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилиб, судгача борган ва суд томонидан ҳукмлар қабул қилиниб, айбдор шахслар жазога тортилган. Мен шу бозор ҳақида, менга қўнғироқ қилган инсонга, ўша бозор тўғрисидаги маълумотни берганман. Улар ҳам менга шу бозор тўғрисида маълумотни беришган. Лекин мен ўзимнинг қаламимга оламан албатта. Мана ҳозир тўғри эфирда гапиряпман. Тегишли идораларга хабар бераман. Сенатор сифатида унақа ишларга аралашишга ҳаққим йўқ. Лекин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мана шунақа, Фарғона вилоятида шунақа воқеа содир бўлди, марҳамат, қонун доирасида, тартибга асосан текшириш ўтказиб, Сенатни хабардор қилинг, деб илтимос қиламан. Кейин яна мулоқотга кирсак, шу ҳақда ҳисобот беришим мумкин.

Би-би-си: Лондондан Баҳтиёр сўраяптилар, "Светлана хоним, сизнингча, биздаги суд тизими қачон адолат билан ҳукм чиқаришни бошлайди, бунга нималар ёки кимлар ҳалақит бераяпти?".

Светлана Ортиқова: Шу савол учун ҳам раҳмат. Ҳозир ҳам мана, суд тизими адолатли ҳукмларни чиқаришяпти ва бундан кейин ҳам адолатли суд ҳукмларини чиқаришади. Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаётгани йўқ. Ҳаёт давом этяпти. Юз фоиз суд тизими аъло даражада десак, албатта хатога йўл қўямиз. Бизнинг давлатимизда ҳокимият бўлиниши бор ва суд ҳокимияти алоҳида ҳокимият бўлиб, унинг асосий мақсади фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилишдир.

Би-би-си: Яъни Ўзбекистонда судлар мустақил, демоқчисиз.

Светлана Ортиқова: Албатта, албатта. Судлар мустақил эмас, дейишга ҳеч қанақа асос йўқ. Чунки хаттоки уларнинг моддий таъминоти масаласи ҳам ажратилган.

Би-би-си: Судлар мустақил ва адолатли бўлса, ноҳақ ҳукмларни ким чиқараяпти?

Светлана Ортиқова: У судянинг билимига ҳам боғлиқ, малакасига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Ноқонуний ҳал қилув қарор ёки ҳукм чиқарилган бўлса, Олий Суднинг тизимида назорат қилувчи идоралар бор, поғонама-поғона, аппеляция, кассация тартибидаги назорат инстанциялари, ўша қонунийлигини ўрганишади.

Би-би-си: Кейинги саволни Ўзбекистондан Бўстон йўллабдилар, "мана яқинда 2010 йилда 39 маҳбсунинг ўлиги чиқди, деб инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳисобот тарқатишди. Буни қандай шарҳлайсиз? Умуман, ҳукумат статистикаси бўйича қанча маҳбус қийноқлардан кўз юмган?

Светлана Ортиқова: Қўлимда унақа статистика йўқ. Мана прокуратурада 30 йил ишлаганман, шу масалага доир ишчи гуруҳ аъзоси ҳам бўлганман. мана, мисол учун қамоқхонада ўлим факти аниқланса, албатта, оператив, тезкор гуруҳ тайинланади. Албатта ўша жасад суд-тиббий экспертизадан ўтказилади. Албатта, суриштирув ишлари олиб борилади. Агар ҳақиқатан ҳам қийноқ факти аниқланса, жиноят иши қўзғатилиши шарт, айбдор шахслар аниқланиши шарт ва суд олдида жавоб бериши шарт. Ҳар битта факти алоҳида текширилади.

Би-би-си: Америка Қўшма Штатларидан Ҳакимий савол йўллабдилар: "Келажакда Ўзбекистонда икки фуқароликни жорий қилиш мумкинми?".

Светлана Ортиқова: Энди бу савол менинг ваколатим доирасидан. Бу масалани, мисол учун, ҳозир унақа нарса кун тартибида йўқ ҳар қалай.

Би-би-си: Яна Қўшма Штатлардан Санжар Умаров сўраяптилар: "Ўзбекистонда маҳбуслар сони қанча ва жазони ўташ колонияларининг сони қанча? Ҳар битта маҳбусга давлат қанча маблағ сарфлайди?".

Светлана Ортиқова: Энди сон жиҳатига эътибор берадиган бўлсак, Санжар Умаров ҳам Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан албатта бохабарлар, яна бир бор эслатишим мумкин. Мана битта тезисни сизларга келтираман ҳозир. "Жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги чоралар натижасида Ўзбекистонда ҳозирги кунда қамоқдагилар сони жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткични ташкил этади. Яъни ҳар 100 минг аҳолига 166 киши. Менимча, мана шу рақам ўзи учун ўзи жавоб беради.

Би-би-си: Давлат ҳар битта маҳбусга қанча маблағ сарфлайди, деган саволга жавоб бермадингиз.

Светлана Ортиқова: Чунки менда унақа рақам йўқ-да.

Би-би-си: Исломжон исмли тингловчимиз Президент Каримовнинг муддати ҳақида савол берибдилар. "Мана, мустақил бўлганимизга салкам 20 йил бўлди, аммо Ислом Каримов хали ҳам ҳокимиятда ўтирибди, сизнингча, қонун бузилмадимикан?".

Светлана Ортиқова: Афсус, афсус, мана шу жаноб Конституцияни ўқимадилар-да, ўқиганларида шу савол туғилмасди.

Би-би-си: Конституцияда президент нечта муддатга сайланиши мумкин, деб ёзилган?

Светлана Ортиқова: Конституциянинг 2-моддасида "давлат, халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар", деб ёзилган. Бизнинг Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчаларо киритилганда Президентнинг муддати, кейин мана, икки палатали парламент масаласи кўтарилганда, референдум ўтказилган. Референдумда халқ ўз иродасини, ўз хоҳишини билдирган. Ўша шижоатли, бой, келажаги порлоқ давлатнинг кичкинагина бўлаги мен бўлсам, референдумда "ҳа", деганман. Ким нима дея олади бунга?!.

Би-би-си: Тошкентдан Абдураҳмон Ташанов сўрабдилар:"Ёлғон гапирганингизда виждонингиз қийналадими?". Марҳамат.

Светлана Ортиқова: Бизнинг оиламизда "ширин ёлғондан кўра, аччиқ ҳақиқат яхши" деган аснода тарбияланганман-да. Ёлғон гапирмасликка ҳаракат қиламан. Лекин баъзида шунақа вазият туғиладики, ёлғон гапиришга мажбур бўласан. Мана, мисол учун, ота-отани йўқотганимда, оғир касал эди. "Тузаламанми?" деганда, "йўқ, тузалмайсиз" деёлмайсиз-ку. Ёлғон гапиришга мажбур бўласиз. Фақат мана шунақа вазиятда ёлғон гапиришга мажбур бўласиз. Лекин ўшандаям виждоним жуда-жуда қийналади.

Би-би-си: Қувасойдан Шарофиддин савол йўллабдилар:"Баъзи мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилинишининг олдини олиш учун қандай қўшимча қонунлар ишлаб чиқишни таклиф қилган бўлардингиз?".

Светлана Ортиқова: Савол учун раҳмат. Мен Шарофиддин акага таклиф ва тавсия қилардим, ҳуқуқий билимли бўлайлик. Агар ҳуқуқий билимли бўлсак, ҳеч қайси мансабдор ўша билимли фуқаронинг ҳуқуқини ва манфаатини поймол қилмайди. Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган мана, Сенат томонидан ҳам алоҳида дастурлар қабул қилиниб, ҳар бир фуқарога етиб бориб, ўшанинг билимини оширишга. Лекин калтакнинг иккинчи томони бор. Биз дастурларни қабул қилишимиз мумкин, катта-катта тадбирларни ўтказишимиз мумкин, лекин фуқаро ўзи биринчи қадамни ташламаса, бориб ўша китобни сотиб олмаса, бориб, ўзи қизиқмаса, ҳамма саъй -ҳаракатлар бир тийинга чиқиб кетиши мумкин. Шунинг учун мен, эркин фуқаронинг ҳуқуқи поймол бўлмаслиги учун, мен ўз устимда ишлашим керак, тинмасдан, чарчамасдан.

Би-би-си: Оврўподан Мадина "Ўзбекистонда одамлар нонга зор, сувга зор, бир ойда бир марта гўшт олиб ейишмайди, бунга қандай муносабат билдирасиз, деб сўрабдилар, марҳамат.

Светлана Ортиқова: Мен шу саволдан жуда хафаман-да. Европада ўтириб, шунақа хулосага келишдан олдин Ўзбекистонга келиб, шароитни ўргансалар-чи. Жуда яхши бўларди. Агарда битта-иккитаси нонга зор бўлиб ўтирган бўлса, демак ўша одам дангаса. Мен қишлоқда ўсганман. Ерда яшаган одам, бир парча ери бўлса, ҳеч қачон бир бўлак нонга зор бўлмайди ўша инсон. Европада ўтиргандан кўра, Ўзбекистонга келиб, шароитни ўргансин.

Би-би-си: Ўзбекистонда яқинлари бўлса керак Мадинанинг, шунга асосланиб айтаётгандир...

Светлана Ортиқова: Яқинлари бўлса, яқинларига маслаҳат берган бўлардим, шунчалик шароит яратилган, ишлагин, қилгин. Мана, кичик бизнес ривожлантириляпти, тадбиркорлик ривожлантириляпти. Одамлар дангаса, баъзи бирлари, ҳаммасимас. Қачон келиб давлат менга шароит яратиб беради, қачон давлат келиб, менга қўлимга иш тутқазиб беради. Ҳа бўлди, етади. Сан нима қилдинг давлатни ривожлантириш учун, сан қанақа қадамни ташладинг?. Етади! Қарамлик кайфияти хали ҳам бор. Балким ўша Европада ўтирган аёлнинг қариндоши шунақадир. Маслаҳат берардим, қимирланглар бой бўласизлар.

Би-би-си: Навбатдаги саволни сизнинг учқўрғонлик, ҳозирда Москвада бўлган ҳамшаҳрингиз Иброҳимжон Воҳидов йўллабдилар."Мана, сиз қонунчилик қўмитаси раисисиз, лекин жонажон туғилиб ўсган шаҳрингиз Учқўрғонда пенсионерларнинг пенсиясидан, электр ва газ счетчикларига қарамасдан, ойига 20-30 минг сўм олиб қўйилиши ва РайГаз, электр энергия раҳбарининг газ ва электрни хоҳлаган вақтида узиб қўйиш ҳоллари қайси қонунга мос келади ва қайси қонун улар учун мавжуд?!".

Светлана Ортиқова: Худди шунақа саволни мен жаноб Воҳидовга ҳам беришим мумкин. Агар шунчалик уларнинг жонлари оғриётган бўлса учқўрғонлик қариндошлари учун, келсинлар, ёрдам берсинлар. Прокурорга мурожаат қилсинлар, туман прокурори шу масалани ҳал қилмаса, туман ҳокими бор. Вилоят прокурори, вилоят ҳокими бор, қолаверса, бош прокурор бор. Мен ҳам ўзим учқўрғонликман, у ерда менинг қариндошларим ҳам яшайди. Агарда ҳақиқатан ҳам шунақа вазият бўлса, ҳуқуқшунос сифатида мен маслаҳат берай. Туман прокурорига мурожаат қилиш керак. Агарда ҳақиқатан ҳам Учқўрғон туманидаги мансабдор шахслар қонун доирасидан четга чиқиб, қонун ҳужжатларини бузаётган бўлишса, қонуний тартибда, қонун олдида жавоб беришади албатта.

Би-би-си: Истанбулдан Зулфияхон Матёқубова савол йўллабдилар. "Мана сиз парламентда катта сенаторсиз. Сиз ўзингизни парламентда халқнинг вакили деб ҳисоблайсизми ёки ҳукуматнингми?".

Светлана Ортиқова: Президентимиз жуда яхши гапларни гапирадилар, мен учун бу ғоя ва қандайдир негиз бўлади-да. Одамнинг оёғи ҳеч қачон ердан узилмаслиги керак!. Давлат хизматчиси бўладими, халқ ноиби бўладими, сенатор бўладими, вазир бўладими, у-халқнинг битта бўлаги. Шунинг учун одам ўзини халқ хизматчисива халқ вакили дебажратмаслиги керак. Мен ўзимни мана шу иккита нарсадан ажратолмайман. Мен биттаман.

Би-би-си: Хоразмдан, Хонқадан Ферузахон:"Ҳурматли Светлана Боймирзаевна, мана сиз Би-би-си, "Озодлик"да кўп чиқиб турасиз. Бошқа амалдорлардан фарқли ўлароқ, чет эл мухбирларидан ўзингизни олиб қочмайсиз. Сизга бунга "добро" беришганми ёки бу ўзингиздан чиққан шижаот, журъатми?".

Светлана Ортиқова: Инсон зоти шунақа яратилганда, битта гап камлик қилади, иккита гап кўплик қилади, бир яримта гапни тополмайсан. Гапирсанг нимага гапирдинг, дейишади, гапирмасанг ҳам нимага гапирмадинг, дейишади. Лекин ўша Ферузахонга, айниқса мана, Хонқа туманида яшаётган эканлар, маслаҳат берардим. Айланиб кетай, концепцияни ўқийлик, президентимиз ҳам мана шу вазиятдан норозилар. Шунинг учун ҳам концепцияга алоҳида битта йўналиш қилиб ахборотлаштириш тизимини яхшилаш, такомиллаштириш чора-тадбирлари, қатор таклифларни айтдилар. Шу ўринда яна алоҳида битта қонунни қабул қилишни ҳам тавсия қилдиларки, ҳозир мен сизга номини ҳам айтаман, "Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш зарур, дедилар президентимиз. Келинг, сиз ҳам Ўзбекистон фуқаросисиз. Сизнинг қанақадир қарашингиз бўлса, сизга қандайдир ахборот керак бўлса, сизнинг қанақадир таклифларингиз бор бўлса, марҳамат, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектларга мурожаат қилинг. Таклифларингизалбатта инобатга олинади.

Би-би-си: Отабек Алимов сўрабдилар: "Ўзбекистонда коррупцияга қарши кенг миқёсда амалий ишлар қилиш режаси борми?".

Светлана Ортиқова: Албатта, бор. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилиб, Ўзбекистон ҳам шу Конвенцияни ратификация қилган. Ва Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан қатор ҳужжатлар устида иш олиб бориляпти ва коррупцияга сиз билан биз биргалашиб, бир ёқдан бош чиқариб, эртага қонунлар қабул қилинади, эртага ҳаракат дастурлари қабул қилинади, деб кутмасдан, ҳозирги сониядан қарши курашишни бошлашимиз керак. Сиз билан бизга жуда кўп нарса боғлиқ.

Би-би-си: Қонунлар ҳақида гапираяпсиз, нима учун Ўзбекистонда ҳозирга қадар милиция ҳақида махсус қонун йўқ?.

Светлана Ортиқова: Ҳақиқатан ҳам саволингиз жуда тўғри. Милиция тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида қонунчилик ҳуқуқига эга бўлган субъект ишлаяпти. Лекин поғонама-поғона суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга ошириляпти. Кейинги босқичда шу масала ҳам кўтарилиши мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистондан Шоҳ исмли тингловчимиз сўрабди:"Сизнинг ўйлашингизча Ўзбекистонда қачон ҳақиқий демократия бўлади?".

Светлана Ортиқова: Ўзбекистонда демократияни қуришда қадам-бақадам қадамларни босаяпмиз, чора-тадбирларни белгилаяпмиз. Қонунларни, жамият ва давлат тузилишидаги ўзгартиришларни қиляпмиз. Келинг, бизнинг сафимизга қўшилинг. Балки сизнинг қарашингиз ёрдам берар Ўзбекистонда ҳақиқий демократияни қуриш учун.

Би-би-си: Ва ниҳоят, Омонбой деган тингловчимиз "сизга нима учун Светлана деб исм қўйишган?" деб сўрабди.

Светлана Ортиқова: Худди шунақа саволни мен Омонбойга ҳам беришим мумкин. Нимага сиз Омонбойсиз?. Азон чақирилган, ота-она берган исм. Менга жуда маъқул. Менга менинг исмим жуда ёқади. Менимча, Омонбойга ҳам ўзининг исми маъқулдир?.

Би-би-си: Жавобларингиз учун раҳмат.

Электрон манзилимиз: uzbek@bbc.co.uk

SMS алоқаси учун телефон рақамимиз:

+447786201124