'Ўзбекистон ҳибсхоналарида жинсий зўрлаш ҳоллари ортмоқда'

Image caption "Эзгулик" жамиятига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида жинсий зўрлаш натижасида дунёга келаётган болалар сони ортмоқда

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти ўзбек расмийларини тергов ҳибсхоналарида аёлларни жинсий зўрлаш ҳоллари юзасидан текширув ўтказишга чақирган.

Ташкилотнинг хабарида айтилишича, дастлабки тергов даврида ҳомиладор бўлган маҳкумаларнинг сони ортмоқда.

"Эзгулик" Тошкентдаги аёллар колонияси ва Зангиотадаги аёллар турмасида жазо муддатини ўтаётган уч аёлнинг аянчли тақдирини мисол қилиб келтирган.

2009 йилда гиёҳванд моддалар сақлашда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган Холисхон (исми ўзгартирилган) Тоштурмада дастлабки тергов даврида зўрланиши ортидан қамоқхонада кўзи ёриган.

Сурхондарёлик қотилликда айбланиб, маҳкум этилган Дилфуза Норматова эса? Зангиотадаги қамоқхонага қорнида уч ойлик бола билан олиб келинган.

"Эзгулик", шунингдек, 1980 йилда туғилган хоразмлик Насиба Жуманиёзованинг Зангиотада жазо муддатини ўтаётган пайт жинсий зўрланиш оқибатида ҳомиладор бўлганини даъво қилган.

Ташкилотнинг хабарида охирги холат юзасидан Зангиотадаги қамоқхонанинг бир неча назоратчилари ишдан олингани айтилади.

"Эзгулик" Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ва ўзбек расмийларини айни ҳолатлар юзасидан текширув ўтказишга чақирган.

'Кенг тарқалган'

Ўзбекистон ҳибсхоналарида гумондорларни жинсий зўрлаш ҳоллари янгилик эмас.

2009 йилда милиция томонидан зўрлангани айтилган сурхондарёлик уч опа-сингилларнинг тақдири халқаро жамоатчилик эътиборини Ўзбекистондаги айни муаммога қаратган эди.

Ҳодисада опа-сингил Соатоваларнинг безорилик ва талончилик айбларини тан олишга мажбурлаш йўлида милиция ходимлари томонидан қийноққа тутилиб, зўрлангани иддао қилинган.

Бирлашган Миллатларнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новакнинг аралашуви ортидан ўзбек расмийлари ҳодиса юзасидан текширув ўтказишган.

Аммо Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман милицияси жинсий зўрлашда гумон қилинган милиция ходимларининг ДНК текшируви натижасида даъволарнинг тасдиқланмаганини маълум қилган.

Расмийларга кўра, текширув биронта ҳам милиция ходимининг Райҳон Соатованинг фарзандига алоқаси борлиги далилларини топмаган.

Райҳон Соатова 2009 йил 9 май куни тергов ҳибсхонасида Мирзо Улуғбек туман милициясининг 12 ходими томонидан зўрланганлигини иддао қилган.

2009 йил декабрида у Тошкентдаги аёллар қамоқхонасида муддатидан аввал қиз фарзандли бўлган.

Райҳон Соатова билан бирга, унинг икки синглиси ҳам босқинчиликда айбланиб, бири озод этилган, бошқаси Райҳон билан бирга қамоқ жазосига маҳкум этилганлар.

Соатовалар ишини кузатиб келган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари зўравонликка қўл ургани айтилган милиция ходимларининг жазога тортилишларига шубҳа билдиришган.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистон расмийларини ҳибс ва қамоқхоналарида жинсий зўрлаш иддаолари юзасидан жиддий текширув ўтказишга чақириб келади.

"Ҳибсхоналарда қийноқ ва зўрлашларга оид ҳар бир ишни текшириш ва жиноятчиларни маҳкамага тортиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши Конвенциясини имзолаган Ўзбекистон учун шарт", деб айтган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак.