Wikileaks 'Салимбойвачча' ва ўзбек ҳукумати орасидаги алоқалар ҳақида

Ўтган йили "Викиликс" интернет саҳифаси орқали ошкор этила бошлаган махфий дипломатик ҳужжатларда Ўзбекистон "коррупция ўта қулоч ёйган", "уюшган жиноятчилик тарқалган" ва "қийноқлар мавжуд" мамлакат сифатида таърифланганди.

Шунингдек, бу ҳужжатларда президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг молиявий кирдикорлари тафсилотлари, инсон ҳуқуқлари аҳволидан хавотир ва расмийларнинг йўриқлари ҳақида айтилганди.

Бу галги ёзишмалар эса норасмий, лекин таъсири ўта кучли ва ҳужжатларда "Тошкент мафиясининг отаси" дея таърифланган шахс ҳақида.

2006 йили АҚШ элчиси Жон Пурнел томонидан Вашингтонга юборилган номада Салим Абдувалиевнинг Тошкент яқинидаги Ғазалкент шаҳарчасида жойлашган дала ҳовлисида ўтказилган икки базм тафсилотлари берилган.

Биринчи маросим 2005 йилнинг июл ойида Салим Абдувалиев ўғлининг унаштирилиши муносабати билан ўтказилган.

Иккинчи зиёфат ҳам ўша йил ёзида уюштирилган бўлиб, у Салим Абдувалиев турмуш ўртоғининг Тошкентдаги ресторанлардан бирида бўлиб ўтган туғилган куни бўлган. Иккала маросимда ҳам Ўзбекистоннинг собиқ ташқи Ишлар вазири ва яна бир қатор казоларнинг турмуш ўртоқлари дохил таниқли шахсларнинг рафиқалари қатнашишган.

Унда, шунингдек, Ўзбекистондаги таниқли санъаткорлар ҳам иштирок этишган.

АҚШ дипломати ўз кузатувларини бу маросимлар ёзиб олинган видео-тасмалардаги манзаралар асосида қилган.

2006 йили юборилган яна бир махфий дипломатик ҳужжатда элчихона бир манбага таяниб, Салим Абдувалиев қандай қилиб ишбилармонларга ўзбек ҳукумати тендерларини ютишга ёрдам қилганлиги ва давлат идораларига ишга жойлашиш учун пора узатишга воситачи бўлгани айтилади.

Бу ноқонунуий амалларнинг юз берган ери ва вақти тафсилотлари ҳам келтирилади.

Казолар томонидан ўтказиладиган ҳашаматли зиёфатларда мамлакатнинг сиёсий элитаси вакиллари ва жиноиий доиралар бирга йиғилишлари ҳақидаги видео лавҳалар интернет саҳифаларида бир мунча вақтдан бери кенг тарқалган бўлса ҳам, АҚШ махфий дипломатик ҳужжатларида расмийлар ва таниқли, лекин фаолияти шубҳали шахслар орасидаги боғлиқликнинг қайд этилиши ўзбек ҳукумати учун шармандали ҳолатдир.

Дастлаб декабр ойида ошкор бўлган бу каби ҳужжатлар юзасидан расмий Тошкент бирон муносабат билдирмаган ва Би-би-сининг муносабат олиш ҳаракатлари ҳам ҳозирча самарасиз.

Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига бу борада маълумот сўраб қилинган қўнғироқ ҳам жавобсиз қолган.