Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Қирғизистондаги нотинчликларга муносабат билдирган

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз раҳбари Тоҳир Йўлдош ўлими билан қаттиқ зарба еган бўлсада, Покистоннинг қавм ҳудудларида фаол бўлиб қолмоқда

Би-би-си Покистоннинг қабилавий ҳудудларида амал қилувчи ва дунё бўйлаб ман этилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан интернет орқали аудио мурожаатнома олган.

Қирғиз тилидаги аудио мурожаатномада Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳарбий қўмондони экани айтилган Аббос Мансур баёнот қилади.

Аббос Мансур қирғизистонлик мусулмонларга мурожаат этади ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўтган йилги Ўш воқеаларига муносабатини изҳор этади.

У Ўш воқеаларида АҚШ, Россия, Ўзбекистон ва янги қирғиз ҳукуматини айблайди.

Баёнотда қирғиз ҳукумати мамлакат жанубида қирғиз ва ўзбек жамоалари орасида этник можарони тўхтата олмагани учун танқид қилинади.

Аббос Мансур, шунингдек, қирғиз ва ўзбек мусулмонларни бирлашишга чақиради.

Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинида январь ойи бошида юз берган милиция ходимларига қарши ҳужумлар ва уларда "жиҳодчилар" айбланиши ҳақида гапира туриб, Аббос Мансур у ҳужумлар учун ЎИҲ масъул эмаслигини айтади, аммо ҳужумчиларни олқишлаб, уларни шаҳидлар деб атайди.