Би-би-си меҳмони - Хадича Абишева

Image caption Хадича Абишева меҳнат муҳожирлари ва аёллар ҳуқуқларига имконқадар кўп эътибор қаратилишига уриниб келади

Би-би-си меҳмони - аёллар ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Сана Сезим" ташкилоти раҳбари Хадича Абишева.

Чимкентда 2001 йилдан бери фаолият юритиб келаётган "Сана Сезим" ташкилоти инсон савдоси, жумладан ўзбекистонлик аёлларнинг Қозоғистонда фоҳишабозликка мажбурланиши, ҳамда ўзбекистонлик муҳожирларнинг қулликка тушиб қолиш ҳолларини фош қилган.

Ташкилот раҳбари Хадича Абишева ҳуқуқлари поймол этилган инсонлар билан юзма-юз учрашиб, уларга товон ва жиноятчиларнинг жазога тортилиши йўлида маслаҳатлар беради.

Хадича Абишева 1995 йилда Чимкент Педагогика Университетини тамомлаган. Сўнгра бир неча йил мактабда рус тили ва адабиётидан таълим берган.

Можароларни ечиш, тинчлик ва бағрикенглик бўйича курсларда иштирок этгач, у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ишлашга бел боғлаган.

Абишева хонимга кўра, Ўзбекистондан Қозоғистонга иш излаб келувчи кўп муҳожирлар ўз ҳуқуқларидан бехабарлар.

Ташкилотга ўз иш берувчисидан маошини ундира олмаган муҳожирлар кўп мурожаат этишади.

Яқинда мурожаат этган Ўзбекистон фуқароси иш берувчи билан ойига 50 минг танга маошга келишганини билдирган. Бироқ иш берувчи камроқ солиқ тўлаш ниятида маош миқдорини шартномага 15 минг танга дея белгилаган. Натижада ишчи ўз меҳнати учун шартномада белгиланган 15 минг тангани олган холос.

Ташкилотга сохта ваъдалар билан Қозоғистонга олиб келинган ва фоҳишабозликка мажбурланган ўзбекистонлик аёлларнинг оилалари ҳам кўп мурожаат этишади.

Хадича Абишева муваффақиятли якун топган ҳол сифатида яқинда озод қилинган икки опа-сингилни мисол келтиради.

Қизларни Қозоғистонга қаҳвахонада официантка бўлиб ишлаш ваъдаси билан қўшни аёл олиб келган. Бироқ Қозоғистонга ўтиш биланоқ, уларнинг ҳужжатлари тортиб олинган, улар ўзга кишиларга сотилиб, жинсий хизматлар кўрсатишга мажбурланганлар.

Уларга нисбатан зўравонлик ва руҳий босим қўлланилган.

"Сана Сезим" ташкилоти бу ҳақида хабар топгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этиб, қизларнинг озод этилишига эришган.

Бунга ўхшаш ҳоллар Қозоғистонда тобора кўпайиб бораётгани айтилади.

Хадича Абишевага веб саҳифамиз ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Ўз исмини ёзмаган тингловчимиз қуйидагича савол йўллапти: "Нима учун ўзбекистонлик қизлар Қозоғистонда шундай алданишини билса ҳам ишга кетади? Шунчаси қул бўлиб қайтаётганини биладию".

Абишева: Биласизми, ҳар бир инсон одам савдоси деган тушунча борлигини ва ўзи шундай аҳволга тушиб қолишини билса ҳам, "бундай нарса мен билан содир бўлмайди" деб ўйлашади. Айнан улар билан ҳам шундай ҳол юз беришини тасаввур қила олишмайди. Баъзи аёллар мен бошқа қизлардан ақллироқман, бундай ҳолга йўл қўймайман деган фикрда бўлишади. Лекин одам савдоси кўлами шунчалар кенгайиб кетаяптики, бу жиноятларни очиш борган сари қийинлашиб бормоқда. Қонунлар қанчалар қаттиққўллашса ва терговлар қанчалар кўпайса, одам сотувчиларнинг ҳам тармоқлари ва фаолияти, одамларни ёллаб сотиш усуллари мукаммаллашиб боради.

Би-би-си: Шу тингловчи айнан қонунлар борасида яна бир савол йўллаган: "Ўзбекистон ҳукумати нима иш қилаяпти? Ёки қонуни борми ўз одамларини Қозоғистонда ҳимоя қиладиган?"

Абишева: Ўзбекистонда одам савдосига қарши бир бутун қонун бор. Менга маълум бўлишича, у ёмон ишламаяпти. Қозоғистонда эса фақат бир модда бор, у ҳам бўлса Жиноят Кодексидаги 128-модда. У "одам савдоси" деб номланади. Мен билишимча, Ўзбекистон одам савдосини тергов қилиш ва қурбонларга ёрдам бериш йўлида имконқадар амал қилаяпти: давлат заҳираларига одам савдоси қурбонлари учун махсус бошпаналар очилган, ноҳукумат ташкилотлар ҳам шундай бошпаналар очишган. Лекин муаммо шундаки, одамларни ёллаш Ўзбекистон ҳудудида юз беради, одам савдоси ва жинсий ё меҳнат эксплуатацияси эса Қозоғистонда амалга оширилади. Айнан шунинг учун бу муаммо халқаро муаммо ҳисобланади, яъни бир давлат чегараси билан чекланмайди. Шунинг учун далил-исботларни йиғиб, бирор жиноий иш очиш жуда қийин бўлади. Кимга қанча қачон берилган, воситачилар ким бўлган, бундай жиноятларни фош қилиш жуда мушкул.

Би-би-си: Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг бу йўлдаги ҳамкорлиги нақадар самарали деб ўйлайсиз?

Абишева: Бу қанчалар самарали эканини баҳолаш мен учун қийин. Лекин ўз ташкилотим мисолида гапирадиган бўлсам, биз ўз ҳамкорлигимизни Ўзбекистондаги шерик ноҳукумат ташкилотлар билан олиб борамиз. Масалан бирон шахснинг ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон фуқароси эканини билиш учун ёки унинг ҳужжатларини қайта тиклаш учун Ўзбекистондаги шерикларимизга мурожаат қиламиз. Улар кейин давлат идораларига мурожаат этиб, бизга ёрдам беришади. Лекин давлат миқёсида бундай ҳамкорлик кетаётгани борасида мен аниқ баҳо бера олмайман.

Би-би-си: Умид исмли тингловчимиз саволи шундай: "Одамларни ташиш билан мафия шуғулланиши ростми? Сиз ўзингиз мафия ёки уюшган жиноий гуруҳларга дуч келганмисиз?"

Абишева: Ҳа, булар асосан уюшган гуруҳлар бўлади, чунки бир одамга бутун бир жараён билан шуғулланиш қийин бўлади. "Манба мамлакат"да одамларни топиш, уларни ёллаш ва чет мамлакатга олиб чиқиш учун жиноятчи ўз одамларига эга бўлиши керак. Бу одамлар қурбонларнинг ишончини қозониб, турли ваъдалар билан алдайди. Кейин ё ўзлари чегарадан олиб ўтишади ёки воситачилар қўлига топширишади. Кейин "манзил мамлакат"ида уларни сотиб олишади. Айтмоқчиманки, бу катта бир тармоқ. Яна бир жиҳати шуки, кимнидир хорижга олиб чиқиш учун, масалан, ҳужжатлар тайёрланиши керак. Масалан, вояга етмаган қизни олиб чиқиш жуда қийин, бунинг учун даста-даста ҳужжат ва рухсатномалар зарур бўлади. Бундай ҳолларда ҳужжатлар қалбакилаштирилади. Ҳаммага маълум, ҳужжатни қалбакилаштириш учун давлат идораларида танишга эга бўлиш керак, шундай экан бу ишга давлат ходимлари ҳам жалб қилинган бўлади. Одам савдоси бу уюшган тармоқ.

Би-би-си: Британиянинг Рединг шаҳрида Нилуфар Исмоилова ташкилотингизга ўзбек фуқароларига берган ёрдами учун миннатдорчилик билдирган ва бу каби ташкилотлар борлигини ўқиб жуда ҳурсанд бўлганини айтган. Унинг саволи қуйидагича: "Сана Сезим" нима билан шуғулланиши ҳақида, ва бу ташкилот билан қандай қилиб боғланиш мумкинлигини оммага тарғибот қиласизларми, масалан интернет, радио ва газета орқали? Ва бундай проектларга ҳомийлик қиладиган халқаро ҳайрия ташкилотлари билан ҳамкорлик қиласизларми?"

Абишева: Ҳа, албатта. Интернетда икки саҳифамиз бор, биринчиси ташкилотлар учун, иккинчиси учун муҳожирлар учун очилган, унинг манзилгоҳи www.migrant-help.org. Биз барча маълумотни ана шу саҳифаларга ёзиб борамиз. Ундан ташқари, биз жуда катта миқёсда, узлуксиз равишда ахборот кампаниясини олиб борамиз. Фаолиятимизни Лондондаги Очиқ Университет Ташкилоти қўллаб-қувватлаган, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Халқаро Муҳожират Ташкилоти ва бошқа ташкилотлар бизга ҳомийлик қилишади. Биз ҳам рус, ва ҳам ўзбек тилларида китобчалар чоп қилаяпмиз, чунки ҳозир кўп ёшларимиз рус тилини билишмайди. Биз бу китобчаларни Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида тарқатамиз. Ходимларимиз ўзбек-қозоқ чегарасида туриб, уларни қўлма-қўл чегарадан ўтаётган одамларга топширишади. Ҳозир муҳожирлар оқими жуда катта, автобус кетидан автобус лиқ тўла келади. Бу китобчаларимизда огоҳлантиришлар, телефон рақамларимиз ёзилган.

Би-би-си: Москвадан Сарвар қуйидагича савол йўллаган: "Бизнинг ўзбекларимизни Қозоғистонда "қул" деб аташлари тўғрими? Кўп ўзбеклар уй хизматкорлари бўлиб, пул керакмас, овқат берса бўлди деб, ҳамма нарсага рози бўлишар экан.

Абишева: Ҳа, бундай ҳолатлар ҳам бор. Ташкилотимизга шундай кишилар мурожаат қилишган ва ҳақоратланганларини айтиб беришган. Лекин одамлар ҳар хил бўлади, уларнинг маданияти даражаси ҳам фарқ қилади. Баъзи ҳолларда одамлар маълум бир миқдордаги маош ваъдаси билан ишлашни бошлашади, лекин маош ўрнига уларга фақат овқат беришган ва бу овқат пули ва турар жой пулини гўёки улар ишлаб топаётган пулдан айириб олишган. Натижада ишчи қўлига ҳеч қандай пул олмаган. Бизнинг ташкилотимиз тез-тез учратади бундай ҳолларни.

Би-би-си: Сарвар сизнинг бу фаолият билан шуғулланишингизга нима мажбур қилгани билан ҳам қизиқибди.

Абишева: Биз 2001 йилда одам савдосини бартараф қилиш бўйича дастурни тадбиқ қила бошлагандик. Ўша пайтда бу мавзу Қозоғистон учун жуда долзарб эди, чунки кўп қозоғистонликлар пул топиш учун хорижга кетишаётганди. Лекин 2005-2006 йилларда бизга нафақат Қозоғистон фуқаролари, балки Қозоғистонга келиб, одам савдоси қурбонларига айланган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам мурожаат қила бошлашди. Биз уларга ҳам ёрдам бера бошладик. Ўзи аслида биз иш бошлаганимизда фақат аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашгандик. Лекин кейин эркаклар ҳам одам савдоси қурбони бўлиб бизга ёрдам сўраб келганларида, биз уларга йўқ деб жавоб бера олмадик ва уларни ҳам ҳимоя қилишга тушдик. Шундай қилиб, фаолиятимиз кенгайиб бораверди ва меҳнат муҳожирларини ҳам ҳимоя қила бошладик. Биз уларни ҳам салоҳият жиҳатидан одам савдоси қурбонлари деб кўрамиз. Уларни Қозоғистонда қонуний рўйхатдан ўтишларига, ҳужжатларни тўлдиришларига ёрдам берамиз.

Би-би-си: Кўп қурбонлар полиция, давлат органлари қўлида ҳам жабр чекканидан шикоят қилишади.

Абишева: Биз полиция билан ҳам иш олиб борамиз, улар баъзиларида ким қурбон ё ким рухсатсиз ишлаётган одамлигини суриштирмасдан, жарима солиб, чегарадан чиқариб юборишлари мумкин. Балки бу одамни алдаб олишган, мажбурлаб ишлатишган, деб савол сўралмаслиги мумкин. Биз полиция ходимлари учун машғулотлар ўтказиб, одам савдоси қурбонларини қандай аниқлаш кераклиги, қандай саволлар сўраш лозимлигини ўргатамиз. Уларни депортация қилиш эмас, балки Қозоғистон ҳудудида жиноий иш очиб, тергов қилишларига ундаймиз.

Би-би-си: Сизнинг ташкилотингиз ўзбекистонлик сиёсий бошпана изловчилар ишлари билан ҳам шуғулланадими?

Абишева: Бу бизнинг ташкилотимиз ваколатига кирмагани учун, биз уларни шерик ташкилотларга йўналтирамиз. Лекин ҳеч қачон ёрдамни аямай, БМТ Қочқинлар Агентлигига юборамиз.

Би-би-си: Умид яна бир савол сўраган: "Сизни энг шокка туширган ишлардан бири қандай бўлган?"

Абишева: Бундай ишлар жуда кўп. Ҳар бир ўзига яраша оғриқли, ва бизнинг ташкилот уларни жуда куюниб қабул қилиб олади. Ҳар бир иш ортидан инсон турибди. Масалан, ҳозир биз бир иш бўйича жиноий иш очилишига муваффақ бўлдик ва у давом этаяпти. Унда бир гуруҳ қизлар, 18, 19 ёшлардаги қизлар жинсий эксплуатацияга мажбурланганлар. Уларни фойда олиш йўлида қандай таҳқирланганларини эшитиш жуда қийин.